muslim.uz

muslim.uz

“Вақф” хайрия фондига Тошкент шаҳри Олмазор тумани Қорасарой маҳалласи Зиёвуддин Бобохонов кўчаси 15/2-уйда яшовчи Ибрагимова Феруза исмли фуқародан уйини таъмирлаб бериш бўйича мурожаат келиб тушган эди.
“Вақф” хайрия фонди вакиллари юқоридаги манзилни жойида бориб ўрганишди. Ушбу манзилда Ибрагимова Феруза онаси ва уч нафар вояга етмаган фарзанди билан яшаши маълум бўлди. Суратларда тасвирланган икки хонадан иборат турар жойи эски, пахса ва лой ғиштдан қурилган, пойдевори йўқ, деворлари нураб кетган, том қисмидан сув ўтади, хуллас, истиқомат қилишга мутлақо яроқсиз ҳолатда экани аниқланди.
“Вақф” хайрия фонди томонидан кунлар исиши билан мазкур уйни таъмирлаб бериш билдирилди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аксириш ва эснаш инсонлардан доимо содир бўладиган ишлардир. Лекин, бу икки иш бир-бирига тескаридир. Яъни, инсон аксирганда бутун танаси енгиллашиб тетиклашади ва тоат ибодатларга рағбат юзага келади. Эснаш эса ғафлат ва дангасаликка сабаб бўладиган малолланишдан юзага келади. Шунинг учун аксириш Аллоҳ таолога, эснаш эса, шайтонга нисбат берилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло аксиришни яхши кўради, эснашни эса ёмон кўради. Қачонки, бирор шахс аксирса ва “Алҳамдулиллаҳ” деса, уни эшитган мусулмон зиммасида, унга “Ярҳамукаллоҳ” дейиши ҳақ (шарт) бўлади. Эснаш эса шайтон тарафидан бўлади. Қачонки, бирор кимсага эснаш келса, имкон борича уни қайтарсин. Негаки, инсон қачон эснаса, шайтон кулади, яъни хурсанд бўлади. Шунинг учунки, эснаш ялқовлик ва ғафлат белгисидир. Шайтон эса бу каби ишларни яхши кўради” Имом Бухорий ривояти.

Аксирганда ва эснаганда қандай йўл тутишимиз керак? Буларнинг фойдалари ёки зарарлари борми?

Ҳозирги кун шифокорлари шундай дейишади: “Эснаш мия ва жисмга кислород ва озуқа кераклигининг белгисидир. Шунингдек нафас олиш органлари мия ва танага етарлича кислород етказиб бера олмаётганлигига ҳам далил. Бундай етишмовчилик мудроқ, ҳушдан кетиш пайтида ва ўлим олдидан ҳам содир бўлади”.  

Агар баланд овозда “ҳааҳ” деб эсналганда оғиз очиқ қолса, оғиз бўшлиғи орқали танага турли микроблар, чанглар ва ҳашаротлар кириб кетиши мумкин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Акса уриш Аллоҳ таолодан, эснаш эса шайтондандир. Шунинг учун қачон бирортангиз эснаса, қўлини оғзига қўйсин. Агар (эснаган пайтда): “ооҳ, ооҳ” деса, шайтон унинг ичида кулади. Аллоҳ таоло акса уришни яхши кўради, эснашни ёмон кўради”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Эснаш пайтида чап қўл кафтининг орқаси билан оғизни тўсишнинг бир нечта ҳикматлари бор.

Аввало, бундай қилиш юксак одоб намунасидир. Эсновчи оғзини очган пайтда, ундаги таом қолдиқлари, сўлак, синиқ-қийшиқ тишлар кўриниши, шу билан бирга ёмон ҳид анқиб, атрофдагиларни ноқулай аҳволга солиши мумкин. Қўл билан тўсилганда эса чанг, ҳашарот ва турли микробларнинг оғизга киришининг олди олинади. 

Эснаш чарчаганлик, лоқайдлик, дангасалик аломатидир. Шунинг учун эснаган одам Аллоҳдан шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўраши керак.

Аксириш эса мутлақо эснашнинг тескарисидир. Аксириш куч билан тўсатдан содир бўлади. Одам аксирган пайтда ўпкасидаги ҳаво зарб билан ташқарига отилади. Чиқиш пайтида йўлдаги чанг, майда заррачалар, микроб ва ҳашаротларни оғиз ва бурун бўшлиғи орқали ташқарига олиб чиқиб кетади.

Аксиришни Аллоҳ таоло яхши кўради. Аксиришнинг инсонга кўплаб фойдалари бор. 

Инсон аксирган пайтда енгиллашади, нафас олиши осонлашади. Танасидаги зарарли микроблар чиқиб кетади. Аксирган инсон роҳатни ҳис этади, эснаган одам эса оғирликни сезади.

