muslim.uz

muslim.uz

Қуйида келтириладиган фикрлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.

*****

Гапиришдан кўра кўпроқ эшитишимиз учун Аллоҳ таоло бизга иккита қулоқ ва битта тил берди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Китоб – жонсиз қоғозлар йиғиндиси эмас. Балки у саҳифаларда яшайдиган ақллардир.

*****

Ҳадялар фақат беришдан иборат эмас. Балки бермасликдан ҳам иборат бўлади. Одамларнинг сирларини беркитиш, уни бировга айтмаслик, тилни тийиб, у билан бошқаларга озор бермаслик ҳам ҳадядир. Ҳадя бўлганда ҳам энг қимматбаҳо ҳадялардандир. 

*****

Одамлар кенгчилик пайтида бир хилдирлар. Машаққатли лаҳзаларда уларнинг асл табиатлари намоён бўлади.

Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ

*****

Агар сени яхши кўрадиган оиланг, бир нечта вафодор дўстларинг, дастурхонда таоминг, бошинг тепасида шифтинг бўлса, сен ўзинг тасаввур қилганингдан ҳам бойроқ экансан.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

  • Йигит кексаяди.
  • Енгилтак ўспирин вақт ўтиши билан босилиб қолади.
  • Жоҳил ўқиб-ўрганади.
  • Бемор тузалади.
  • Лекин аҳмоқнинг аҳмоқлиги давом этаверади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Агар ўзингни билмаганга олишни ўргансанг, ҳаётдаги муаммоларнинг ярмини енгиб ўтибсан.

Нажиб Маҳфуз

*****

Агар инсонни яхши кўрган нарсасидан маҳрум қилиб, ёқтирмаган нарсасига мажбур қилинса, ўша инсоннинг асл табиати, ҳақиқати зоҳир бўлади.

Доктор Мустафо Маҳмуд

*****

Одамларнинг ақли етукроғи ва дили покроғи инсонларга, уларнинг ақлларининг риоясини қилиб гапирувчи кишидир.

Абу Али ибн Сино

*****

Одамлар бахтсизлигининг ярми ўзларида бўлмаган нарсани бор қилиб кўрсатишга уринишларидан келиб чиқади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

  • Муваффақият тўғри қарорлардан келиб чиқади.
  • Тўғри қарорлар тажриба, малакадан келиб чиқади.
  • Тажриба, малака эса муваффақиятсиз уриниш, муваффақиятсиз тажрибалардан келиб чиқади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Баландроқ бино қуриш учун унинг пойдеворини чуқурроқ кавлашинг керак.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

  Баъзида сенга нисбатан ҳасад насиҳат кўринишида келади.

 

*****

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

 Нозимжон Иминжонов

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Тошкент вилояти Бўка туманида тадбир ташкил этилди. Унда имконияти чекланган фуқароларимизнинг кўнглини олиш, юзларига табассум улашиш мақсадида Бўка тумани ҳокимлиги, туман прокуратураси ҳамда бошқа мутасадди ташкилотларнинг совға-саломлари улашилди.

Бўка туманида фаолият олиб бораётган имом-хатиблар томонидан “Баҳор” ресторанида меҳмонлар учун байрамона дастурхон тайёрланди.

Ташриф буюрганлар уларга кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрликдан мамнун эканликлари, байрамона тадбир уларда жуда яхши таассуротлар қолдирганлигини таъкидладилар ва бу тадбирни уюштиришда хизмат қилган барча мутасаддиларга ўз миннатдорчиликларини изҳор этдилар.

 

Гап шундаки, бу рўйхат Россия Федерациясидаги жазони ижро этиш муассасалари маҳкумлари учун тузилган янги исломий адабиётлар рўйхати ҳисобланади. Татаристоннинг Булғор шаҳрида Россия Жазони ижро этиш федерал хизмати (ЖИФХ) қошида марказлашган мусулмон ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича ишчи гуруҳининг йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда жазони ижро этиш тизими муассасалари кутубхоналари фондини тўлдириш учун исломий адабиёт рўйхати тасдиқланди. Тасдиқланган китоблар рўйхатидан Қуръони каримнинг маънолари таржималари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт фаолиятлари, аҳли суннатнинг мазҳаблари, ислом фиқҳи каби исломий адабиётлар ўрин олган. Шунингдек, рўйхатдан мумтоз ва замонавий ёзувчиларнинг машҳур диний-маърифий асарлари, диний қарашлари замонавий талқинда акс эттирилган бадиий адабиётлар ҳам жой олган.

Маълум бўлишича, ишчи гуруҳи томонидан адабиётлар рўйхати уч қисмга бўлинган. Биринчи қисмга тегишли китоблар жазони ижро этиш муассасасининг ибодат қиладиган хонасида туради. Иккинчи қисмга тегишли китоблар эса муассасанинг кутубхонаси фондида туради ва маҳбуслар уларни буюртма бериш орқали олиб ўқишлари мумкин. Учинчи қисмга тегишли бўлган махсус китобларни имом-домлалар ўзлари билан муассасага олиб келадилар. Адабиётлар рўйхатига жами 150 та янги китоб киритилган бўлиб, шу тариқа маҳбусларга диний мавзуда қизиқарли ҳар қандай адабиётдан кенг фойдаланиш имконияти яратилмоқда.

Ўтган давр мобайнида “Ал-Васатия – мувозанат” маркази томонидан РФ жазони ижро этиш муассасалари учун кўплаб исломий адабиётлар тайёрланиб, етказиб берилган. Жумладан, 42 та мусулмон муаллифларининг асарлари катта ададларда нашр этилиб ЖИМга бепул тарқатилган.

Муҳим жиҳати шундан иборатки, Россия Федерацияси жазони ижро этиш муассасаларида туриши зарур бўлган китоблар қаторидан, айнан мана шу “Ал-Васатия – мувозанат” маркази тавсиясига кўра, марҳум устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг учта китоблари ҳам ўрин олган. Булар “Васатыя – путь жизни”, “Ислам, Иман, Коран” ва “Разногласия: причины и решения” китобларидир. Бу китоблар жазони ижро этиш муассасидаги ибодат қилиш хоналарида туриши керак бўлган биринчи қисм китоблар рўйхатига киритилди. Бу рўйхатдан жами 24 та китоб ўрин олган.

Шунингдек, Марказ томонидан Шайх ҳазратнинг «Открытое послание», «Религия – насиха», «Хадисы и жизнь, 1 том», «Счастливая семья» номли китоблари ҳам жазони ижро этиш муассасалари кутубхонаси фондларида сақланишига тавсия қилинган. “Ал-Васатия – мувозанат” марказининг кўрсатмасига биноан, бу китоблар барчага тушунарли, равон тилда ёзилган бўлиб, имом-домлаларнинг изоҳлаб беришларига ҳожат йўқ.

IslamNews хабарига кўра, ушбу федерал хизмат қошидаги ишчи гуруҳ озодликдан маҳрум этиш жойларида ўтказиладиган диний-маърифий тадбирларнинг мониторингини олиб бориш, қамоқхоналардаги имомларнинг фаолиятига кўмаклашиш, муассаса ходимларининг малакасини оширишда иштирок этишади. Ишчи гуруҳ доимий асосда иш олиб бориб ҳар чоракда ҳисоботлар тақдим этиб турилади. Тингловчиларни ислом тарихи, мусулмон маданияти ва ислом ахлоқи билан таништиришади.

 

Islоm.uz портали таҳририяти

Кеча, 1 декабрь куни “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан “Мурувват карвони” номли хайрия тадбири Жиззах вилоятида ўтказилди. Хайрия тадбири доирасидаги 100 нафар кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, 20 нафар жисмоний имконияти чекланган шахсларга ногиронлик аравачалари берилди. Икки нафар ёрдамга мухтож оилаларнинг уйларини таъмирлаш ишларига маблағлар ажратилди.

Шу куннинг ўзида Фонд томонидан шаҳар ва туман бош имом-хатиблари орқали вилоятидаги 171 та жоме масжидга тўртта номдаги диний-маърифий китоблар берилди.

Шунингдек, тадбир сўнгида ҳомийлар томонидан тадбирда иштирок этган ёрдамга муҳтож оилалар ва ногиронлиги бор шахсларга Жиззах шаҳаридаги “Шохсарой” тантаналар мажмуасида хайрия дастурхони ёзилди.

“Вақф” фонди хайру эҳсонларингизни ўз эгаларига етказишда очиқлик ва холисликни кафолатлайди. Маблағларни шаффофлик асосида ҳақдорларга етказилаётганини vaqf.uz сайти орқали кузатиб боринг!

 

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Бир тўрғай бир филнинг йўли устида ўзига уя қуриб, тухум босди. Фил шу сўқмоқдан сув ичишга борар экан. Фил сув ичишга кетаётганида уяни топтаб, тухумни эзиб ўтиб кетди. Тўрғай бу бадбахтликни кўриб дарҳол, бу филнинг иши эканини англади. Учиб бориб филнинг бошига қўнди ва деди:
– Шоҳим! Сен нима учун тухумларимни пачоқлаб, болаларимни ҳалок этдинг? Ўзингга нисбатан мени заиф, кучсиз ва нотавон деб санаганинг учун шундай қилдингми?
– Ҳа ёлғиз шунинг учун, – деди фил.
Тўрғай буни эшитгач учиб қушлар ёнига борди ва бошига тушган фалокатни айтиб берди.
Қушлар:
– Биз филни нима ҳам қила олардик? Биз кучсиз паррандалармиз? – дедилар.
Тўрғай уларга деди:
– Илтимос қиламан, сиз мен билан бориб филнинг кўзини чўқиб кўр қилинг. Унинг бошига мен ҳам шўриш солишни биламан.
Улар рози бўлдилар. Тўрғай билан учиб бориб, филнинг кўзини ўйиб-ўйиб ташладилар. Шундан кейин фил на сув ичиш, на бир овқат топиб ейишнинг иложини қила олди. Турган жойида нима топса, шу билан кифояланиб кун кечирадиган бўлди. Тўрғай буни кўргач аламига чидолмай, ҳовуз ёқасига келиб қурбақаларга фил устидан шикоят қилди.
Улар:
– Биз кучли филга қарши нима ҳам қила олардик, – дедилар.
Тўрғай:
– Сиз фил турган жойга яқин бўлган бир чуқурнинг четига бориб, ўша ерда баланд овоз билан вақир-вуқур қилсангиз, фил сизнинг овозингизни эшитиб, у ерда сув бор экан, деб ёнингизга боради-да, чуқурга қулаб кетади, –деди.
Қурбақалар бунга рози бўлдилар. Чуқур четига бориб вақирлай бошладилар. Сувсизликдан қийналган фил қурбақаларнинг овозини эшитиб, улар томон йўл олди ва чуқурга йиқилиб ҳалок бўлди. Тўрғай эса учиб бориб унинг бошига қўнди ва қанот қоқиб деди: “Эй ўз кучига ишониб, менга ҳақорат кўзи билан боққан зулмкор! Жуссам кичкина бўлса-да, зўр ақл эканини кўрсатдим, сенинг бўйинг дароз бўлса-да, ақлинг қисқа экан, хўш, энди нима дейсан?!”
“Калила ва Димна”дан
Қиссадан ҳисса:
Аллоҳ таолонинг иродаси ила ўзларининг қудратига ишониб кичик ўлкаларга бостириб келган катта қўшинлар мағлуб бўлган;
Даврага рақибини назарига илмасдан чиққан полвоннинг йиқилганини, рингга кибрланиб чиққан боксчининг мағлуб бўлганини кўрмаганмисиз;
Агар кимгадир қизиқиб бошласангиз, у ҳам сизга қизиқа бошлайди. Ундан яхши сифат топсангиз, у ҳам сиздан ҳам яхши сифати топади...
Ўйингиз тинч, болаларингиз омон – бахтлисиз. Шу бахтингизни муҳофаза қилишни истасангиз бошқаларнинг бахтига чанг солманг;
Йўқ жойдан ўзига душман орттириб олган киши ўзининг ва фарзандларининг қаттол душманидир;
Қудратингизга ишониб, ўзингиз заиф санаган кишига зарба бермоқчи бўлаверсангиз, у наиложликдан ўзини ҳимоя қила бошлайди ва ўзини ҳимоя қилаётиб сизга зарар етказиб қўйиши мумкин.


Дамин Жумақул

Top