muslim.uz

muslim.uz

Лондондаги Британия музейида “The Islamic world” – “Ислом дунёси” деб номланувчи иккита янги кўргазма зали ташкил этилди. Бу ҳақда Turon24 нашри маълум қилди.

“Ал-Бухорий галереяси” деб номланган кўргазмадан эрамиздан олдинги VII аср ва ҳозирги даврга қадар бўлган Шарқ тасвирий санъатига доир тарихий асарлар ва турли қадимги экспонатлар жой олган. Улар орасида ғарбий Африка ва жануби-шарқий Осиё ҳудудларига тегишли санъат асарлари, Усмонийлар империяси тарихий ашёлари ҳам бор.

”Ал-Бухорий галереяси"даги экспонатлар Ислом маданияти ҳақидаги нотўғри тасаввурларга барҳам беради. Галереяда қадимда “дин томонидан тақиқланган” тирик жонзотлар, инсонлар портретлари ҳам бор. Асарлардаги астролябия унсурлари ҳатто 1240 йилларда ҳам Шарқ санъатида математик аниқлик сақланганини исботлайди”, – дея фикр билдирган англиялик санъатшунос Жонатан Жонс мазкур кўргазмага доир мақоласида.

Британия музейидаги “Ал Бухорий” бўлимининг яна бир ўзига хос жиҳати – барча санъат асарлари энг замонавий технологиялар асосида, ёруғликни геометрик аниқлик даражасида йўналтирган ҳолда ўрнатилган.

Кўргазма 18 октябрдан очилади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Қарорга кўра, Ўзбекистонда санитар авиация ташкил этиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК билан биргаликда тез тиббий ёрдам хизматини 2020 йилдан бошлаб авиация техникаси билан жиҳозлаш ва (ёки) авиация хизматларини харид қилиш, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида харид қилиш бўйича таклифларни 2019 йил 1 мартга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланган.

Бундан ташқари, тез тиббий ёрдам хизматини ривожлантиришга амалий кўмаклашиш ва унинг моддий-техника базасини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Қарор билан 2019 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ, тез тиббий ёрдам хизмати фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг намунавий индикаторлари тасдиқланган.

ЎМИ Матбуот хизмати

jeudi, 18 octobre 2018 00:00

Ислом – тинчлик дини

Тинчлик ва хотиржамлик.

Уларнинг қанчалар буюк неъмат эканини  ҳис қилиш учун ушбу неъматларни бой бериб қўйган халқларнинг аҳволига ибрат кўзи билан биргина қараб қўйишнинг ўзи кифоя.      

Муқаддаси динимиз ана шундай улуғ неъмат бўлмиш тинчлик ва хотиржамликка тарғиб қилиш баробарида зулм қилиш, озор бериш, бировнинг ҳаққини ейиш, жосуслик, ғийбат, ёлғончилик, ёлғон гувоҳлик бериш, чақимчилик, иғво-фитна чиқариш, беҳуда қон тўкиш каби ёмон иллатларни қоралайди.  

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Исломга (тинчликка) тўлиғича кирингиз ва Шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси, 208-оят).

Исломнинг маъноларидан бири – тинчлик. Исломда тинчлик инсон қалбидан бошланади. Сўнг қалбдаги бу тинчлик оилага кўчади. Ислом оила тинчлиги учун зарур бўлган барча чораларни ишга солади. Оиладаги тинчлик қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар орасига кўчади. Сўнгра бу тинчлик жамиятга ўтади. Давлат миқёсидаги тинч яшашга эса жамият тинч бўлгандагина эришилади. Низом шундай. Тинчлик ҳукм сурмоқдами, демак, барча нарса ўз ўрнида амалга оширилади. Барча бахтли ҳаёт кечиради.

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳобалар: “Мукаммал инсон ким?”, деб сўрашганда, у зот  соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тили ва қўли билан бошқаларга озор бермаган киши”, дея марҳамат қилганлар. Бошқа ҳадисларида ҳатто ҳидидан ҳам бошқалар озор топмаслигига буюрганлар.

Дарҳақиқат, мусулмон киши жамият учун нафақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан ҳам узоқ бўлмоғи лозим.

Диндан дунёвий мақсад учун фойдаланиш, дин ниқоби остида динга ёт бўлган ишларни амалга ошириш аслида динда бўлмаганларнинг ишидир. Бу ишлари орқали улар одамларни диндан бездириб, бошқаларнинг мусулмонларга салбий назар билан қарашига сабаб бўладилар.

Бугунги кунда баъзи бир мутассиб оқим вакиллари динни ўзларича талқин қилиб, фирқаларга бўлиниб, мусулмонлар орасида қанчдан-қанча кўнгилсизликлар келтириб чиқарганликлари барчага маълум.

Ислом динининг мусаффолиги унда барча инсоний фазилатларнинг мужассамлиги, инсонларни гўзал ахлоқу одобга тарғиб қилишдадир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Пайғамбар бўлиб келишимнинг асосий боиси, гўзал ахлоқларни такомилига етказишдан иборатдир (Имом Молик ривояти), деганларида Ислом динининг асл мазмун-моҳияти ифодалаб берганлар.

Хулоса қилиб айтганда, Ислом динининг ҳар бир жамиятга ва ҳар бир замонга муносиб келишининг асосий сабабларидан бири – у инсон табиатини тўла  қамраб олганидадир.

Буюк Аллоҳ таоло ер юзига тинчликни барқарор айласин!

 

А.ИСАҚОВ,  

«Мирёқуббой Мирҳакимбой» жоме масжид имом-хатиби

Аллоҳ таолнинг энг улуғ инъомларидан бири бу - сўз неъматидир. У икки томони кескир қиличга ўхшайди. Хоҳласа яхшиликка ёки ёмонликка ишлатиш мумкин. Жим туриб саломат қолиш ҳам мумкин.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг "Ал-жоме ас-саҳиҳ" китобларида келган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин, ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини ҳурматласин, ким Аллоҳга ва охират кунига иймон кетирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки сукут сақласин”, деганлар.

Ҳақиқатан ҳам инсон бир оғиз сўз билан бутун умрлик ҳаёт риштасини боғлаши ёки шошқалоқлик қилиб уни узиб ҳам юбориши мумкин. Бир сўз билан иймон калимасини айтиб, қалби билан тасдиқлаб, дунё-ю охират роҳатига эришиш ёки, Худо сақласин, диндан чиқарувчи сўзни айтиб, дунё ва охират жазосига мубтало бўлиши ҳам мумкин.
Сўздан тўғри фойдаланмасдан, беҳаё сўзларни айтиб, ноўрин гаплар билан бировнинг дилини оғритиб, гуноҳга ботса ҳам бўлади. Ёки насиҳат қилиб, ўзгаларнинг қалбига хурсандчилик киритиб, савобга эришса ҳам бўлади. Қуйидаги ҳадисларда тилимиз орқали қандай фойдаларга, савобларга эришиш мумкинлигини ўрганамиз. Имом Термизийнинг "Ал-жоме ал-кабир" китобларида келади.

Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Ким субҳаналлоҳил аъзим ва биҳамдиҳи (ҳамд бирла, буюк Аллоҳни пок деб ёд этаман) деса, жаннатда у учун бир хурмо кўчати ўтқизилади”, деб марҳамат қилганлар. Яна ушбу китобнинг «Қуръон фазийлати» деган бобида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ихлос сураси Қуроннинг учдан бирига тенг келади» деганлар. Бундан ташқари биз билмаганимиз учун ёки билсак ҳам, дангасалик қилиб айтмаётган кўплаб зикру тасбиҳлар бордир.

Юқоридагилардан маълум бўладики, инсон кўплаб гуноҳлару хатолардан тийилиб, зикрларни айтиб, қанчадан-қанча савоб олиб, ширин сўз билан ўзгаларни хушнуд қилишга уриниши керак экан.
Сўзимизни Маккаи Мукарраманинг имоми бўлган шайх Абдураҳмон Судайснинг сўзи билан тамомлаймиз. У кишидан бу даражага қандай эришдингиз деб сўрашганда, онам мендан аччиқланганларида қарғаш ўрнига, “Маккага имом бўлгур”, деб танбеҳ берар эдилар, деб жавоб берган эканлар.

 

Иброхим ТЕМИРОВ
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидлар имом-хатиб ва имом-ноиблари ўртасида “Йил имоми” кўрик танлови анъанавий тарзда мунтазам ўтказиб келинар эди. Жорий йилдан эса мазкур танлов Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 10 сентябрдаги 01/А092-сонли буйруғи асосида “Энг маърифатли имом” номи остида янги Низом асосида ўтказилди.
Ушбу танлов кучли илмий салоҳиятга эга, юқори касбий маҳорат соҳиби бўлган, ташаббускор, илғор фикрли, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган ва кенг халқ оммасига ўз фикрини аниқ етказиш қобилиятига эга бўлган энг иқтидорли, фаол имом-хатибларни аниқлаш мақсадида ўтказилиши белгиланган эди.
Уч босқичда ўтказилиши лозим бўлган танловнинг биринчи шаҳар-туман босқичи ғолиблари 16 октябрь куни Қарши шаҳридаги “Қум қишлоқ” жоме масжидида ўтказилган вилоят босқичида ўзаро беллашдилар.
Танлов Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Тадбир аввалида сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло Усмонов жорий йилги танловнинг аҳамияти ва ўтказилиш тартиблари ва шарт – шароитлари билан йиғилганларни таништирди.
Ўз сўзида Р.Усмонов диний соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, юртимизда диний-маърифий соҳага кўрсатилаётган эътиборга алоҳида тўхталди.
Танловда иштирокчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди ҳамда танлов сўнгида натижалар эълон қилинди:
“Энг маърифатли имом” танловининг Қашқадарё вилоят босқичи ғолиблари:
I-ўрин: Бойқобилов Аҳмад (Қарши шаҳри “Хонақо” жоме масжиди имом-хатиби)
II-ўрин: Ҳасанов Мавлонберди (Шаҳрисабз тумани “Янги қишлоқ-2” жоме масжиди имом-хатиби)
III-ўрин: Қосимов Фурқат (Нишон тумани “Талимаржон” жоме масжиди имом-ноиби)
“Энг кўп обуна уюштирган имом”
- Жалолов Мухтор (Шаҳрисабз тумани “Бобо Салим” жоме масжиди имом-хатиби
“Энг кўп мақола нашр этган имом”
- Усмонов Азамат (Касби туман “Фазли” жоме масжиди имом-хатиби)
“Энг обод масжид”
- Деҳқонобод тумани “Оқработ ота” жоме масжиди (масжид имом-хатиби Бозоров Ғайрат)
“Энг тарғиботчи имом”
- Қамаров Маҳмуд (Қарши шаҳар “Наво” жоме масжиди имом-хатиби)
“Энг таъсирли ижодий иш”
- Қораев Муҳаммади (Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби
“Энг хушовоз муаззин”
- Аҳмедов Яҳёхон (Қарши шаҳар “Кўкгумбаз” жоме масжиди муаззини)
“Энг ишбилармон мутавалли”
- Расулов Пармон (Китоб тумани “Хожа Бухорий” жоме масжиди мутаваллиси)
“Энг миришкор боғбон”
- Абдуллаев Намоз (Косон тумани “Катта масжид” жоме масжиди имом-хатиби)
“Энг намунали таҳоратхона”
- Чироқчи туман “Саид Боқихон” жоме масжиди таҳоратхонаси (масжид имом-хатиби Боқиев Жамолиддинхон)
“Энг замонавий қоровулхона”
- Шаҳрисабз шаҳар “Оиша она” жоме масжиди қоровулхонаси (масжид имом-хатиби Самиев Абдумуталлаб)
“Энг бой кутубхона”
- Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди кутубхонаси (масжид имом-хатиби Қораев Муҳаммади)
Ғолиблар Қашқадарё вилоят вакиллигининг диплом ва ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top