muslim.uz
Ислом аёлга раҳм қилди...
Албатта, Ислом аёлга раҳм қилди: ҳайз ва нифоз пайтида унга раҳм қилиб, ундан намоз ва рўзани соқит қилди. Чунки, ҳайз ва нифос пайтида аёл киши бошидан қийинчиликларни ўтказади. Ваҳоланки, намоз эркаклардан ҳеч қачон соқит бўлмайди. Фақат сафар чоғида эркакларга рўза тутмасликка рухсат берилган.
Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун ундан нафақани соқит қилди. Аёл боласига ҳам, ота-онасига ҳам, эрига ҳам нафақа қилмайди. Ҳатто ўзига ҳам нафақа қилмайди. Унинг нафақаси эрига лозимдир.
Ислом аёлга раҳм қилди, аёл эрининг хизмати ва уй ишлари билан машғул бўлганлиги учун ундан жумъа намозига ва жамоат намозларига боришни соқит қилди.
Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун хилвати саҳиҳанинг ўзи биланоқ эрининг унга маҳр беришини вожиб қилди. Агар хилвати саҳиҳа бўлмаган бўлса, эрига аёлга маҳрнинг ярминини беришни вожиб қилди.
Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун аёлнинг никоҳи боғланиши биланоқ эри вафот этса, унга эридан мерос олиш ҳуқуқини берди.
Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун унинг ҳаққини эътироф этиб, “Онангга, онангга, онангга, сўнгра отангга” деди.
Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун унинг заифлигини эътиборга олиб, бу ҳодисаларни кўрганда бўладиган туйғуларининг риоясини қилиб, ундан қон тўкилиши, жиноятлар масаласида гувоҳлик беришни соқит қилди.
Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун аёлнинг чиройини муҳофаза қилиш мақсадида унга ҳаж амалларини бажариб бўлгандан кейин сочини (олдирмасдан) қисқартиришга рухсат берди ва бу ишини соч олдиришнинг ажрига тенг қилиб қўйди.
Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун унинг ҳолининг риояси ва идда муддати узайиб кетмаслиги учун у ҳайз кўриб турган пайтида уни талоқ қилишни эрига ҳаром қилди.
Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун унинг зиммасида нафақа мажбурияти бўлмаса ҳам, унга эридан, ака-укаларидан, фарзандларидан, ота-онасидан мерос олиш ҳуқуқини берди.
Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун эрига унга маҳр беришни вожиб қилиб, ўша маҳрдан унинг розилигисиз олишни эрига ҳаром қилди.
Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун унинг никоҳи валий ва гувоҳларсиз бўлишини таъқиқлади. Токи у ўзининг обрўси, фарзандларининг насаби борасида туҳматга қолмасин.
Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун уни зинода айблаган, аммо гувоҳ келтиролмаган кимсага саксон дарра уриш, урилгандан кейин ўша кимсани жамият орасида ишончсиз киши деб эълон қилиш ва гувоҳлиги ҳеч қачон қабул қилинмаслик жазосини тайинлади.
Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун унинг обрўсини, иффатини сақлайман, уни муҳофаза қиламан деб, шу йўлда ўлдирилган кишига шаҳид ҳукми берди.
Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун унинг кафанини эркак кафанидан кўп қилди. Шундай қилиб аёл киши бешта нарса ила кафанланади. Эркак киши эса учта нарса ила кафанланади.
Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун эри унга эрлик қилолмаса, зулм қилса, яна камига уни талоқ қилишдан бош тортса, аёлга ўзини ўзи хулуъ қилишга рухсат берди.
Ислом аёлга раҳм қилди, унинг ортида турганлардан жасади, авратлари сатрда бўлиши, ортидан эркаклар назар солмаслиги учун намоздаги сафда имомдан, эркаклардан узоқ турадиган қилиб қўйди.
Ҳоний Али Абдулазиз Абул Алонинг
“Исломда аёлнинг ўрни” мақоласидан таржима қилинди
Муҳиббуллоҳ Худойбердиев,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тўрақўрғон туманидаги вакили, Тўрақўрғон тумани “Қўчқор ота” жомеъ масжиди имом хатиби
БААдаги фестивалда Ўзбекистон ҳам иштирок этмоқда
2009 йилдан буён Бирлашган Араб Амирликларида ўтказиб келинаётган, мамлакат асосчиси Шайх Зайид номидаги Абу Даби маданий мерослар фестивалида илк бор тақдим этиладиган Ўзбекистон павильони энг катта композиция бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда "Тuron24" маълум қилди.
Фестивал доирасидаги Ўзбекистон павильони улкан Регистон майдони шаклида қурилиб, ён атрофидаги ҳужраларда ҳунармандчилик, нақш ўймакорлиги, гиламдўзлик, сўзана тикиш санъати каби ўзбек миллий маданий мерослари экспозициялари ва амалий санъат яралишини намойиш қилувчи миниатюра асарлари ўрин эгаллайди. Ўзбек миллий маданий павильони марказида эса катта қозонда 10 минг кишилик ош пиширилиши кўзда тутилган. Фестивал меҳмонлари ўзбек миллий рақслари лазги,тановар ва муножот, мақом ва бахшилар куйлари, доирачи ва дуторчилар санъатидан баҳраманд бўлишлари мумкин. Миллий ҳунармандлар ва ошпазлар томонидан мастер класслар ташкил этилиб, ўзбек миллий либослари кўргазмаси бўлиб ўтади. Шунингдек, фестивал давомида ташриф буюрувчилар ва нуфузли меҳмонлар учун “Ўзбегим” ва “Мақом” китоб албомларининг расмий тақдимот маросими ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 2 декабрида бошланган Абу Даби фестивали амирликларни бирлаштирган Шайх Зайид номи билан аталади. Ҳар йили БААнинг асос солинган куни арафасида бўлиб ўтадиган фестивалдан кўзланган мақсад – турли миллат маданий меросларини бир бирига ва дунёга танитиш учун кўприк сифатида хизмат қилишдир. Нуфузли миллий маданий ва замонавий санъат фестивалига ўтган йили қарийб ярим миллион одам ташриф буюрган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ҳажга навбатда турган ўзбекистонлик қамоқдан чиққан йигитнинг ўқишига 22 миллион ажратди
Бугунги кунда мамлакатимиз раҳбарининг кечиримлилик сиёсати натижаси ўлароқ турли диний экстремистик оқимларга адашиб кириб қолган ва ҳозирда ўз айбини тушуниб етган ҳолда Президентимиз авфи билан оиласи бағрига қайтарилган фуқароларни ижтимоий мослашуви масаласи муҳим омилга айланди. Уларни жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишда барча мутасаддилар ўз кўмагини кўрсатмоқда. Бироқ бир неча йилдан буён Ҳаж зиёратини адо этиш учун навбатда турган фуқароларнинг кўмакка мухтож кишилар тақдирига қараб турмай ёрдам беришлари таҳсинга сазовор. Шундай кўмак 7 йил озодликдан маҳрум этилган Шерзодбекка кўрсатилди.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетидаги ўқишидан ажралган, бир касбнинг бошини ҳам тута олмаган талаба, адашиб диний оқимларга қўшилиб қолган. Ўзбекистоннинг нуфузли университетида таҳсил олган ва кейинчалик озодликдан маҳрум этилган Шерзодбек Тошкент шаҳар ҳокимлигининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўлими тавсияси ва ёрдами билан ўқиши тикланди.
ЎзА нашрининг маълум қилишича, унинг 22 миллион сўм миқдоридаги шартнома пулини Ҳаж сафарига бир неча йиллардан буён навбат кутаётган кекса ёшли фуқароларимиздан бири тўлаб берди. Натижада Шерзод ўз севган йўналишида ўқишини тиклашга эришди. Унда эртанги кунига умид пайдо бўлди. У ҳозирда таҳсилни давом эттириб, келажак учун режалар тузмоқда.
