muslim.uz
Ҳотиржамлик керакми ёки қарзми?
Ҳар бир инсон қўлларини баланд кўтарибми ёки ғойибона бўлса ҳам дуо қилганида барча яхши тилаклар дилидан ўтади, айниқса, Аллоҳ таолодан икки дунё ҳотиржамлигини сўраб, қалбларига офият сўрайди. Аслида ҳотиржамлик инсонга йўлдош қилиб берилган бўлади, одамзод эса дунё зийнатига бўлган муҳаббати туфайли ўзидан хотиржамликни қочиради.
Инсонга хос орзу-интилишларни рўёбга чиқариш, унинг онгли ҳаёт кечириши учун зарур бўлган моддий ва маънавий олам ўзаро боғланиб, бу икки оламда юз берадиган ўзгаришларни мувозанатда сақлай билиш бу катта маҳоратдир. Инсоннинг белгиланган умрини босиб ўтадиган даврида моддий ва маънавий мувозанатни сақлай билиши учун ҳотиржамлик неъматини ўзидан узоқлаштирмасдан, уни маҳкам тута билишлик керак.
Ҳозирда ҳотиржамлик аталмиш улуғ неъматга қарама-қарши туриб уни емираётган қарздорлик кўприги вужудга келган бўлиб, унинг кенгайиши тоборо ортиб бормоқда. Бунга сабаб, орзу-ҳавасга берилиб, фарзандларининг камолини янада баландда кўрай деб, дунё зийнатларига учиб, моддий эҳтиёжларини устун қўйиб, руҳий оламига қарама-қарши туриб қарзсиз яшай олмаётган кишиларнинг орамизда кундан — кунга кўпайиб кетаётганини кўриб турибмиз. Албатта қарз олаётган кишиларнинг баъзилари ўзларининг имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, баъзилари кўр-кўрона, айримлари эса кимнингдир маблағи эвазига ўз-ўзини моддий бойликларга қондириб олганидан хурсанддек қарз кўпригидан юришда давом этаверадилар. Бундай қарз олувчилар “Қарз қачондир узилади, керак нарса ёнга қолади” иборасини кўп қўллашларини эшитиб ҳам қоламиз. Насияга нарса олиш, кимдандир қарздорлигини доим эслаб ва бундай қарздорлик ҳисси қон-қонга сингиб кетган инсоннинг иймони емирилиши турган гап. Аҳир инсоннинг белгилаб қўйилган ризқи зиёда ҳам, кам ҳам бўлмайди. Бу ҳақда, Қуръони каримда “Уларнинг дунё ҳаётидаги тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз тақсимлаганмиз” (Зухруф сурасининг 32-ояти) дейилмоқда. Хўш, қарздорликдан қочиш ўрнига, ўзининг белгилаб қўйилган ризқини бошқа бир мўмин биродарининг эвазига қондириши иймонли-мўминнинг ишими? Ҳеч ким кимдир қарз сўраб қолса бериб турарман деб маблағ тўпламайди. Лекин қарз олиш илинжида юрган одамларни нақадар ёлғончиликка берилганини, ўзини йўқчиликка тушиб қолгандек тутишлари ажаблантиради. Бошқаларга зарар келтириш эвазига, ўзининг ишларини уддалаган инсонлар яна қанча? Боридан қаноатланиб, сабр-матонат билан, қарздорликсиз фарзандларини олий маълумотли, ҳунарманд қилиб иймон-инсофли қилиб тарбиялаб, ҳалол ризқ билан яшаб келаётган оилалар ҳам борку.
Ота-оналаримизнинг турмушда қийналиб қолишганларида бирор бир бурда нончалик қийматга эга бўлган буюмдан ҳам қарз бўлиб қолганлиги ва ана шу қарздорликдан ўзларини хижолатда сезишиб юрган ҳолатлари хали-ҳанузгача ҳеч ҳаёлимдан чиқмайди. Уларда “Қарз қарзни чақиради” деган ибораларни ишлатишлари ёки олган қарзлари эвазига аянчли ҳолатга тушишлари, гўёки Аллоҳ таолодан қаттиқ уялгандек ўзларини тутишлари ва бизларга ҳам “қарзсиз яшай олишни бил” ва “ризқ-насибангда сабрли бўл” деб уқтиришлари ҳамон ҳаёлимда. Аҳир Аллоҳ таоло сабр улкан ҳислатлардан эканлигини “Сабр қилинглар, албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” – деб, (Анфол сураси 46-ояти) уқтириб, мўминлар шу сифатни ўзлаштириб олишлари шартлигини таъкидлайди. Аслидачи, ўзида йўқ маблағ эвазига олдиндан моддий манфаъат кўришни хохловчилар ортиб бормоқда. Ўша қийинчилик даврларини бошидан кечирган ота-оналаримизнинг ўгитларини ҳозирда саробга айлантириб, қарз деб аталмиш уммонга чўкиб, оиладаги фарзандларига ҳам қарздорлик касаллигини юқтириб, ҳотиржамлик неъматини йўқотиб қўяётганлар ҳозирда оз эмас. Қарздорлик натижасида уйқунинг равонлиги йўқолиб бундан ташқари ўзининг саломатлигига, руҳиятига, оилавий шароитига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни зиммасига олиб, қарздорлик кўпригида юриш шартми? Ҳотиржамликнинг қадр-қимматини барчамиз жуда яхши билсакда уни ўзимиз йўқотамиз. Инсон дунё зийнатлари деб, ўз-ўзини қийнаш билан кун кўрадиган бўлиб қолгандек гўё.
Ҳадиси шарифларда ҳам тинчлик ва ҳотиржамлик мавзуси алоҳида муҳим ўрин эгаллаган. Росулуллох с.а.в. айтадиларки: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар” (Имом Буҳорий ривояти).
Салмжон Юнусов,
Избоскан туман бош имом-хатиби
ЎМИ матбуот хизмати
Ғийбатдан тийилинг...
Дарҳақиқат, бугунги кунимизнинг энг ёмон иллатларидан бири бу - ғийбатдир.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ғийбат зинодан ҳам ёмонроқдир». Саҳобалар ҳайратланиб: «Қандай қилиб ё Расулуллоҳ?», дейишди. У киши: «Киши зино қилиб, сўнгра тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Ғийбатчини ғийбат қилинган кимса кечирмагунича, Аллоҳ унинг гуноҳини кечирмайди», дедилар.
Демак, бу ҳадисдан ғийбат энг улкан гуноҳ эканлигини биламиз.
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга ваҳий қилиб айтди: «Эй Мусо, ким ғийбат қилишдан олдин тавба қилиб ўлса, жаннатга кирадиганларнинг охиргиси бўлади. Ким ғийбат қилган ҳолида вафот этса, дўзахга киргувчиларнинг аввалгиси бўлади».
Ғийбат энг қабиҳ ишлардан биридир. Ғийбат оз бўлсада, келтирадиган зарари денгиз каби бепоёндир. Бирор кишининг орқасидан гапириш, айбини топиш, ёмонлаш, бола-чақаси, хотини, хулқи, бойлиги ҳақида бемаза гапларни гапиришнинг барчаси ғийбат ҳисобланади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ғийбатчи ва чақимчилар қиёмат
кунида маҳшаргоҳда ит суратида тўпланадилар", дея марҳамат қилганлар.
Аллоҳ ўзи паноҳ берсин, яна бугунги кунимизнинг энг ёмон иллатларидан бири - устозларнинг орқасидан гапириб ғийбат қилиш, уларнинг айбини, камчилигини ахтариб жар солиш, улар ҳақида иғвою-фасод ишларни тарқатиш бировларнинг эрмагига айланиб қолди десак муболаға бўлмайди. Буни кўриб турган баъзи бировлар эса худдики оддий бир томошабин сифатида қараб, ҳаттоки қарсак ҳам чалиб турибдилар. Ахир бизлар ҳам ўша ғийбатга, ўша гуноҳларга шерик бўлиб қолмаяпмизми? Пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳдан қўрқмасанг, хохлаган ишингни қилгин», деганлар. Нимайики бўлганда ҳам биз бу борада Аллоҳдан қўрқайлик. Зеро, ҳар бир инсон борки албатта хато қилади, устозлар бундан мустасно дегани эмас. Устоз ота-онамиздек улуғ бўлган зотлардир. Ота-онанинг ёмони бўлмаганидек устознинг ҳам ёмони бўлмайди. Бизга таълим тарбия берган, оқ ва қорани ўргатган устоз эмасми? Билингки, бир мусулмоннинг ғийбатини эшитган киши уни ғийбатдан қайтариб, сўзловчига танбеҳ бермоғи лозим бўлади. Агар сўз билан танбеҳ бера олмаса, қўли билан, агар қўли ва тили билан танбеҳ бера олмаса, ана шу мажлисни тарк этади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки биродари обрўсини ҳимоя қилса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг юзидан дўзахни даф қилади», деб марҳамат қилганлар.
Бошқа бир ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор киши бир мусулмон кишини ҳурмати кетиб, обрўси тўкиладиган ўринда қаровсиз ташлаб қўйса, Аллоҳ таоло уни ҳам ёрдамга муҳтож бўлиб турган ўринда қаровсиз ташлаб қўяди. Бир киши бир мусулмон кишига обрўси тўкилиб, ҳурмати кетадиган ўринда ёрдам берса, Аллоҳ таоло унга ҳам ёрдамга муҳтож бўлиб турган жойда ёрдамини беради. Кимки бир мўмин кишини мунофиқдан ҳимоя қилса, Аллоҳ таоло бир фариштани юбориб, қиёмат куни унинг жасадини жаҳаннам ўтидан ҳимоя қилади. Кимки мусулмонни бир нарса билан айблаб уни шарманда қилса, тоинки айблаган кишисининг розилигини олиб гуноҳидан пок бўлгунича Аллоҳ таоло уни жаҳаннам кўпригида ҳибс қилиб туради», деганлар.
Мисвоклар билан оғзимизни тозалаймиз, кошки эди бундан кейин оғзимизни бўҳтон, ёлғон ва ғийбат сўзларни айтиш билан булғамасак.
Сўзимиз якунида Фариддидин Атторнинг бир гўзал мисраларини келтирмоқчимиз, хулоса эса фақат ўзимиздан.
Бўшамаса тили ғийбатдан,
Бўшамайди дил уқубатдан.
Каримов Олимжон
Пешку туман «Хўжа Пешку» жомеъ масжиди имом хатиби.
ЎМИ матбуот хизмати
Қўшничилик ҳақлари
Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримасида кимларга яхшилик қилишимиз лозимлигини уқтирган:
“Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ таоло ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас” (Нисо сураси, 36-оят).
Агар эътибор берсак, оятда ҳар бир тоифа бир мартадан, қўшни ҳақида эса уч маротаба қайта-қайта зикр қилинмоқда: “яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга”.
Демак, яхшилик қилаётганимизда қўшничилик ҳаққини эсимиздан чиқармаслигимиз, уларнинг ҳаққи буюклиги, ота-онаю, ака-укалик ришталари каби яқин эканлигини унутмаслигимиз, уларнинг қайси дин, қайси миллат, қайси ирққа мансублиги бизни қизиқтирмаслиги керак.
