muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси президенти “Қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг айрим тоифалари учун арзон уй-жойлар қуришни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолагани хабар берилганди.

Ҳужжатда қайд этилишича, 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойларни қуриш Дастур ижро қилинишини ўрганиш якунлари қишлоқ жойларда арзон уй-жойларга талаб юқори эканлигини кўрсатди, янгича ёндашувларни ишлаб чиқишни тақозо этадиган уй-жойлар қурилишини ташкил этиш ва муҳтож оилаларни арзон уйлар билан таъминлаш бўйича бир қатор жиддий камчиликлар аниқланди:

биринчидан, намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қурилиши учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасига кирадиган ер участкаларидан фойдаланиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Хусусан, жорий йилда мазкур мақсадлар учун туман ҳокимликлари томонидан ажратилган 1065 гектар ернинг 60 гектарга яқини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасига киради;

иккинчидан, қурилаётган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойларнинг нархини мақбуллаштириш ҳамда энергия самарадор ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг арзон қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда меъморий ва техник ечимларни қўллаш етарли даражада таъминланмаяпти;

учинчидан, муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қурилишида ўзаро уйғунлик таъминланмаётгани натижасида республика бюджети, мақсадли жамғармалар ва ижрочилар маблағлари ортиқча сарф қилинмоқда;

тўртинчидан, намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуришда шаҳарсозлик норма ва қоидалари талабларини бузиш, қурилиш-монтаж ишларини сифатсиз бажариш, лойиҳадан четга чиқиш ҳолатлари мавжуд.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Наманган шаҳридаги “Шодиёна” тантаналар мажмуасида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан республикамизда илк маротаба “Никоҳ тўйлари” акцияси ўтказилди.
Дастлаб меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини никоҳ ва хатна тўйларини ўтказиб бериш бўйича "Никоҳ тўйлари" номли акция эълон қилинди.
“Никоҳ тўйлари” акциясини ўтказиш юзасидан Наманган шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда никоҳ ва хатна тўйи ўтказиладиган фуқаролар рўйхати тузилди.
Тўйнинг янада файзли бўлиши, ёшларга эзгу тилаклар тиласин дея “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда меҳнат фахрийлари – нуронийлар, ҳожи оталар, ҳожи оналар тўйга таклиф этилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди ўтказаётган ҳар бир акцияни тарғиб қилиш учун мавзуга мос ояти карималар ва ибратли сўзлар ёзилган баннерлар тайёрлаб, тўйхонага жойлаштирилди. Юқоридагиларни ифода этувчи буклетлар тайёрланиб, тадбир иштирокчиларига тарқатилди. Тантаналар мажмуаси атрофи ва бино ичи байрамона безатилди.
Наманган вилоят Маданият бошқармаси ва санъат коллежидан миллий либос кийган ўқувчи қизлар ва санъаткорлар таклиф қилинди.
Тайёргарлик ишлари ниғоясига етганидан сўнг 2 жуфт келин-куёвнинг никоҳи ҳамда эҳтиёжманд оилаларнинг 12 нафар фарзанди учун хатна тўйлари ўтказилди.
Хайрли тадбирда келин-куёвларга ва тўйболаларга қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Наманган шаҳар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими мудираси турмуш қурган бахтиёр ёшларнинг никоҳини қайд этиб, бахтли оила вакилларини қутлади.
Тўкин дастурхон атрофида никоҳ ва суннат тўйлари байрамона руҳда нишонланди. Истеъдодли ҳофиз ва хонандалар ижросида дилрабо куй-қўшиқлар янгради. Нуфузли минбарларда эътироф этилган бахтли мамлакатнинг бахтиёр инсонлари Ўзбекистондаги фаровон ҳаёт учун шукроналар айтиб, авваламбор муҳтарам Президентимизга, ушбу хайрли ишга улкан ҳисса қўшаётган саховатпеша инсонларга миннатдорлик изҳор қилдилар.
Тадбирга ҳудудлардан ташриф буюрган нуронийлар ўтказилаётган никоҳ ва суннат тўйларини завқу шавқ билан эътироф этдилар. Норинлик нуроний Тўламирза Раҳмоншаев: “Авваллари бундай хайрия тўйлари байрамларга хос ўтказилар эди. Мен бугун “Вақф” фонди ноанъанавий тарзда ўтказаётган тўйни кўриб сурурга тўлиб кетдим”, дедилар.
Норин туманидан ташриф буюрган кўп йиллар ёшларга таълим-тарбия бериб келган ўқитувчи-устоз Муҳаммадхон Бадриддинов ҳам “Хатна тўйи бўлаётган жажжи болажонларнинг ўйин-кулгиси, айниқса, берилган совғаларга қувониб, тўйхонани ҳатто, ўйингоҳ қилиб ўйнашлари менга ўзгача таъсир қилди” деди.
Никоҳ тўйи бўлаётган Аъзамжон Отабаев кўрсатилган эҳтиром учун муҳтарам Юртбошимизга ўз миннатдорчилигини изҳор қилди.
Иккинчи куёв – Нозимжон Тўхтабоев: “Бугунги тантана бизнинг оиламиз қалбида ўчмас нур бўлади”, деб муҳтарам Президентимизга ва тадбир ташкилотчиларга ўз миннатдорлигини билдирди.
Набирасининг хатна тўйига ташриф буюрган онахон тўйларни бунчалик улуғвор руҳда ўтади деб тасаввур қилмагани, тўйдаги болажонларнинг бахт-саодатига қилинган тилаклар кўнглини сурурга тўлдирганини айтиб ўтди. Айниқса, сухандон болажонларнинг ҳар бирига ўзининг исмига мос шеърлар ўқиганида кўзларида севинч ёшлари балқиди.


“Вақф” фонди матбуот хизмати

Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилган:

وَلَوْلَا دَفْعُ اللَّهِ النَّاسَ بَعْضَهُمْ بِبَعْضٍ لَفَسَدَتِ الْأَرْضُ وَلَكِنَّ اللَّهَ ذُو فَضْلٍ عَلَى الْعَالَمِينَ

яъни:Агар Аллоҳ одамларнинг бирини иккинчиси билан даф этиб турмас экан, шубҳасиз, Ер фасодга (бузғунчилик ва харобага) айланган бўлур эди, лекин Аллоҳ (барча) оламларга (нисбатан) фазл эгасидир(Бақара сураси, 251-оят).

Муфассир уламолар ушбу оятни тафсир қилар эканлар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадисларни келтирадилар. Ибн Жарир Табарий раҳимаҳуллоҳ Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إن الله ليدفع بالمسلم الصالح عن مائة أهل بيت من جيرانه البلاء‏

яъни: “Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло солиҳ мусулмон кишининг шарофатидан унинг юзта қўшнисини турли бало ва офатлардан асраб туради”. Жобир ибн Абудуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

إن الله ليصلح بصلاح الرجل المسلم ولده وولد ولده وأهل دويرته ودويرات حوله،

 ولا يزالون في حفظ الله ما دام فيهم

яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло солиҳ мусулмон кишининг шарофати ила унинг боласини, боласининг боласини, оила аҳлини, атрофидаги хонадонларнинг аҳлини саломат сақлайди. Модомики, у уларнинг орасида экан Аллоҳнинг ҳифзу ҳимоясида бўладилар”, деганлар.   

Ибн Абу Ҳотим ва Байҳақий “Шуабул Имон” китобида Агар Аллоҳ одамларнинг бирини иккинчиси билан даф этиб турмас экан...” оятининг тафсирини Ибн Аббос разияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таоло намоз ўқийдиган кишининг шарофати билан намоз ўқимайдиганни, ҳаж қилганнинг шарофати балан ҳаж қилмаганни, закот берганнинг шарофати билан закот бермайдиганни турли бало ва офатлардан сақлаб туради”, деб тафсир қилганларини ривоят қилишган. Шунингдек, Ибн Жарир ва Абд ибн Ҳумайд раҳимаҳумаллоҳ Мужоҳид роҳимаҳуллоҳдан: Агар Аллоҳ одамларнинг бирини иккинчиси билан даф этиб турмас экан...” оятини: “Агар Аллоҳ яхши инсоннинг шарофати билан ёмон инсондан, одамларнинг ахлоқига қараб бирини бошқаси сабабидан даф этиб турмаса, ер юзи аҳолисининг ҳалокати туфайли Ер юзи харобага айланган бўлур эди”, деб тафсир қилганини ривоят қилганлар.

Абд ибн Ҳумайд раҳимаҳуллоҳ Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилади, у киши: Агар Аллоҳ одамларнинг бирини иккинчиси билан даф этиб турмас экан...” оятига: “Аллоҳ таоло мўминга кофир туфайли бало юборади, кофирни мўмин туфайли балолардан асрайди”, деб маъно берган.

Ал-Халлол “Кароматул авлиё” китобида Алий ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан: “Албатта, Аллоҳ таоло бир қишлоқни унда яшайдиган еттита мўмин туфайли балолардан асрайди”, деганларини ривоят қилган. Шунингдек, Иброҳим ан-Нахаъийдан: “Ҳеч бир шаҳар ёки қишлоқ йўқки, албатта, унда Аллоҳ таоло улар туфайли балоларни даф этиб турадиган кишилар бўлади”, деганларини ривоят қилган.

Ибн Абид Дунё “Китабул авлиё”да Абуз Заноддан ривоят қиладилар, у киши шундай деганлар: “Пайғамбарлар Ернинг устунлари (тутқичи) эдилар. Улар кетгач Аллоҳ таоло уларнинг ўрнига Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматидан қирқ кишини ўринбосар қилиб қўйди. Уларни “Абдоллар” деб аталади. Улардан бири вафот этса, Аллоҳ унинг ўрнига бошқасини пайдо қилади. Ана улар Ернинг устунларидир. Улардан ўттизтасининг қалби Иброҳим алайҳиссаломнинг яқиний имонига баробардир. Улар бу фазилатга намозларининг кўплиги ёки рўзаларининг кўплиги билан эришмадилар. Балки, тақво, яхши ният, саломат қалб ва барча мусулмонларга насиҳат қилиш билан етишганлар”.

 

ЎМИ фатво бўлими мудири

Ҳ.Ишматбеков

 

 

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг зуҳдлари дунёнинг фонийлигини, унинг тезда ўтиб кетишини, озуқаси озлигини ва умрининг қисқалигини билган кишининг зуҳди эди.

Охиратнинг боқийлигини, Аллоҳ таоло унда валийларига доимий неъматларини тайёрлаб қўйганлигини, буюк ажр борлиги ва унда абадий қолиш борлигини билган кишининг зуҳди эди.

Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга дунёдан фойдаланиш кенг қилиб қўйилган бўлсада, мабодо тоғларни тилло ва кумуш бўлишини хоҳлаганларида, улар тилло ва кумуш бўлиши мумкин бўлсада, дунёдан нафас тўхтаб қолмаслиги учун етарли бўлган, ташвишу оғирликларни кетказадиган миқдордан бошқасини рад этдилар, зуҳд ва камсуқумликни афзал кўрдилар

У зот гоҳида оч юрар, ойлаб уйларида қозон осилмас, баъзи кунлар давомида очликни қондирадиган даражада хурмо ҳам топилмай, оч юрар эдилар.

У зот ҳеч бир вақт кетма-кет уч кунгача арпанинг унидан бўлган нондан қорнилари тўймаган. Кўпинча сутнинг ўзи билан кифояланар, токи Аллоҳга йўлиққунларича бир кун тўқ ва бир кун оч бўлар эдилар.

У зот бўйранинг устида ётар эдилар ва ёнбошларида бўйранинг изи қолар эди. Очликдан қорниларига тош боғлаб олар ва кўпинча саҳобалар у зотнинг юзларидан очликларини билиб олишар эдилар.

У зотнинг уйлари лойдан, ичи тор ва шифти паст эди. Бир куни совутларини гаровга қўйиб, бир яҳудийдан ўттиз соъ арпа олиб турдилар. Кўпинча кўйлак ва изор билан кифояланар эдилар. Ҳеч бир вақт таомни пешхон (овқатланиш столи)да емаганлар. Кўпинча саҳобалар Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга таом юборар эдилар. Буларнинг барчаси нафсларини дунё кирларидан асраш, динини ҳимоя қилиш ва Роббисининг ҳузуридаги ажрнинг комил бўлиб қолишлиги ҳамда Мавлосининг “Ва тезда Роббинг сенга ато қиладир ва сен рози бўлурсан” (Зуҳо сураси 5-оят) деган ваъдаси у зотга рўёбга чиқиши учун эди.

У зот молларни шу қадар тақсимлаб берар эдиларки, ҳатто ўзларига бир дирҳам қолмас эди. Туя, мол ва қўйларни саҳобалар ва бошқаларга шу даражада бўлиб берар эдиларки, ўзларида на туя, на мол ва на қўй қолар эди. Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар менда Тиҳома чуқурларининг дарахтлари мислича мол дунёим бўлганида уни тақсимлаб берар эдим. Сўнг сизлар мени бахил, ёлғончи ва қўрқоқ, иродасиз деб билмасдиларингиз”.

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам қаср бино қилмадилар, мол-дунё йиғмадилар, у зотнинг хазиналари ҳам, меваси ейиладиган боғлари ҳам бўлмаган. У зот ўзларидан сўнг боғ ва экинзор ҳам қолдирмадилар. У зот дедилар: “Биз мерос қолдирмаймиз, бизнинг қолдирган нарсамиз садақадир”. (Бухорий ривояти 3093-ҳадис). У зот доимо сўзлари ва амаллари билан мусулмонларни дунёда зуҳдга ҳамда охиратга тайёрланиш ва бунинг учун амал қилишга даъват этар эдилар.

У зотга подшоҳлик билан бирга расул бўлиш ёки оддий инсон бўлиб расул бўлиш ихтиёри берилганда, у зот оддий инсон бўлиб расул бўлишни ихтиёр қилганлар.

У зот алайҳиссаломнинг дунёдаги зуҳдларининг яна бир кўриниши, ул зоти бобаракотнинг сахийликларидир. Ҳеч қачон сўровчини қайтармас ва тўсмас эдилар. Дунё Аллоҳ таолонинг наздида чивиннинг қанотичалик арзимас ва баробар эмас, деганлар. Ҳадисда: “Дунёда ғариб ёки бир онлик ўтиб кетувчи каби бўл”, деганлар. (Бухорий ривояти 6416-ҳадис)

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳд борасида яна шундай марҳамат қилганлар: "Дунёда зоҳид бўл, Аллоҳ сени яхши кўради. Инсонлар ҳузурида зоҳид бўл, инсонлар сени яхши кўришади".

                                                                       

 

Манбалар асосида Юнусобод тумани

“Кулол-Қўрғон” жомеъ масжиди имом-хатиби

Абдураҳмонов Яҳё тайёрлади

Top