Бундан ташқари, Даврон ака ҳам салкам 19 йил панжара ортида ўтириб, озодликка чиқди. Қамалган вақтида эндигина атак-чечак қилиб юра бошлаган фарзандлари бугун оила қурай демоқда. Ўғилни уйлаш, қизни узатиш керак. Аммо, Даврон аканинг ҳам на ҳунари ва пули бор. Устига устак озодликдан маҳрум бўлган даврида соғлиғи бўйича ҳам муаммолар орттирган эди. Аммо юртимизда яхши одамлар кўп экан Ҳаж зиёрати орзусида бўлган ёши улуғ фуқароларимиздан бири ёрдам унга қўлини чўзди. Даврон касалхонада ётиб даволанди, ҳайдовчилик курсларида ўқиди. Эндиликда кўзида жарроҳлик операцияларини ўтказилиши кутилмоқда.
Жазо муддатларини ўтаб қайтган биргина фуқарони ҳам ҳунарли, ишли бўлиши, соғлиғини тикланиши жамиятимиз учун катта фойда. Айниқса, адашиб бизга бегона бўлган ғоялар таьсирига тушиб қолган фуқароларни яна жамиятга қайтишга ёрдам бериш уларни четлатиб қўймаслик жуда муҳим. Президентимиз айнан шундай манфур ғоялар таъсирида жамиятимиздан узоқлашган кимсаларни орамизга қайтариб, уларга тўғри йўлни кўрсатиб, ҳаётда ўз ўрнини топишга ёрдам кўрсатган фуқароларимиз биринчилардан бўлиб, Ҳаж зиёратига боришга лойиқ эканлигини таъкидлаган эдилар.
Бугун бу усул самара бермоқда. Ҳаж зиёрати орзусида навбат кутаётган фуқароларимиз кўпгина ноиложликда қолган ҳамюртларимизга ёрдам қилмоқда. Жамиятда на иши, на ҳунари ва на пули бўлган норози фуқароларнинг кўпайиши яна жиддийроқ муаммоларни келтириб чиқариши аниқ. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар мажмуаси томонидан олиб борилаётган ишлар эса росмана ижобий натижа бермоқда. Ёрдам қилганлар ҳам, ундан фойда кўрганлар ҳам миннатдор.
Имкон бўлса узоқ муддат қамоқ жазосини ўтаб қайтган фуқароларнинг ҳар бирига шундай ёрдам кўрсатилиши ва уларнинг ўз ҳаёт йўлини тиклашга кўмак бўлиш керак.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида сиёсий маслаҳатлашув ўтказилади
Бугун, 3 декабрь куни Риёз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида учрашув ўтказилмоқда. Икки мамлакат вазирликлари ўртасида Ўзбекистон - Саудия Арабистони сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги раундига старт берилган.
ТИВ Матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов бошчилигидаги делегация қатор учрашувлар ва музокаралар ўтказиши кутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Доғистонга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг авлодлари вакили келди
Россия Федерацияси таркибидаги Доғистон Республикасига Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг авлоди бўлган Муҳаммад ас Сакаф ташриф буюрган.
islam-today нашрининг маълум қилишича, Махачқалъа шаҳри аэропортида юқори мартабали меҳмонни кутиб олиш учун Республика муфтияти вакиллари ҳозир бўлишган. Жаноб Ас Сакафнинг айтишича, у узоқ вақтлардан буён Доғистонга мусулмон биродарлар билан учрашиш учун келмоқчи бўлган.
Маълумотларга кўра, Муҳаммад ас Сакаф Доғистондаги бир қанча диний-маърифий тадбирларда иштирок этади. 30 ноябрь куни мартабали меҳмон Махачқалъа Марказий жоме масжидида жума намозида ўз маърузаси билан билан иштирок этган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати