muslim.uz
Журайж исмли зот ҳақидаги ҳикоя
Имом Бухорий, имом Муслим ва имом Аҳмадлар бу воқеани Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу воқеани саҳобаларга сўзлаб берганлар. Унинг қисқача мазмуни қуйидагилардан иборат:
«Бану Исроилда Журайж деган бир авлиё, обид, тақводор зот бўлган экан. У ўзига пахса девордан бир ибодатхона қуриб олган экан. Тафсир китобларида ўзи аввал тожир бўлган, дейилган. Аммо бир куни тижоратдан воз кечиб, ўзини батамом тоат-ибодатга бағишлабди. Журайж онасига кўп хизмат қилган, онасининг розилигини олган одам эди. Ибодатда ҳам мустаҳкам, ўта парҳезкор эди. Бир куни она келиб, ташқаридан ўғлини чақирди. Ўғил ибодатхонанинг ичида нафл намоз ўқиётган эди. Онасининг овозини эшитиб, «Ё Роббим, қай бири муҳим? Онамми, намозимми?» деб ўйлади. Аммо намозини муҳимроқ санаб, онасига жавоб бермай, намозини ўқийверди. Она ҳар сафар чақирганда уч марта чақирар, сўнг қайтиб кетаверарди. Она уч кун давомида уч марта келди. Уч марта келганида ҳам Журайж намоз ўқиётган вақтга тўғри келиб қолди. Журайж ҳар сафар «Эй Роббим, онамми, намозимми?» дер ва намозида давом этаверарди. Журайж онасини ниҳоятда яхши кўрадиган, ниҳоятда ҳурмат-эҳтиром қиладиган, хизматини қилиб, онасининг розилигини олган одам эди. Лекин намозда туриб, ҳатто онага ҳам жавоб бериб бўлмайди деб тушунарди. Ҳолбуки, нафл намоз бўлса, уни тезлатиб ўқиб, тезлатиб салом бериб, фақат она эмас, бошқа одамга ҳам жавоб берса бўлади. Онага жавоб бериш эса бундан ҳам авлороқ эди. Хуллас, Журайж онага жавоб бермади. Учинчи кун учинчи марта ҳам чақириб бўлганидан кейин она ранжиб, «Бузуқ аёлнинг туҳматига қолмагунингча Аллоҳ сени ўлдирмасин» деб ёмон дуо қилиб юборди ва Аллоҳнинг изни билан бу дуо ижобат бўлди. Эл-юртда Журайжнинг обрўси баланд эди. Табиийки, Журайжнинг бу обрўсини кўра олмайдиганлар ҳам бор эди. Ана шу кўра олмайдиганлар даврасида «Қандай қилсак, Журайжни шарманда қиламиз?» деган маслаҳатлар тез-тез бўлиб турар эди. Бир фоҳиша аёл бор эди. Чиройли, келишган бу аёл «Мен уни йўлдан ураман», деб, гаров ўйнади. У Журайжнинг олдига бориб, уни ўзига қаратаман деб роса уриниб кўрди, лекин Журайж унга қараб ҳам қўймади. Шунда фоҳиша унга бошқа йўл билан зарар етказиш мақсадида тоғларга чиқиб кетди, бир чўпонни топти-да, у билан қўшилиб, ундан ҳомиладор бўлди. У даврнинг қоидасида ҳам зинодан бола орттирган одамлар ўлимга маҳкум қилинар экан. Одамлар «Бу боланинг отаси ким?» дейишган эди, фоҳиша: «Журайж», деди. Одамлар ғазаб отига миниб, ҳеч нарсани суриштирмасдан, Журайжнинг ибодатхонасини вайрон қилишди. Ўзини эса уриб-сўкиб, ҳақоратлашиб, «Биз сени ҳалол, ибодатли одам деб юрсак, сен ҳаромхўр экансан» деб, уни ўлдиришга шайланишди. Шунда Журайж икки ракъат намоз ўқиди. Барчамизга маълумки, Пайғамбарими соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир мушкул вазиятга тушганларида намоз ўқир эдилар. Бу нарса барча мусулмонларга, бутун