Лекин аксириш кучли бўлгани учун уни оғиз ёки рўмолча билан ёпиш керак. Акс ҳолда аксириш чоғида оғиздан сўлак, овқат қолдиқлари ва ҳоказолар отилиб, атрофдагиларга, яқинда турган таомга тегиши мумкин. Бордию аксирувчи киши бемор бўлса, аксирганда, ундаги касаллик микроблари соғлом кишиларга бориб тегиши мумкин. Шунинг учун аксирган киши қўли ёки кийими билан оғзини ёпиши суннат ҳисобланади. Шу билан бирга аксираётганда овозни пасайтириш ҳам лозим. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ،قالَ : كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى  اللهُ  عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ إِذَا عَطَسَ وَضَعَ يَدَهُ أَوْ ثَوْبَهُ عَلَى فِيهِ وَ خَفَضَ أَوْغَضَّ بِهَا صَوْتَهُ [شَكَّ الرَّاوِيْ]

. رَواهُ أَبُوداوُدَ وَ التِّرْمِذِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аксирганларида қўлларини ёки кийимларини оғзиларига қўярдилар ва у билан овозларини пасайтирардилар (Ровий “Хофаза” ва “Ғозза” сўзларида шак қилган)”. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Ушбу суннатга амал қилиш туфайли аксирган пайтда ёнидаги кишиларга азият беришдан сақланган бўлади.

Шариатимизда аксиргандан кейин Аллоҳга ҳамд айтишга буюрилган. Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ،عَنْ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ  قَالَ

إِذَاعَطَسَ أَحَدُكُمْ فَلْيَقُلْ :الْحَمْدُ لِلَّهِ وَ ل لْيَقُلْ لَهُ أَخُوهُ أَوْ صَاحِبُهُ :يَرْحَمُكَ  اللَّهُ فَإِذَا قَالَ لَهُ :يَرْحَمُكَ اللَّهُ فَلْيَقُلْ :يَهْدِيكُمُ اللَّهُ وَ يُصْلِحُ بَالَكُمْ

رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса, “алҳамду лиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “ярҳамукаллоҳ”(Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум(Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.

Аксириш кучи шунчалик каттаки, у шамолдан ҳам тез бўлиб, соатига 160 километр тезликдан ошади.  Шифокорлар айтишича, инсон аксираётган пайтда юрак уриши тўхтаб, яна ишлаб кетар экан. Қолаверса, бундай катта куч билан аксириш чоғида қовурға суякларидан бирортаси синиши ҳеч гап эмас.

Агар акса келган пайтда уни чиқишдан тўсиб, қасддан тўхтатилса, мияда қон қуйилиши содир бўлиб, бу ўлимга олиб келиши мумкин экан.

Агар аксириш пайтида кўзларимизни очиқ ҳолда қолдирсак, улар ўз чаноғидан чиқиб кетиши мумкин.

Шунингдек, аксириш асносида нафас олиш, ҳазм қилиш ва сийдик айириш органлари ҳам ишлашдан тўхтайди. Аксиргандан кейин эса Аллоҳнинг раҳмати билан барча аъзолар ҳеч нарса бўлмагандек ишлаб кетади.

Юракка яна ишлаш қобилиятини ато қилгани, тўхтаган аъзоларга фаолият юритишга из бергани, танага енгиллик ато этгани, ундан турли зарарли зарраларни кетказгани ва кўзларни саломат сақлагани учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтилади.

Аксиргандан сўнг Аллоҳга ҳамд айтган кишига “Ярҳамукаллоҳ”, деб айтиш ҳам сунатдир. Буни “Ташмит” дейилади. Ташмит айтиш учун, аксирган одам Аллоҳга ҳамд айтиши керак бўлади. Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضْيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنْ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ قَالَ:

إِذَاعَطَسَ أَحَدُكُمْ فَلْيَقُلْ:الْحَمْدُ لِلَّهِ وَلْيَقُلْ لَهُ أَخُوهُ أَوْ صَاحِبُهُ :يَرْحَمُكَ اللَّهُ فَإِذَا قَالَ لَه :ُيَرْحَمُكَ اللَّهُ فَلْيَقُلْ :يَهْدِيكُمُ اللَّهُ وَ يُصْلِحُ بَالَكُمْ

 رَوَاهُالْبُخَارِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса, “алҳамду лиллаҳ”(Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “ярҳамукаллоҳ” (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум”(Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.

Ҳа, азизлар, динимизда инсонга нима фойдали бўлса, ўша ишга буюрилган, нима зарарли бўлса, ундан қайтарилган. Ушбу мақола орқали аксиришда инсонга қандай фойдалар борлигини, эснашда эса қандай хатарлар борлигини билиб олдик. Ҳар бир ишда бўлганидек, аксириш ва эснаш чоғида ҳам шариатимиз кўрсатмаларига амал қилсак, икки дунёда саодатли бўламиз.

“Аксириш одоблари” номли мақола ва интернет маълумотлари асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Бугун, 30 октябрь куни "Энг маърифатли имом" мусобақасининг Тошкент шаҳри босқичи ўтказилди.
Мусобақа доирасида иштирокчилар бир қанча шартлар бўйича мусобақада куч синашишган. Якунда эса мусобақа ғолиблари аниқланиб, уларга эсдалик совғалари ҳамда дипломлар улашилди.

Биринчи ўринни Юнусобод туманида жойлашган "Кулол қўрғон" жоме масжиди имом-хатиби Яҳё Абдураҳмонов;

Иккинчи ўринни "Ҳазрати Имом" жоме масжиди имом ноиби Ҳабибуллоҳ Абдураззоқов;

Учинчи ўринни Шайхонтоҳур тумани "Зангиота" жоме масжиди имом-хатиби Илҳомжон Мадвалиев қўлга киритди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ҳозирги кунда ислом дини асосларини, айникса, Қуръони каримни илмий ўрганиш дунё микёсида шу даражада оммалашиб кетдики, бу мавзуда чиқаётган адабиётларни энг умумий тарзда ҳам камраб олиш имконидан ташқаридир.

2018 йилда Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари томонидан имом Аъзам мазҳаби доирасида изоҳланган, янги мукаммал таржиманинг лотин алифбосидаги шакли ҳам нашрдан чиқди.

Ушбу нашрнинг ўзига хос хусусиятлари асосан қуйидагилар экани таъкидлаб ўтилган:

1. У ҳанафий мазҳабига мансуб машҳур муфассирларнинг тафсир китобларига асосланган ҳолда тайёрланди. Бошқа мазҳабларга доир тафсирлардан ҳам керакли жойларда фойдаланилди. Фиқҳий масалалар бўйича тўрт мазҳаб ўртасидаги фарқлар имкон қадар қайд этиб борилди.
2. Оятларнинг таржимасида арабча матн маъноси имкони борича сўзма сўз ифода этилди. Қўшимча ёрдамчи сўз ва изоҳлар қавс ичида берилди.
3. Тафсир китоблар ва бошқа манбааларнинг номлари ичтибослардан кейин қисқртма шаклда рамзий ҳарфлар билан берилди.
4. Мутахассисларнинг фойдаланишига қулайлик яратиш мақсадида таржима ва тафсирлар Қуръони каримнинг арабча матни билан бир саҳифада ёнма ён берилди.
5. Амалда бўлиб келган ёзув қоидаларига риоя қилинди.

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида нашр этилган Қуръони карим маънолари таржимаси ва тафсири китобида 1990 йиллардан бошлаб, асосан, диний адабиётларда ўзгара бошлаган ўзбек ёзуви имлолари қайта тикланди. Масалан, Исо, имон, раб, расул, саҳиҳ, Арафот, салавот каби арабчадан ўтиб қолган сўзларни базилар араб талаффузига мосламоқчи бўлиб, кейинги пайтда Ийсо, иймон, робб, росул, саҳийҳ, Арофат, солават шаклида ёза бошлаган эдилар. Ушбу нашрни тайёрлашда китобхонлар томонидан тақдим этилган фикр ва мулоҳазалар ҳам эътиборга олинган.

Маълумот учун, изоҳли таржима дастлаб 2001, 2004, 2017 йиллари кирил алифбосида қайта чоп этилган.

Мазкур нашр бугунги кунда нафақат исломшунослик йўналишида таҳсил олаётган талаблар учун, балки ижтимоий-гуманитар соҳаларда изланишлар олиб бораётган тадқиқотчиларга ҳам қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.

Қуйидаги телефон рақамлари орқали боғланган ҳолда китобни харид қилишингиз мумкин:

+ 998 99 878 41 42

ЎМИ Матбуот хизмати

Саудия Арабистонида Халқаро Ислом фиқҳи академиясининг 23-сессияси давом этмоқда. Мадина Ислом университети ректори, доктор Ҳатим бин Ҳасан Марзуқий сессия давомида 46 давлатдан келган уламолар, олимлар, фақиҳлар ва академиклар қатнашиши, унда 50 дан ортиқ илмий тадқиқот ишлари мунозара қилиниши, 16 та илмий мажлислар ўтказилишини айтиб ўтди. Шунингдек, сессияда молиявий банкротлик, банкдаги имтиёзлар, шифокорлар масъулияти, савдода адолатли бўлиш, муомалада ўлчов бирликлари, даволаниш туфайли рўзани очиш, оталик ҳаққи ва ёш қизларни эрта турмушга беришнинг олдини олиш, оила бошлиғининг мазкур масалани таъқиқлашда раҳбарлик қилиши, даволаниш соҳасида туғма нуқсонлар ҳамда экстремизм ва терроризм ибораларининг амалий ва мафкуравий кўринишлари каби мавзуларга алоҳида тўхталиб ўтилади.
Халқаро Ислом фиқҳи академиясининг 23-сессиясида Шайх Абдулазиз Мансур иштирок этмоқда. Сайтимизни кузатиб боринг муҳокама этилаётган масалалар янада кенгроқ ёритилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top