muslim.uz
Миллат мулки
Ўтнафас шоир Расул Ҳамзатовнинг бир шеърида шундай ўхшатиш бор: шеър қаҳрамони тушида ўлиб қолади. Тоғ-у тошлар орасида бежон ётган одам ўз тилида сўзлашаётганларнинг сўзларини эшитгач ҳаётга қайтади. Шоир " Жонимга масиҳдир шу она тилим" дея таърифлайди. Ажиб ўхшатиш. Ҳар бир инсон учун ўз миллий тили жон қадар азиз.
Тил - давлатнинг мулки. Уни асраш, ривожлантириш шу миллатнинг юксалиши демакдир. Бундан бир неча йиллар муқаддам ана шундай юксакликка эришишим учун дадил қадам ташланган. Яъни, Ўзбекистон Республикаси конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Бунинг натижаси ўлароқ ўзбек тили давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси каби қонун йўли билан ҳимояланадиган давлат рамзига айланди. Бу юртдошларимиз ҳаётида унутилмас воқеага айланди.
Истиқлол йилларида барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Халқаро миқиёсда ўзбек тилининг обрўси ошди. "Давлат тили ҳақида"ги қонун тилимизни илмий асосда ривожлантириш учун кенг имкониятлар эшигини очди. Бунинг самарасида эса она тилимиз ўзининг бор гўзаллиги ва жозибасини намоён эта олди. Тил - миллат қиёфасининг бир бўлаги. Уни гўзал ва мукаммал қилиб яратиш учун мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ, биринчи президентимиз томонидан ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш масаласи кун тартибига қўйилиб бу иш амалга оширилди.
Бугунги кунда мавжуд тилларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бу асосан цивилизация сабаб, миллийлигидан ажралаётган кам сонли миллатларнинг тилидир. Шукурки, давлат арбоблари, олим ва ёзувчиларимиз, шоирларимиз саъй- ҳаракатлари сабаб бизнинг тилимиз бундай хавфдан йироқ. Тил фақатгина муомала воситаси эмас, балки халқнинг маданияти, тарихи, турмуш тарзи, урф одати ҳамдир. Маънавий бойлигимизни асраш йўлида кўплаб чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институтининг ташкил этилгани, ўзбек тили ҳақида яртилаётган илмий адабиётлар, қолаверса турли бадиий китобларни чоп эттиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани фикримизнинг яққол далилидир.
Тил халқни бирлаштиради, ўқитади, тарбиялайди, анъана ва урф-одатларини сақлайди. Шу боис ҳам ҳар биримиз уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишга ўз ҳиссамизни қўшишимиз даркор. Зеро биз бу тилда ёзилган, ҳамон севиб ўқилаётган жуда улкан маданий-адабий мерос эгаларимиз. Пойдеворимиз ҳам жуда мустаҳкам ва кучли.
Аммо бир нарса кишини чуқур мушоҳадага чорлайди. Кўча-кўйда дўкон, фирмаларнинг номлари, турли рекламалар диққатимизни тортади. Уларнинг кўпчилигида имло хатолари бисёр. Бунданда ачинарлиси ўз миллий маҳсулотларимиз четдан ўзлашган сўзлар билан номланаяпти. Нима тадбиркорларимиз ўз тақдим этаётган маҳсулотига ўзбекча ном қўйса, ҳаридор олмайдими, ёки номи жарангламай қўядими . Асло, ўзбек тилининг ҳеч бир тилдан қолишмайдиган жилоси, сеҳри бор. Бу тилда Алишер Навоию, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк боболаримиз дунё тан олган асарларни яратган. Нега биз ўзлашма сўзларни урчитишимиз керак. Нима учун нутқимизда улардан пала-партиш фойдаланишимиз керак. Келинг, азиз юртдош, мана шу камчиликларга барҳам бериб тилимизнинг бор қудратини намоён этайлик. Ахир бунинг учун барча имкониятлар яратилган.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир ўринбосари
А.Ғаниев
«Энг маърифатли имом» кўрик танловининг Сирдарё вилояти босқичи бўлиб ўтди
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 10 сентябрдаги 01/А092-сонли буйруғига асосан 20 октябр куни Сирдарё вилояти вакиллиги мажлислар залида «Энг маърифатли имом» кўрик танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Танлов Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Тадбир аввалида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сирдарё вилояти вакили Ҳабибуллоҳ домла Зокиров жорий йилги танловнинг аҳамияти ва ўтказиш тартиблари ҳамда ҳакамлар ҳайъати билан йиғилганларни таништирди.
Тафсир, тажвид, ақоид, фиқҳ илмларидан ва имомлик фаолиятига оид берилган саволлар орқали танлов ғолиблари аниқланди. Унга кўра биринчи ўринга Боёвут тумани «1-Боёвут» жоме масжиди имом-хатиби Мухетдинов Ислом, иккинчи ўринга Ховос тумани «Ҳазрат» жоме масжиди имом-хатиби Аброров Фозилхон ва учинчи ўринга Оқ олтин тумани «Абу Мансур Мотуридий» жоме масжиди имом-хатиби Эшонов Маҳмуджонлар лойиқ деб топилди. Ғолиб танловнинг республика босқичида иштирок этади.
Шунингдек тадбирда “Энг тарғиботчи имом”, “Энг намунали таҳоратхона” ва “Энг миришкор боғбон”, каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. «Энг тарғиботчи имом» номинациясида Сирдарё тумани «Янги ҳаёт» жоме масжиди имом-хатиби Исмаилов Аминжон домла ғолиб чиқди. «Энг намунали таҳоратхона» йўналишида ғолиблик Боёвут тумани «1-Боёвут» жоме масжиди таҳоратхонасига насиб этган бўлса, «Энг миришкор боғбон» номинациясида Оқ олтин тумани «Ҳожи Шайхуддинхўжа» жоме масжиди ғолиб деб топилди.
Ғолиблар Сирдарё вилояти вакиллигининг диплом ва фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Тилга ҳурмат – элга ҳурмат
Билим юртида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 29 йил тўлиши муносабати билан устоз ва мураббийлар ҳамда талабалар иштирокида “Тилга ҳурмат – элга ҳурмат” шиори остида 20 октябрь куни тадбир бўлиб ўтди. Унда она тилининг аҳамияти ва унинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида суҳбат ўтказилди.
Она – дунёдаги энг буюк ва қадрли сўз. Бу сўзни ўз тилида айтиш инсонга бениҳоя сурур бахш этади. Бундай бахтни ҳис этиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Тарихдан маълумки, ҳар бир тузум ўзининг тўсиқларини қўйиб келган. Бу борада миллатимиз ҳам кўпдан-кўп тазйиқларга учраб, ўз ҳис-туйғуларини ўзгалар тилида айтишга мажбур бўлганлари ҳеч биримизга сир эмас.
Халқимизнинг узоқ йиллар интиқиб кутган орзуларидан бири 1989 йил, 21октябрда ушалди. Чунки шу кунда жонажон халқимиз ўз орзу-умидлари-ю, қувонч-шодликларини, онажон деган улуғ сўзни ўз тилида эмин-эркин айтишдек улкан бахтга эришди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши, ҳам диний, ҳам дунёвий масалаларда ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди. Халқимиз Алоҳнинг каломи – Қуръони карим маъноларини ўзбек тилида ўқишдек, шарафли толега мушарраф бўлдилар. Элимизнинг бундай нуфузли чўққига чиқишлари учун мустабит тузум ғояларига қарши курашиб, не-не буюк аждодларимиз қатағонга учраб, қурбон бўлдилар. Биз бугун ўша улуғ зотларнинг муборак номларини айнан ўзбек тилида фахр билан мадҳ этамиз. Тилимизнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сўз бошласак, унинг ижобий таъсирларини санаб адоғига етолмаслигимиз аниқ. Аждодларимиз қазиб кетган илм чашмасидан тўйиб-тўйиб ичиб, ташна дилимизни қондиришимиз ҳам бунга ёрқин далил бўла олади. Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов тил ҳақида бундай деган:
“Она тилим, сен борсан, шаксиз
Булбул куйин шеърга соларман.
Сен йўқолган кунинг шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қолурман”.
Ҳа, ҳар бир шахснинг айтар сўзи ва ҳис туйғуларини ифодалашга ўз тили бўлмоғи зарур. Йўқса, шоир айтганидек тўтидан ҳеч қандай фарқи қолмайди. Бизни ўз сўзимизни ўз тилимизда айтишимизни таъминлаш йўлида қанчадан-қанча аждодлар жон фидо қилдилар! Энди ўша аждодларимизга муносиб авлод бўлиб, жонажон тилимизни кўз қорачиғимиздек ҳимоя қилиш бизнинг шарафли вазифамиздир.
Янги нашр қилинган китоблар тақдимоти мазкур вазифанинг давомий босқичи бўлди десак муболаға бўлмайди. Жумладан, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Диёри бакр”, “Обид кетмон” ва “Адибни хотирлаб” каби беш жилддан иборат китоблар жамланмаси, Қаландар Абдураҳмоновнинг “Буюклар каҳкашонида” асари, Доктор Айман Рушдий Сувайднинг “Қуръон ўганиш қоидалари” ва “Фалсафа асослари” каби рисолалар китобхонларга тақдим этилди.
Тадбир сўнгида она тилимиз ҳақида ва тақдимоти ўтказилган китоблар тўғрисида савол-жавоблар ўтказилди. Китобхонлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
А. ҒАНИЕВ
“Кўкалдош” ўрта махсус
билим юрти мудир ўринбосари
Шавкат Мирзиёев Ҳиндистондаги ҳалокат юзасидан ҳамдардлик билдирди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси президенти Рам Натҳ Ковиндга, Бош вазири Нарендра Модига ва дўст Ҳиндистон халқига Панжоб штатининг Амритсар шаҳрида юз берган темир йўл фожиаси оқибатида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлиши муносабати билан чуқур таъзия билдирди.
ТИВ хабарига кўра, давлат раҳбари қурбон бўлганларнинг оилаларига ва яқинларига самимий ҳамдардлик ва далда сўзларини изҳор этган, жароҳатланганларга эса тез муддатларда соғайиб кетишларини тилаган.
Ҳиндистоннинг Амритсар шаҳрида (Панжоб вилояти) йўловчи поезди катта тезликда одамларни уриб юборди. Фожиа оқибатида 50 нафардан кўпроқ одам ҳаётдан кўз юмган.
Ҳалокат 19 октябрь кечки пайт юз берган. Фожиа вақтида темир йўл изларида 300 дан 700 гача киши туриб, миллий маросимни томоша қилишаётган бўлган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Татаристон масжидларида дин асосини ўргатувчи интенсив курслар бўлади
Татаристон мусулмонлар диний идораси намоз ва Ислом асосларини ўрганиш бўйича интенсив курсни ташкил этиш бўйича янги лойиҳага қўл урди.
Ушбу лойиҳа “Бир кунлик мактаб” лойиҳаси деб номланиб, тез орада йўлга қўйилиши қайд этилган.
IslamToday нашрига таяниб Azon интернет нашрининг хабар беришича, мазкур лойиҳа доирасидаги илк дарс 10 ноябрь куни Қозон шаҳридаги Галиев масжидида ташкил этилади.
Унда 12 ёшдан 60 ёшгача бўлган кишилар қатнашиши мумкинлиги айтилган. Дарслар ҳар шанба куни татар ва рус тилларида ўтказилади. Лойиҳадан кўзда тутилган мақсад қатнашчиларга беш дарсда намоз ўқиш ва Ислом асосларини ўргатишдир.
Дарсларда таҳорат олиш, намоз ўқиш, намозда ўқиладиган суралар ва дуолар, Ислом асослари, Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётлари ҳақида маълумотлар берилади.
ЎМИ Матбуот хизмати