умматга суннатдир. Аллоҳ асрасин, бошимизга бирор мушкул иш тушса, намоз ўқишимиз керак, ёрдам сўраб, Аллоҳга юзланишимиз керак. Журайж намозини ўқиб бўлгач, «Менга болани кўрсатинглар», деди. Бола бешикда ётар эди. Журайж борди-да, боланинг қорнига бармоғи билан ниқтаб, «Эй бола, сенинг отанг ким?» деди. Шу пайт мўъжиза юз бериб, бешикдаги бола тилга кирди-да, аниқ қилиб, «Отам Фалончи чўпон», деб жавоб берди. Одамлар ҳайратдан саросимага тушиб қолишди. Қандай катта хато қилиб қўйишганини тушунишди. Ҳаммалари келиб, Журайжга «Ибодатхонангни олтиндан қуриб берайликми?» дейишди. «Йўқ, аввалгидек, пахса девордан қуриб беринглар», деди Журайж. Ибодатхонасини пахса девордан қайтадан қуриб беришди».
Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларга мана шу воқеани ҳикоя қилиб берганлар. Бу воқеада онанинг фазли нақадар юксаклиги билинади. Бу ҳикоядан биринчи ўринда олинадиган фойда шуки, ота-онанинг фазли, айниқса онанинг даражаси ниҳоятда юксакдир. Шунинг учун машойихларимиз шундай дейдилар: «Онанг сени бир ишга буюраётган бўлса, билгинки, Роббинг сени ибодатга чорлаётган бўлади». Оналаримиз бизга иш буюраётган бўлса, Роббимиз бизни ибодатга чорлаётган бўлар экан. Журайжнинг воқеасидан яна кўплаб фойдалар олишимиз мумкин. Жумладан, билишимиз керакки, Аллоҳ таоло Ўзининг валий бандаларини ҳам баъзан ана шундай ишлар билан синаб, яна ҳимоялаб ҳам қўяр экан. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бешикдаги болани тилга киритиб, Журайжни ҳимоя қилиб қўйди.
Уламоларимиз тарихда гўдаклигида сўзлаган тўртта чақалоқ бор, шулардан бири Журайжга гапирган чақалоқдир, дейишган. Тарих китобларида ўша боланинг исми ҳам, айтилган отаси ким бўлганлиги ҳам айтилган. Аммо бугунги мавзу учун шу ергача айтилгани кифоя, биродарлар.
Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ
ЎМИ матбуот хизмати
Имом-хатиблар учун ўқув семинари пойтахтда ҳам ташкил этилди
Давлатимиз раҳбарининг: “Имом-хатибларнинг ён-атрофимизда бўлаётган ўзгаришларни чуқур англаб, халқимизга теран тушунтириб бериш борасидаги долзарб вазифаларини жуда юқори баҳолайман” деб айтган фикрлари бугунда ўз аҳамиятини янада орттирган.
Шу эътибордан, имом-хатиб дунёда юз бераётган жараёнларни доимо кузатиб бориши, атрофидаги воқееликка нисбатан ўз фикри, дунёқарашига эга бўлиши, ўз устида тинимсиз ишлаши лозим. Ана шу мақсадда диний соҳа вакиллари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг билимларини ошириб бориш мақсадида Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган имом-хатиблар, имом ноиблари ҳамда отинойилар учун, қисқа муддатли малака ошириш учун ўқув курслари ташкиллаштирилди.
Дастлаб Учтепа, Шайхонтоҳур, Олмазор туманларида ташкил этилган ўқув машғулотлари жорий йилнинг 13 октябридан 20 октябригача давом этади.
Дарсларни Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва Тошкент ислом институтининг профессор-ўқитувчилари олиб бормоқдалар.
ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати
Дубай китоб кўргазмаси дунёда энг йириги бўлади
Жорий йилнинг 18-28 октябрь кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида дунёдаги энг катта китоб ярмаркаси ўтказилади. Унда уч миллиондан ортиқ китоблар тақдим этилади.
Ярмаркада китоблар 50-80 фоиз чегирмалар билан сотилиши маълум қилинган. Ўзининг кичик кутубхонасини ташкил этиш ниятида бўлганларга китобларни ташиб олиш учун махсус аравачалар тақдим этилиши ҳам айтилган.
Маълумот учун, Big Bad Wolf Books 2009 йили Малайзиядаги аҳолининг саводхонлик даражаси пастлигидан ташвишга тушган эр-хотинлар томонидан ташкил этилган эди. Бу жуфтлик 2006 йил Куала-Лумпурда аҳоли ўртасида китобхонлик даражасини ошириш учун кутубхона очган.
Кейинчалик улар мазкур эзгу иш тўлақонли самара келтира олиши учун қамров доирасини кенгайтиришга қарор қилган. Янги китоб дўконларини очиш серхаражат иш бўлгани учун, кўплаб нашриётларнинг сотилмай қолган китоблари йиғилиб, ярмаркалар ташкил этишга киришилган. Ҳозирда Big Bad Wolf Books томонидан ўтказилаётган бу каби ярмаркалардан Куала-Лумпур, Жакарта, Манила, Себу, Коломбо, Бангкок ва Тайбэ аҳолиси фойдаланмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
“Салгина эпкинга ҳам айланаверадиган онгсиз пирпиракка ўхшамаслик керак”
Кишининг фаолияти ғоя билан суғорилмаган бўлса, қупқуруқ ва ғарибдир.
Н. Г. ЧEРНИШEВСКИЙ
Агар сенга ғоя ёқиб қолса, ундан руҳлан. Чунки Инсонда руҳланиш қобилияти бўлиши керак.
Э. ТEЛМАН
Зарур бўлганда жон фидо этмаган кишини оқил дейиш хато.
Г. БИЧEР
Олижаноб ғояларсиз инсоният яшай олмайди.
Ф. М. ДОСТОЕВСКИЙ
Одамзод бахти учун ҳамма нарсадан воз кечишга ўргатадиган ажиб ғояларни кишиларга сингдириш буюк санъатдир.
СТEНДАЛ
Инсониятнинг бутун мақсадлари, бутун меҳнатлари муҳаббатсиз нимага ҳам арзирди?
М. Ю. ЛEРМОНТОВ
Ғоядан қўрққан одам бора-бора ўз тушунчасини ҳам йўқотади.
ГЁТE
Инсонда изчил ва онгли эътиқод, фақат ё жамият таъсири остида ёки адабиёт ёрдамида ривожланиши мумкин.
Н.Г. ЧEРНИШEВСКИЙ
Тирик жон кучли эътиқодга эга бўлмаслиги мумкин эмас… Эътиқодсиз кишиларгина эътиқодни амалга ошира олмайдилар; калтафаҳм одамлар ёки виждонсиз одамларгина эътиқодсиз бўладилар.
Я. Г. ЧEРНИШEВСКИЙ
Ғояни фойдали деб эътироф эта туриб, лекин ундан фойдалана билмаслик ҳам мумкин.
ГЁТE
Ўз эътиқодингни айтмоғинг учун журъатли бўлишинг керак.
Я. М. СEЧEНEВ
Ҳар бир киши ўз эътиқодини ҳимоя қилиши учун мард бўлиши керак.
А. ГУМБОЛДТ
Эътиқод ўзимизники бўлгани учун эмас, балки ҳаққонийлиги учунгина қимматлидир.
В. Г. БEЛИНСКИЙ
Ҳар қандай қатъий эътиқодларимиз ҳам билимларнинг янада юксалиши туфайли улоқтириб ташланиши ёки жуда бўлмаганда ўзгартирилиши мумкин.
Т. ГЕКСЛИ
Фақат тентаклар ва мурдаларгина ҳеч қачон ўз фикрларини ўзгартирмайдилар.
Ж. ЛОУЭЛЛ
Эътиқод ўз табиатига кўра фаолсиз маънавий бойлик бўлолмайди.
В. А. СУХОМЛИНСКИЙ
Агар эзгу ишларга бошламаса, энг зўр маънавий истаклар ҳам уч пул.
Ж. ЖУБEР
Инсоннинг энг юксак хоҳишлари, ғоялари, ниятлари ва туйғулари кундалик ҳаётда ўз бурчини кўнгилдагидек бажаришга уни ундамаса, сариқ чақага ҳам арзимайди.
Г. БИЧEР
Ҳаётини ўз эътиқодига бағишлаган одам янги металлни ихтиро этган ёки янги газни топган тадқиқотчига қараганда ҳам инсониятга кўпроқ хизмат қилган бўлади.
Ж. ЛОУЭЛЛ
Эътиқодсиз одам нотавон, ҳар бир аъмоли йўқ одам ғариб кимсадир.
Я. Е. РEПИН
Жиддий одамнинг ғоялари кўп бўлмайди. Ғояси кўп одам ҳеч қачон жиддий бўлолмайди.
П. ВАЛEРИ
Салгина эпкинга ҳам айланаверадиган онгсиз пирпиракка ўхшамаслик керак.
Ж. ЛОНДОН
Менинг эътиқодларим юрагимнинг урушига қараб ўзгараверса, унда ҳолимга вой.
Ф. ШИЛЛEР
Биринчи учрашган кимсага ёқиш учун ўз фикрини дарров ўзгартираверадиган одамни биз бўлмағур, пасткаш, ҳеч бир ихлоси йўқ одам деймиз.
Н. А. ДОБРОЛЮБОВ
“Маърифат гулшани” китоби асосида тайёрланди
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси
ўқитувчи Пўлатхон Каттаев
Нишонга урилган гаплар: “Ўзларини доим «Биз тўғри иш қиляпмиз» деб ўйлайверадиган кишилар билан яшаш қийин”
Қуйида келтириладиган фикрлар ижтимоий тармоқлардаги “Тарих мухрлаган сўзлар” саҳифасидан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
- Аёл Ой кабидир. Уни севадиган эркакдан келадиган нурни юзида акс эттиради.
- Аёлнинг ҳақ-ҳуқуқи борлигига ишонмайдиган, уни менсимайдиган киши ўзининг онаси, синглиси ва қизи ҳам аёл жинсига мансуб эканини кўпинча унутиб қўядиган одамдир.
Ўта кетган пасткашлик
Эр аёлига қамоқ панжараси ортидан: “Болалигимизда онам бизга сигиримиз сутидан пишлоқ тайёрлаб берардилар. Ўша пишлоқни жудаям соғиндим!” деди.
Аёл сигир сотиб олди. Эрталаб ва кечқурун уни яйловга қўйиб юборарди. Кейин сигирни соғиб, ўша сутдан пишлоқ тайёрлар эди. Йигирма йил давомида эрига шу тарзда пишлоқ тайёрлаб, жўнатиб турди.
Эр қамоқдан озод бўлиб қайтгач, аёлидан келаётган бадбўй тезак ҳидидан жирканди ва у билан ажрашиб, бошқа аёлга уйланди.
- Мактабда ўрганган дарсларимиздан бири шуки, ичи бўш бошоқ далада бошини кўтариб туради, донга тўла бошоқ эса бошини энгаштириб туради. Демак, фақат олийжаноб инсон камтар бўлади, пасткаш кимса кеккайган бўлади.
Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ
- Ўзларини доим «Биз тўғри иш қиляпмиз» деб ўйлайверадиган кишилар билан яшаш қийин.
Али Шариатий
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов