muslim.uz

muslim.uz

lundi, 29 octobre 2018 00:00

Қайтар дунё

Отасининг ўлимидан бир фурсат ўтиб, иш билан банд  ўғил касалманд кекса онани қариялар уйига топширишга қарор қилди. Ўғил ора-чора онасининг  ҳолидан хабар олиб турди.

Кунлар ўтди. Бир куни қариялар уйидан қўнғироқ қилишди: вазият жиддий - она оғир аҳволда ётибди ўғлига айтадиган сўнгги сўзи бор экан. Ўғил зудлик билан унинг ёнига шошди. Ажал билан курашаётган она темир каравотда ҳолсиз тўлғанар, ўғил сўнгги сўзни эшитмоқ учун унинг лабларига қулоқ тутди. «Ўғлим, сендан сўнгги илтимосим - қариялар уйи хоналарига кондитсионерлар ўрнаттириб берсанг. Қарилик боис совуқ ва иссиқ кунларда жуда қийналдим. Кейин, бу ерга музлатгич ҳам олиб келиб қўй - баъзида тунлар уйқум қочганида бирор нима топа олмай, оч ётиб, қийналдим.

Онанинг ўтинчидан ҳайратда қолган ўғил унга тикилиб қолди. Шунча вақтдан буён бу қийинчиликларга чидаб келиб, оғиз очмасдан, нега умр адоғида ёлвораётганини сўради. «Мен-ку, буларга чидадим, болам! Лекин сендан хавотирдаман. Кун келиб, болаларинг сени бу ерга ташлаб кетишса, сенинг ҳолинг нима кечади, болажоним?!» деб жавоб қайтарди онаизор. 

 

Одилжон Нарзуллаев 

Зангиота туман “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом хатиби.

 

 

Жорий йилнинг 25-26 октябрь кунлари Қозоғистонда фаолият олиб бораётган матбуот котиблари ва ахборот сайтлари раҳбарлари учун соҳани ривожлантириш мақсадида икки кунлик ўқув семинари ташкил этилди.

Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Серикбай ҳожи Ўраз семинар қатнашчилари ишига омад тилаган.

Қозоғистон мусулмонлари диний идораси интернет шўбаси раҳбари Мурат Манапули ҚМИнинг махсус концепциясини барчага таништирди. Ушбу концепциянинг мақсади интернет соҳасида фаолиятни ривожлантириш экани айтилди.

Мuftyat.kz нашрининг хабар беришича, семинар сўнггида кўплаб таклифлар билдирилган ҳамда уларни амалга ошириш механизми ишлаб чиқилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқаруви раҳбари лавозимига Искандар Халилов тайинланди. Фонднинг аввалги раҳбари Жалолиддин Ҳамроқулов ўз ихтиёрига кўра, ушбу вазифадан озод этилди.
Маълумот ўрнида, Искандар Халилов 1995 йилда Тошкент ислом институтини тамомлаган, 1995-1996 йилларда Тошкент шаҳри “Абул Қосим” мадрасаси ўқитувчиси, 1996-2008 йилларда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани “Олтинтепа” жоме масжиди имом-хатиби, 2010-2018 йилларда Тошкент шаҳар “Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юрти ўқитувчиси, 2008-2018 йилларда Тошкент шаҳар Бектемир тумани бош имоми, “Алибек” жоме масжиди имом-хатиби, 2017-2018 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Масжидларни таъмирлаш ва қайта қуриш бўлими мудири вазифаларида фаолият юритган.
Ушбу масъулиятли ва шарафли вазифада Искандар Халиловга улкан муваффақиятлар тилаймиз.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Индонезиянинг “Lion Air” компаниясига тегишли самолётнинг қулаши оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан таъзия билдирган.

Шавкат Мирзиёев Индонезия Президенти Жоко Видодога ва Индонезия халқига чуқур таъзия билдирган.

Индонезияда ҳалокатга учраган самолёт бортида 188 киши бўлган. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда.

Воқеа жойига етиб келган қутқарувчилар «Боинг» бўлаклари ва йўловчилар буюмларини денгиздан чиқариб олишни бошлашган.

ЎМИ Матббуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

***** 

  • Хурсанд бўлиб турганингда ваъдалар берма.
  • Ғазабланиб турганингда гапирма.
  • Сиқилиб турганингда қарор қабул қилма.

«Тарих мухрлаган сўзлар»

 *****

 Келадиган манфаат тугагач, баъзиларнинг дўстлиги ҳам тугар экан.

 *****

 Муҳаббат фақат романтикадан иборат эмас. Балки у ҳурмат, эътибор ва ишончдан иборатдир.

 *****

 Мен бировни, ҳатто мени хўрлаган дўстларимни ҳам ёмон кўрмайман. Уларни ҳалиям яхши кўраман. Лекин энди уларни яна дўстликка қабул қилолмайман.

«Тарих мухрлаган сўзлар»

*****

 Ҳар қанча йиғласанг ҳам ота-онанг олдида ҳеч қачон йиғлама!

 *****

 Аёлингиз сизнинг ҳар доим ҳамроҳ, суянчиқ ва сокинлик манбаи эканингизни ҳис этсин!

 *****

 Садақа бераётганингда, бу киши пулимга муҳтож, демагин! Балки, Роббимнинг мағфиратига ва садақанинг савобига мен муҳтожман, дегин.

 *****

 Ақл зиёда бўлгани сари узлат (ёлғизлик, холи қолиш)га майл ортиб борар экан.

«Тарих мухрлаган сўзлар»

 *****

 Ортингдан гапиришади. Чунки улар чиндан ҳам сендан орқада-да.

“Тарих мухрлаган сўзлар”

 *****

 Ота-онага қилинадиган яхшиликларнинг энг олийси – ғамларинг, муаммоларинг ва оғриқларингни уларга айтмаслигингдир. Чунки, улар ўша нарсаларга сендан кўра ўн чандон кўпроқ ғам-алам чекадилар.

“Сараланган гўзал ҳикматлар”

 *****

 Хурсанд кунингда сен билан бирга кулганни унутсанг ҳам, қийин вазиятда сен билан бирга йиғлаганни асло унутма.

“Қисқа насиҳатлар”

 *****

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

 Нозимжон Иминжонов

 

Top