muslim.uz
Масжидларда қиш мавсумига тайёргарлик масаласи ўрганилди
Мана, бу йил ҳам кумуш қиш фасли ўлкамизга ташриф буюрди. Бу эса дилларга илиқлик бағишлаш қатори яна бир бор барчамизни ҳушёр ва огоҳ бўлишга чорлайди. Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тайёрланган топшириққа асосан барча вакилликлар томонидан "Масжидларда куз-қиш мавсумларига тайёргарлик кўриш ва ёнғин хавфсизлиги чораларини янада кучайтириш бўйича алоҳида чора-тадбирлар режаси"ни ишлаб чиқилди. Амалий ишлар Фарғона вилояти вакиллиги томонидан ҳам йўлга қўйилди.
Фарғона вилояти ҳудудида фаолият олиб бораётган масжидларда намунали ташкил этилиши ва куз-қиш мавсумларига тайёргарлик ҳолатларини ўрганиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида вилоят бош имом-хатиби Салимжон қори Қодиров жорий йилнинг 1 декабрь санасида Тошлоқ ва Қўштепа туманлари ҳамда Марғилон шаҳарларига ташриф буюрди.
Ташриф асносида масжидлар фаолияти, намозхонларга яратилган шарт-шароитлар, хоналарни иситиш тизимлари, таҳоратхона ҳамда ёнғин хавфсизлиги жиҳозлари ҳолатини ҳам ўрганиб, мутахассис ва ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди. Масъулларга зарурий кўрсатма ва тавсиялар бериб ўтилди.
Шунингдек, вилоят бош имом-хатиби Салимжон қори Қодиров аср намозини Марғилон шаҳридаги «Худоёрҳожи» масжидида адо этиб, масжид жамоа аҳли билан учрашув ўтказган.
Учрашувда кексаларни ҳурмат қилишнинг фазли, динимизда покликка бўлган эътибор мавзуларида сўз бораркан, вилоят бош имом-хатиби томонидан айтилган мавзуга оид ояту ҳадислар ҳамда тарихга оид ибратли мисоллар жамоат аҳлида катта таассурот қолдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Суданда 10-Халқаро Қуръони карим мусобақаси ўтказилади
Судандаги Қуръони карим бўйича халқаро 10-Хартум мусобақаси ҳайъати раиси Шайх Али аз-Зайн Мабрук халқаро мусобақани ўтказиш учун барча тайёргарлик тартиботи якунига етганини маълум қилди.
Мазкур 10-халқаро мусобақа пойтахт Хартумдаги “Риёз” шаҳарчасида 2019 йилнинг 7-12 январь кунлари ўтказилиши ҳамда унда бутун дунёдан 60 га яқин қорилар ва қориялар иштирок этиши маълум қилинган.
Мусобақанинг якунлов маросими 2019 йилнинг 13 январида Хартумдаги “Садоқат” маданият саройида ўтказилади. Унда Судан Республикаси президенти Умар Аҳмад ал-Башир жаноблари иштирок этишиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Триполи муфтийси Доктор Малик аш-Шиъор, Қуръони карим бўйича Европа мусобақаси мудири ва Танзания Қуръони карим мусобақаси мудири Халқаро 10-Хартум Қуръони карим мусобақасида қатнашадиган шарафли меҳмонлардан саналади.
Мусобақада ҳакамлар ҳайъатига Сенегал давлатидан Шайх Муҳаммад ал-Ҳасан Бусу раҳбарлик қилади. Мусобақада иштирокчи қорилар ва қориялар Қуръони каримни тўлиқ ёддан ўқиб бериш ва Қуръони каримнинг 21 пораси тафсирини билиш бўйича рақобатлашади.
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
Покистонда Қуръон энциклопедиясининг тақдимоти бўлиб ўтди
Покистоннинг “Авоми Таҳрик” партияси раҳбари доктор Тоҳир ал-Қодирий томонидан тайёрланган энциклопедия Лаҳурда олим ва мутахассислар иштирокида ташкил этилган йиғилишда тақдим қилинди. Энциклопедия 8 жилддан иборат бўлиб, 5 мингта ёзувни ўз ичига олган. Бу ҳақда Nation интернет нашрига таяниб Islom.uz интернет нашри хабар берди.
“Авоми Таҳрик” партияси вакилларининг айтишича, бу энциклопедия мактаб ўқувчиларига Қуръони карим тўғрисида тўлиқ маълумот беради. Муаллиф уни 50 йил давомида ёзган.
Энциклопедия асосан исломий соҳаларда илмий изланишлар олиб борувчи илоҳиётчилар, ўқитувчилар ва талабларга мўлжалланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Қуръони карим Париждаги кўргазмада намойиш этилди
Хитой Халқ Республикасида нашр қилинган Мусҳафлар ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида ташкил этилган кўргазмада намойиш этилди. Бу ҳақда Иорданиянинг Alghad нашри хабар берди.
Кўргазмада Қуръони каримлардан ташқари, Венада ясалган масжид чироқлари ва рус тилида Марям онамиз мадҳ этилган форс гиламлари намойиш этилган.
ЮНЕСКОнинг ушбу кўргазмаси “Маданий мулоқот кенгаши” номи остида ташкил этилган бўлиб, кўргазма ушбу манзилда 2018 йилнинг 14 декабригача давом этиши маълум қилинган. Экспонатлар Париждаги Араб дунёси институтига кўчирилиши ҳам қайд этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Вақф: моҳияти ва ижтимоий аҳамияти” мавзусида видеосеминар ўтказилди
Бугун, 4 декабрь куни “Вақф: моҳияти ва ижтимоий аҳамияти” мавзусида диний соҳа ходимлари иштирокида видеосеминар ўтказилди. Тадбир аввалида Қуръони карим оятларидан ўқилиб, хайрли дуолар қилинди.
Семинарда “Вақф” тушунчаси, истилоҳий маънолари, вақф мулклари юзага келиши тарихи ва вақф мулкларининг шаръий ҳукмлари ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолиятини тарғиб этиш бўйича маърузалар тингланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ислом динида инсонларни доимо меҳр-мурувватли бўлишга чақирилгани, хайру саховат ёйилган юрт обод бўлиши, қайси жамиятда одамларнинг қўли очиқ бўлса, бундай жамият равнақ топиши, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган “Вақф” фонди олдида ҳам мана шундай мақсадлар турганини таъкидладилар. Муфтий ҳазратлари вақф тушунчасини кенг ёйиш ва Фонд фаолиятини кенг тарғиб этиш борасида диний соҳа ходимлари олдида турган вазифаларни бирма-бир санаб бердилар.
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов сўзга чиқиб, “Вақф” фондининг мазмун-моҳиятини кенг халқ оммасига тўлиқроқ тушунтириш, Фонднинг ривож топишига барча ўз ҳиссасини қўшиши, инфокиоскалар фаолиятини кенгайтириш ва мўътабар манбаларда келтирилган вақф бобидаги масалаларни баён қилишга катта эътибор қаратиш зарурлигини алоҳида қайд этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари чамаси 100 йил аввал диёримизда вақф мулклари амалда бўлгани, ота-боболаримиз бундай мулкларни тасарруф этишгани, бугунги кунда ушбу қадрият яна қайта тиклангани, бу борада халқимизга оддий шаклда маълумотлар тарқатиш зарурлигини таклиф этди. Фатво бўлими мудири Х.Ишматбеков Ислом динида вақфга оид ҳукмларни баён қилди. “Вақф” фонди раҳбари Искандар Халилов ўтган давр мобайнида қилинган хайрия ишлари ва келгусидаги режалар ҳақида гапирди. Тошкент шаҳри Юнусобод тумани бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов вақф атамасининг мазмун-моҳиятини кенгроқ тушуниш кераклиги ва Фонднинг имкониятларини тўла ишга солиш зарурлигини билдирди.
Семинарда Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир Элов, Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов, Мир Араб олий мадрасаси ректори Ҳайдархон Юлдашходжаев, Тошкент шаҳридаги “Бурҳониддин Марғилоний” жоме масжиди имом-хатиби Абдулхамид Турсунов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Семинар якунида “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолияти, бугунги кунгача амалга оширилган хайрия ишлари, тадбирлар ва лойиҳаларнинг амалий ифодаси акс эттирилган видеоролик намойиш этилди.
Ўқилган маърузалар ҳақида сайтимизда маълумот бериб борамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати