muslim.uz
Умра сафари: расмий, хавфсиз ва ишончли
28 октябрдан дастлабки Умра рейси амалга оширилади
Бугун, 25 октябрь куни соат 15:00да Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан “Ҳаж ва Умра сафари тўғрисида” оммавий-ахборот воситалари учун брифинг ўтказилаётгани ҳақида маълумот берган эдик.
Брифингда айтилганидек куз мавсумидаги Умра зиёратининг дастлабки рейси жорий йилнинг 28 октябрь куни амалга оширилади.
Маълумот учун, Жамоатчилик кенгаши томонидан Умра сафарига бормоқчи бўлган ҳар-бир фуқаро учун тўланадиган маблағ қиймати 5 804 000 сўм (бориш-келиш авиачиптасидан ташқари) миқдорда арзон бўлишига эришилди. (Тошкент – Жидда – Тошкент авиачиптаси нархи 5 096 000 сўм).
Ҳомила қачон инсон шаклига ўтади?
Ҳомила ривожланиши бўйича олиб борилган махсус илмий тадқиқот хулосасида айтилишича, ҳомиладорликнинг олтинчи хафтаси охирида, яъни 42-куннинг охирида эмбрион ҳаётида муҳим босқич бошланади. Шу куни у инсон шаклини олади. 42-кун ўтгач, қулоқ, кўз шаклланиши бошланиб, уларнинг чуқурчалари пайдо бўлади.
Юқоридаги расмда она қорнидаги эмбрионнинг турли муддатларда олинган расмлари кўриниб турибди. Она қорнига тушган эмбрион 1-куни нутфа (маний) ҳолатида бўлади. Орадан бир хафта ўтгач, у зулук кўринишида акс этади. Зулук сўзи арабчада “алақа” дейилади. Эмбрион 35 кунлик бўлганда музға ҳолатига ўтади. Музға – тишланган, чайналган гўштдек бир кўриниш. 42 кунлик бўлганда эса, инсон шаклига ўтиб, унда суяк, кўз, қулоқ кабилар пайдо бўлади. Шунингдек, ушбу 42-кунда мия электромагнит тўлқинлар юборишни бошлайди. Айтиб ўтганимиздек, суяк ва бўғимларнинг шаккланиш жараёни ҳам олтинчи хафтадан кейин бошланади.
Бугунги кун эмбриолог олимлари “Биз ҳомиладорликнинг 42-кунидан олдин эмбриондан инсонни эслатувчи шаклларни тополмаймиз. У бу пайтда кўпроқ ҳайвон эмбрионига ўхшайди” деяптилар.
Демак, илмий ҳақиқат шуки, ҳомила 42-кундан сўнг инсон шаклига эга ўтади.
Ушбу расмда ҳомиланинг 41 кунлик (чап тарафда) ва 44 кунлик (ўнг тарафда) ҳолати акс этган. Кўриниб турибдики, 41 кунлик ҳомилада инсонни эслатувчи ҳеч қандай аломат йўқ. 44 кунлик ҳомилада эса биз қулоқ, кўз ва суяги шаклланиб улгурган инсон кўринишидаги ҳомилани кўриб турибмиз.
Олимлар бу илмий ҳақиқатга яқин йиллар ичидагина эришдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан бир минг тўрт юз йил олдин ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида: “Агар нутфа қирқ икки кунлик бўлса, Аллоҳ унга (нутфага) бир фариштани юборади. Бу фаришта нутфага шакл беради, қулоғи, кўзи, териси ва суякларини яратади...” деганлар. Имом Муслим ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда бизга эмбрион она қорнида қачон инсон шаклига ўтиши ҳақида очиқ-ойдин хабар берилмоқда. Бу 42-кечадир. Шунингдек, қулоқ, кўз, териси ва суякларининг яратилиши қачон бўлиши ҳам айтилмоқда.
Инсоният ҳомиланинг она қорнидаги ҳолатини ўрганиш у ёқда турсин, ўзи ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлмаган бир пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур илмий ҳақиқатдан хабар беришлари у зотнинг ҳақиқий Пайғамбар эканликларига очиқ-ойдин далилдир!
Субҳаналлоҳ!
Абдуддоим Каҳел мақоласидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Яхшилик нима?
Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Каломида шундай марҳамат қилади: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз”. (Моида,2)
Бу оятда Роббимиз барча мусулмонларни ушбу икки иш яъни, яхшилик ва тақво йўлида биргалашиб ҳаракат қилишга буюрмоқда. Хўш, яхшилик нима ўзи? Унинг аниқ бир мезони борми? Ёки ҳар ким ўз ақли ва савиясидан келиб чиқиб белгилайдими бу мезонни? Бу саволларнинг жавоби эса қурони каримдаги бошқа бир оятда келади.
Ислом динида яхшилик Аллоҳ яхши деган нарсалардир. Уларнинг нима экани эса ушбу оятида тўлиқ таърифлаб берилган.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
“Яхшилик юзингизни Машриқ ёки Мағриб томонга буришингизда эмас”, деб, яхшилик маълум бир ҳаракат ёки гап-сўзларни ўзича қилиш ва айтиш билан бўлиб қолмаслигини таъкидламоқда. Сўнгра эса, яхшилик нималигини таърифлашга ўтиб:
“Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларига, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилшга берса намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилиувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга, ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир”, демоқда.
Бу оят каримада яхшилик бир неча қисмга бўлинмоқда.
1.Иймон.
“Ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса”
Аллоҳга, унинг борлигига, сифатларига, исмларига, ягоналигига, тарбиячи эканлигига, илоҳлигига иймон келтириш; Охират кунига, яъни, қиёмат кунига иймон келтириш; китоблар, яъни, Аллоҳ таоло томонидан бандаларни ҳидоятга бошлаш учун туширилган илоҳий-самовий китобларга иймон келтириш; Аллоҳ таоло юборган Пайғамбарларнинг бирортасини ҳам қолдирмасдан ҳаммасига иймон келтириш.
Ушбу иймон келтиришлар яхшиликнинг боши ва асосидир. Чунки, кимнинг Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, Пайғамбарларга иймони йўқ бўлса, ундан яхшилик чиқмайди. Чиқса ҳам, доимий бўлмайди. Бирор сабабга боғлиқ бўлади. Ўша сабаб тугаши билан яхшилиги ҳам тугайди.
- Молу дунёсидан нафақа қилиш.
“Яхши кўрган молини қариндошларига, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса”.
Яхши кўрган молидан қариндош-уруғларига, боқувчисидан ажраб қолган етимларга, яъни боқувчисиз қолган, балоғат ёшига етмаган ёш болаларга; мискинларга, яъни, еб-ичиш ва яшаш учун етарли маблағи, даромади йўқ кишиларга; ватангадоларга, яъни, ватанидан узоқда нафақасиз қолган одамларга; тиланчиларга, яъни, йўқчиликдан бошқалардан моддий ёрдам сўрашга мажбур бўлганларга; қул озод қилишга, яъни, хожаси билан маълум миқдор маблағ эвазига озодликки чиқишни келишиб қўйган қулларга бериш;
Ўзи яхши кўрган молини бировларга беришни одат қилган одам, заифлик, хирсу бахиллик сиртмоғидан озод бўлади. Мол-дунёга қулликдан озод бўлади. Бу юксак инсоний фазилатдир. Фақат юксак инсоний фазилатлар соҳибигина муҳтожлар тоифасидаги кишиларга холис ёрдам беради. Бу ишни қилган инсон ҳақиқий яхшиликни қилган бўлади.
- Намоз ўқиш.
“Намозни қоим қилса”
Фарз намозларни ўз вақтида, рукуъ, сажда ва бошқа арконларни жойига қўйиб, хушуъ ва хузуъ билан яхшилаб ўқиш. Намозда инсон ҳам сирти, ҳам ичи билан яъни, буткул борлиғи билан Аллоҳга юзланади. Унда инсоннинг жисми ҳам, ақли ҳам, руҳи ҳам ҳаракатга келади. Намоз ўқимаган одам Аллоҳ таърифлаган яхшиликни қилмаган бўлади.
- Закот бериш.
“Закот берса”.
Мусулмонларнинг бой-бадавлатлари молларидан маълум миқдорини ҳақдор биродарларига молиявий ибодат сифатида берадилар. Бу иш мол эгасига Аллоҳ томонидан фарз қилинган. Шу фарзни адо этадиган одам яхшилик қилувчидир.
- Аҳдига вафо қилиш.
“Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар”.
Аҳдига вафодорлик мусулмонликнинг, иймонининг кўзига кўринган белгиларидан бўлиб, Қуръони каримда қайта-қайта такрорлангандир. Ким аҳдига вафо қилса, Аллоҳ таърифлаган яхшиликдан насибадор бўлади.
- Сабр қилиш.
“Камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчилар”.
Фақирлик, бечоралик пайтида, беморлик вақтида, уриш, душманлар билан тўқнашув пайтида инсон машаққатларга учрайди. Шундай ҳолларда сабр қилиш лозим.
Сабр мусулмон кишининг алоҳида ва зарурий сифати ҳисобланади. Демак, турли қийин ҳолатларда сабр қилувчилар Аллоҳ таърифлаган яхшилик соҳибларидан бўлар экан.
Оятнинг охирида мазкур олиймақом сифатларга эга бўлганларни:
“Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир” деб таърифламоқда.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиздан иймон нима, деб сўраганларида, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ушбу оятни тиловат қилганлар. Кейин яна қайта сўраганларида яна шу оятни тиловат қлганлар.
Шундай қилиб, Аллоҳ битта оятда эътиқод асосларини, жон ва мол ибодатларини бирлаштириб, бир-биридан ажрамайдиган қилиб, уларнинг ҳаммасига “яхшилик” деб ном қўйди.
Шунинг учун ҳам ушбу ном остига кириб, унга амал қилганларни Аллоҳ таоло “Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир”, деб таърифламоқда.
Ана ўшалар Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтган тақводорлардир.
Суфёни Саврий ушбу оятни ўқиб туриб:
“Яхшиликнинг барча тури шу оятдадир”, деганлар.
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи:
“Ким шу оят билан сифатланса, Исломнинг барча сохаларига кириб, яхшиликнинг бошидан тутган бўлади”, деганлар.
Демак, яхшилик баъзи бир ишларга ўзича ҳар ҳил сифатлар бериб, адо этиш билан эмас, балки тақво асосида, яъни, Аллоҳнинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтиш билан хосил бўлар экан.
Одам қайси иш яхши ва савобли эканини билмоқчи бўлса фарз, вожиб, суннат амалларига қарасин , агар унга ўхшашини топса яхши бўлади. Акс ҳолда эса гарчи кишига яхшиликдек кўринган амаллар ҳам инсон учун бефойда, балки, гуноҳкор бўлиб қолишига етарли асос бўлиб қолади.
Бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
"Кимки бирор ёмонлик қилса, унга (охиратда ўша ёмонлиги) баробаридаги жазо берилур. Эркакми, аёлми - кимки мўминлик ҳолида бирор яхшилик қилса, айнан ўшалар жаннатга дохил бўлурлар. У жойда уларга беҳисоб ризқ берилур". ("Ғофир"сураси 40-оят).
Ан-Наввос ибн Самъон ал-Ансорий розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрадим. Шунда у зот: "Яхшилик ҳусни хулқдур. Ёмонлик кўксингда тўқилган ва одамлар уни билиб қолишини ёқтирмаган нарсангдир.", дедилар ".
(Муслим ва Термизий ривояти)
Шарҳ: Сиз билан бизга яхшилик ва ёмонлик маъноларини чуқурроқ англаб етишимизда Восила ибн Маъбад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шариф ҳам ёрдам беради:
"Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламнинг хузурларига у зотдан яхшилик нималигини сўраб бордим. Шунда у зот: "Яхшилик ҳақида сўрагани келдингми ? " дедилар. "Ҳа", дедим. "Яхшилик кўнглинг тўлган ва қалбинг рози бўлган нарсадир. Ёмонлик кўнглингда тўқилган, кўксингда тараддудланган нарсадир. Агар одамлар сенга фатво берсалар ҳам " дедилар.
Яхшилик ҳақида келтирилган таърифларнинг бирида:
"Яхшилик - фарз ва вожибларни қилиш. Харомдан ҳазар қилиш. Одамларга очиқ юз билан қараб, уларга эҳсон қилиш", дейилган.
Ёмонлик - уни қилишинг хаёлга келганда кўнгли тўлмайдиган ва ўша ишни қилишини одамлар кўриб қолишини истамайдиган нарсадир.
Дарҳақиқат, разм солиб мулохаза қиладиган бўлсак, ёмонларнинг ўзи ҳам ўзлари ёмонликни қилаётганда кўнгиллари тўлмайди ва одамлардан беркитади.
Бу ҳадиси шарифда "Яхшилик ҳусни хулқдир" дейилмоқда. Албатта, бу гап ҳусни хулқнинг нақадар катта нарса эканини кўрсатади.
Шу билан бирга, бу ҳадис шарифдан яхшилик ва ёмонликнинг турлари кўплигини билиб ҳам оламиз. Ёмонликнинг турлари қанча кўп бўлмасин биз яхшиликка интилишимиз ва харакат қилишимиз керак. Зеро Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам:
"Ҳар бир қилинадиган яхшиликка садақа савоби берилади", деганлар.
(Имом Бухорий ва Аҳмад ривоят қилишган).
Шундай экан ҳар бир мўмин мусулмон учун яхшилик қилишлик лозим бўлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳақиқий яхшилик қилувчилардан айласин.
Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек
Саҳобаи киромлар умматларнинг афзали
Имрон ибн Ҳусайндан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимнинг энг яхшиси менинг асримдагилардир. Сўнгра улардан кейин келадиганлари. Сўнгра улардан кейин келадиганлари.
(Имрон: «Билолмадим, у зот ўз асрларидан кейин икки асрни зикр қилдиларми ёки учни», деди.) Сўнгра сиздан кейин бир қавм бўлади. Гувоҳлик беришади, аммо улардан гувоҳлик сўралмайди. Хиёнат қилишади, шу боис уларга ишонилмайди. Назр қилишади, аммо вафо этишмайди ҳамда уларда семизлик пайдо бўлади», дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат ўз умматларининг энг яхшиси, балки, инсоният тарихидаги барча умматларнинг энг яхшиси ҳақида хабар бермоқдалар. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари барча умматларнинг афзали экани ҳаммага маълум ва машҳурдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматлари ичидан энг яхшиларини улар яшаган асрлар бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларга бўлиб, бирин-кетин зикр қилмоқдалар:
«Умматимнинг энг яхшиси менинг асримдагилардир». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асрлари энг яхши аср, яъни «саодат асри» эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бинобарин, ўша асрда яшаб ўтган мусулмонлар, яъни, саҳобаи киромлар нафақат мусулмон умматининг, балки барча умматларнинг энг яхшиси эканини ушбу ҳадисдан билиб оламиз. Саҳобаи киромлар ана шундай бахтга сазовор бўлишган. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатдошлари бўлиш, у зотнинг муборак юзларини кўриш, сўзларини эшитиш, Қуръони карим оятларининг нозил бўлиши ва бошқа кўплаб афзал ҳолатларнинг бевосита иштирокчилари бўлиш бахтига муяссар эди. «Сўнгра улардан кейин келадиганлари». Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам асрларидан кейинги аср мусулмонлари у зот замонларидаги энг яхшилардан кейин, иккинчи ўринда турадиган яхшилардир. Булар тобеъинлар асри мусулмонларидир. Қайси мусулмон саҳобалардан бирорталарини ҳаётда кўрган бўлса, у тобеъин ҳисобланади. Ушбу ҳадиси шариф тобеъин розияллоҳу анҳумларнинг асри саҳобаи киромлар асридан кейинги бўлгани, уларнинг ўзлари эса, саҳобаи киромлардан кейинги энг яхши мусулмонлар эканларига далилдир. «Сўнгра улардан кейин келадиганлари». Бу учинчи асрдир. Бу асрда яшаган мусулмонлар тобеъинлардан кейин келган, саҳобаларни кўра олмаган мусулмонлар авлодидир. Улар «таба тобеъинлар» деб аталади. Ушбу учинчи асрдаги мусулмонлар авлоди ҳам соф Ислом таълимотлари асосида яшагани, уларда бузилишлар содир бўлмаганига ушбу ҳадиси шариф далилдир. (Имрон: «Билолмадим, у зот ўз асрларидан кейин икки асрни зикр қилдиларми ёки учни», деди). Ҳадис ровийи Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу шакка тушиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам икки асрни айтдиларми, уч асрни айтдиларми, англай олмаган экан. Омонат юзасидан ўзларида борини ривоят қилган эканлар. Аммо бошқа ривоятлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уч асрни айтганларини таъкидлайди. «Сўнгра сиздан кейин бир қавм бўлади». Тўртинчи асрга келиб, энг яхши асрлар силсиласига путур етиш бошланар экан. Яхшилигига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам гувоҳлик берган мазкур асрлардан кейин бошқача бир қавм пайдо бўлар экан. Ўша қавмнинг сифатларида қуйидаги қусурлар бор экан.
«Гувоҳлик беришади, аммо улардан гувоҳлик сўралмайди». Улар талаб қилинмаса ҳам гувоҳлик беришга ҳаракат қилишар экан. Бу эса тақво камлигининг аломатидир. Саҳобаи киромлар фақат талаб қилингандагина Аллоҳ таоло учун гувоҳлик беришган. Оқибати ўзлари ёки қариндошлари зиддига бўлса ҳам, тўғри гувоҳлик беришган. Гувоҳлик сўралмаса ҳам, гувоҳликка борадиганлар ғаразгўй бўлишлари турган гап. Кейинги асрларда кишиларда тақво ҳисси қолмагани учун шундай бўлишини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиндан айтиб қўйган эканлар. Амалда шундай бўлди ҳам. «Хиёнат қилишади, шу боис уларга ишонилмайди». Ўша яхшилигига Пайғамбар алайҳиссалом гувоҳлик берган уч асрдан кейин келадиган асрлардаги кишилар омонатга хиёнат қиладиган бўлишади. Улар хиёнаткорликлари туфайли уларга ҳеч ким ишонмай қўяди. Саҳобаи киромлар хиёнат нималигини билмаган жамоа эди. Шунинг учун ҳатто душманлар ҳам уларга ишониб, омонатларини қўйган. Афсуски, кейинги авлодларда бу олиймақом хислат йўқолди. «Назр қилишади, аммо вафо этишмайди». Вафодорлик саҳобаи киромларнинг доимий хислатлари бўлган эди. Улар назрга ҳам, қасамга ҳам ва бошқа бажариш лозим бўлган ҳар қандай нарсага тўлиқ вафо қилишар эди. Кейинги авлодларда ушбу ажойиб хислатнинг ҳам йўқолгани бутун инсоният учун катта бахтсизликдир. «Ҳамда уларда семизлик зоҳир бўлади». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кейинги авлодларнинг тақводан узоқлашгани, бепарволиги, ҳавои нафсга, айшу ишратга берилганлари туфайли ораларида семириб кетиш иллати тарқалишига сабаб бўлганини ҳам таъкидлаб айтмоқдалар. Бу ҳам набавий мўъжизалардан бири. Ҳозирги кунда энг кўп ташвишга сабаб бўлаётган муаммолардан бири ортиқча семириб кетишдир. Саҳобаи киромлар бунга ўхшаш нуқсонлардан холи эдилар. Улар ёлғон гувоҳлик нима, хиёнат нима, аҳдга вафосизлик нима ва ортиқча семириш нима эканини мутлақо билишмаган. Биз ҳам у зотлардан ўрнак олишимиз керак.
Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти
М. Саиджалолова