muslim.uz

muslim.uz

24 ноябрь куни “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Самарқанд вилоятида  “Мурувват карвони” номли хайрия тадбири ташкил этилди.

Самарқанд шаҳридаги “Зилол Бахт” тўйхонасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги, "Вақф" хайрия жамоат фонди вилоят филиали ҳодимлари ва бошқа мутасадди шахслар билан биргаликда “Мурувват карвони” номли хайрия тадбири ўтказилди.

Тадбир алоҳида тайёргарликлар асосида олиб борилди. Дастлаб Қуръони карим тиловат қилинди. Йиғилганларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги "Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига биноан ташкил этилган "Вақф" хайрия жамоат фонди фаолияти, мақсад ва вазифалари, ташкил этилган хайрия ишлари ҳақида маълумот берилди. 

Тадбирда вилоятнинг барча ҳудудидан таклиф этилган 100 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган шахсларга озиқ-овқат маҳсулотлари, улар орасидан 16 нафар ногиронлиги бор шахсларга ногиронлик аравачаси тақдим қилинди. Тақдимот ишида вилоятдаги устоз домлалар яқиндан кўмак бердилар. Шунингдек, устоз домлалар ҳам фонднинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар. 

Тадбир давомида хизмат вазифаларини самарали ўтаб келаётган 285 нафар имом-хатибларга рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан нашр эттирилган диний-маърифий мазмундаги китоблар тақдим қилинди. Тадбир сўнгида иштирокчилар қилинган эҳсонлардан мамнун бўлишиб, дуои хайрлар қилишди.

Хайрия тадбири сўнгидан ташкилотчилар Самарқанд шаҳридаги "Саховат уйи" ҳамда Ургут туманидаги "Мурувват уйи" учун жами 5 дона ногиронлик аравачаси ҳадя этдилар.

Амалга оширилган хайрия тадбири учун Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ҳамда "Вақф" хайрия жамоат фондига ўзимизнинг чуқур миннатдочилигимизни билдирамиз.

 

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги

ЎМИ Матбуот хизмати

Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани ҳикмат билан яратган. Атрофимиздаги борлиққа, ҳайвонлар, ўсимликлар, тоғу тошларга эътибор билан назар солсак, ҳар бири гўзал тартиб ва ўзаро мутаносибликда яратилганига гувоҳ бўламиз.

Аллоҳ таоло оғирлиги 4-5 тонна келадиган филга кийикнинг оёғини берганда нима бўларди? Оёқлар танани кўтара олмай, синиб кетган бўларди. Бундай улкан вазнли жонзот учун мана шундай устундек оёқлар керак.

Бордию кийикка филнинг оёғини берганда нима бўларди? Кийик бу оғир вазнли оёқни кўтаришга қийналиб, юра олмаган бўларди. У сакраб-сакраб юра олиши учун унга мана шундай ингичка, нозик оёқлар керак.

Ҳар бир жонзотнинг тана аъзоларини ўзига мослаб яратган Аллоҳ таоло барча айбу нуқсонлардан покдир!

Ҳозирги даврда нималар бўляпти?

  • Уйлар катталашди, аммо оилалар кичрайди.
  • Тиббиёт ривожланди, бироқ касалликларнинг тури кўпайди.
  • Одам Ойга етиб борди, аммо ён қўшнисининг ҳолидан бехабар.
  • Пуллар кўпайди, аммо хотиржамлик йўқолди.
  • Донолик юксалиб боряпти, лекин ҳис-туйғулар камайиб кетяпти.
  • Билим-маърифат ошди, аммо ҳикмат озайди.
  • Йўл-йўлакай қўшилиб оладиган дўстлар кўп, бироқ ҳақиқийлари жуда кам.
  • Соатлар турли дизайнда ишлаб чиқарилмоқда, аммо кўп нарсага вақт топа олмаймиз.
  • Алоқа воситалари кўпайди. Лекин ҳол-аҳвол сўраш, дийдорлашиш камайиб боряпти.
  • Одамлар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда, бироқ одамийлик йўқолиб бормоқда.

Эй Роббим! Аҳволимизни ислоҳ қилгин ва бизга гўзал хотима бергин!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Қатар давлатининг пойтахти Доҳа шаҳрида жойлашган Ислом сенъати музейи ўзининг экспонатлари билан тенгсиз ҳисобланади. Бу ерда мусулмон дунёси тарихига оид артефактлар, Ислом динининг дастлабки даврларига доир тарихий ашёлар сақланади. Музей кўргазма залларида замонавий Исломни ҳам кўриш мумкин. Мусулмон оламининг турли минтақаларидан келтирилган манбаалар музейни бойитишга хизмат қилмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

samedi, 24 novembre 2018 00:00

Расулга муҳаббат

Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати билан шу кунларда Рабийъул аввал ойи бошимизга соябон бўлиб турибди, эзгулик шаббодалари ҳамда вужудимизни майин чулғаётган муҳаммадий ифорларни олиб келган бу ой инсоният тарихидаги энг буюк санани, энг буюк воқеани ёдимизга солмоқда. У ҳам бўлса, икки жаҳон сарвари, Одам боласининг саййиди, арабу ажамнинг улуғи бўлган Муҳаммад алайҳиссаломнинг дунёга келишларидир. Бу шундай оламшумул воқеа-ки, у тарих оқимини ўзгартириб юборди. Инсониятни жаҳолат зулматларидан маърифат ва ҳақиқат нурига олиб чиқди.

Мавлиди шарифни бутун ер юзида мусулмон аҳли бирдек муносиб нишонлаш мақсадида, турли хил тадбир ва маросимлар ташкил қилишмоқда. Шу анъанага мувофиқ, жорий йилнинг 22 ноябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талаба қизлари ўртасида “Сийрат ва ислом тарихи” фан ойлиги муносабати билан “Расулга муҳаббат” мавзусида синф хоналарини байрам шукуҳи асосида безаш мусобақаси бўлиб ўтди. Мусобақани баҳолашда Дин ишлари бўйича қўмита Диний маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Б.Рустамов, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи С.Шерхонов ва Тошкент ислом институти ректори У.Ғофуров иштирок этдилар.

Мазкур беллашув тўрт шарт:

1. Безакларни мавзуга оидлиги;

2. Ғояларнинг креативлиги;

3. Қўл меҳнатидан фойдаланганлиги;

4. Шарҳлашдаги моҳирлик бўйича баҳоландилар.

Танлов натижаларига кўра олий ўринни 303-гуруҳ, 1-ўринни 208-гуруҳ, 2-ўринни 209 ва 3-ўринни 103-гуруҳларнинг талаба қизлари эгаллашди.

Ғолиблар жорий йилнинг 29 ноябрь куни талаба қизлар иштирокида бўлиб ўтадиган “Муборак мавлид” байрам тадбирида Тошкент ислом институти томонидан тақдирланади.

Манба: https://islaminstitut.uz

 

Top