Қўшничилик ҳақларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бирма-бир айтиб ўтганлар: “Эй уммати Муҳаммад, қўшнилар ҳаққи ушбулар: сиздан ёрдам сўраса, ёрдамлашинг, қарз сўраса, қарз беринг, камбағал бўлса, кўмаклашинг, касал бўлса, бориб кўринг, вафот этса, жанозасида иштирок этинг, шодонлигида муборакбод этинг, ғамгинлигида кўнгил сўранг, далда беринг. Уйингизнинг томини уларнинг уйидан баланд қурманг, шамолга монелик қилган бўласиз. Агар у рухсат берса майли. Бирор тансиқ есангиз ёки тоза чиққан мевалардан келтирсангиз, қўшнингизга ҳам илининг. Чиқара олмасангиз, пинҳона енг. Бермоқчи бўлмасангиз уйингизга олиб келганингизни кўрмасин. Болангизнинг қўлига бирор мева бериб ташқарига чиқариб юборманг, қўшнининг боласининг ҳавасини келтирмасин. Қўшниларга ошхонангиз тутуни бирла озор берманг. Тутуни тарқалса, ўша таомдан қўшнига ҳам беришни унутманг.
Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, фақат Аллоҳнинг раҳматида бўлган кишигина қўшнининг ҳаққини адо қила олади. Билинг, қўшничилик ҳақларидан яна бири, беҳудага девордан унинг уйига қараманг, мабодо кўзингиз тушиб қолса, сирини сақланг, ошкора қилманг. Эшитишингиз керак бўлмаган нарсаларга қулоқ тутманг. Қўшнингизнинг маҳрами ва қизларига назар солманг. Мана шу мусулмончилик қоидаларидандир”.
Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган ҳадисда айтилишича, “Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй Расулуллоҳ, мен ўзимнинг яхши ёки ёмонлигимни қандай билсам бўлади?” деб сўради. У зот: “Агар қўшниларинг сен ҳақингда яхши гапларни гапираётган бўлса, демак сен яхшисан, аммо сен ҳақингда ёмон сўзларни айтаётган бўлса, демак сен ёмонсан”, деб жавоб бердилар” (Ал-адаб ал-муфрад).
Ҳадиси шарифларнинг яна бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй аҳлим, намоз ўқинг, закот беринг, мискинларга, етимларга, қўшниларга яхшилик қилинг. Шояд Аллоҳ сизларни жаннатда бирга қилса, деган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», деганлар.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг ҳузурида дўстларнинг яхшиси ўз дўстига яхшилик қилганидир. Аллоҳнинг ҳузурида қўшниларнинг яхшиси ўз қўшнисига яхшилик қилганидир», деганлар (Термизий ривояти).
Ҳа азизлар, қўшнилар билан муносабатимизни яхшилайлик, яхши кунимизда ҳам ёмон кунимизда ҳам қўшни асқотади. Улар билан шундай аҳил-иноқ бўлайликки, бошқалар ҳавас қилсин, ўрнак олсин. Жаннатда ҳам яхшилар билан қўшни бўлиш насиб этсин.
Ширинов Абдулатиф.
Ромитан туман “Хўжа Муҳаммад Бобойи Самосий”
жомеъ масжиди имом хатиби
ЎМИ матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев Францияга жўнаб кетди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан бугун, 8 октябрь куни расмий ташриф билан Францияга жўнаб кетди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ташриф давомида икки давлат раҳбарлари ўртасида музокаралар, Франция парламенти раҳбарияти, етакчи компаниялари ва молия институтлари вакиллари билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.
Учрашув ва музокаралар якунида 10дан ортиқ ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Президент БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти Бош директори Одри Азуле билан учрашади. Унда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги шерикликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама этилади ҳамда 2018-2021 йилларга мўлжалланган қўшма Ҳаракатлар режаси қабул қилинади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Сафар ойи – яхшилик ойи
Сафар ойи – ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир. Ҳар доим сафар ойи яқинлашиши билан одамлар орасида турли саволлар кўпая боради. Сафар ойида сафар қилиб бўлмасмиш. Сафар ойида тўй қилиб бўлмасмиш ва ҳоказолар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсониятни жаҳолат ботқоғидан халос этиб, улар орасида тарқалган хурофотларни ислоҳ қилиш учун юборилганликлари барчамизга маълум. Илоҳий таълимотда қазою қадарга имон келтириш Ислом динимиз асосларидан биридир. Шундай экан, инсон бошига тушадиган барча яхшилик ва ёмонликларни ҳам тақдирдан деб билиш, у бандага Аллоҳнинг иродаси билангина етади дейиш энг тўғри йўлдир. Бу ҳақда Қуръони каримда қуйидагича баён қилинган: “Сизга Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир мусибат етмас. Ким Аллоҳга имон келтирса, У зот унинг қалбини ҳидоятга солур. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир” (Тағобун,11).
Айрим кимсаларнинг ой, кун, жой ва одамлардан шумланиши, улардан ёмон фол очиши уларнинг нодонлигига ва Ислом таълимотидан бехабарлигига далолат қилади. Шумланишлик борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак хадис шарифларида: “Уч нарсадан менинг умматим ҳануз қутула олмайди. Улар: хасад, бадгумонлик ва иримдир. Шу нарсалардан қутулиш йўли шуки, ҳасад қилсангиз зулмга ўтманг. Гумону шубҳа қилсангиз, уни хақиқат ҳисоб қилиб унга асосан иш тутманг. Бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳга таваккул қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этаверинг!”(Абу Яъло ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиздан ривоят қилган ҳадисда жоҳилият ақидасидан огоҳлантириб айтдиларки: “Эътиқод юзасидан бир касалликни иккинчи бир кишига ўтиши қатъий қилинмайди, магар Аллоҳ таоло хоҳласагина ўтади. Шариати исломияда ирим қилиш йўқ, у жоҳилият қолдиқларидан бўлиб, мусулмонлар орасида тарқалган зарарли ақидадир. Вафот этган одамнинг руҳи келиб, турли жониворлар шаклида чирқиллаб туриши ҳам йўқдир. Чунки одамлар ўйлаганидек, бойўғли сайраганида ёки ин қурганда, дарахт қуриб, уйлар вайронага айланмайди, аксинча, бойўғли қуриган дарахтларни ва вайроналарни қидириб топиб, ўша жойларгагина ин қуради. Чунки унинг емиши бўлмиш сичқон ва каламушлар, одатда, худди ана шундай ерларда бўлади. Сафар ойидан ҳам ирим қилиш, шумланиш нотўғри” (Муттафақун алайҳ).
Ҳар вақт ва ҳар бир амалда Аллоҳнинг ўзига таваккул этиш зарур. Зеро, Аллоҳ таоло Қурони каримда бундай марҳамат қилади: “...Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи (ҳохлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир” (Талоқ, 3).
Ҳозирги кунда ҳам халқимиз орасида бундай бемаъни фикр ва ирим-сиримлар учраб туради. Масалан, йўлда кетаётган одам олдидан қора мушук ўтиб қолса, бир фалокат юз беради деб тушунади. Кечаси қичқирган хўрозни бехосият деб ҳисоблаб, уни сўйиб юбориш керак деб ўйлайди. Бу ишларнинг нотўғрилигини қуйидаги ҳадис исботлайди: Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Вақтики хўроз қичқирганини эшитсангиз, Аллоҳ таолонинг фазлини сўранг, чунки хўроз фариштани кўрганда қичқиради”. Вақтики эшакни ҳанграганини эшитсангиз, Аллоҳдан паноҳ тиланг, чунки эшак шайтонни кўрганда ханграйди”, деганлар.
Сафар ойидан шумланишга қарши фақат тушунтириш ишлари олиб бориш билан кифояланиб қолинмади, балки амалий ва намунали ишлар ҳам қилинди. Жоҳилият аҳлининг сафар ойидан шумланишига тамоман зид ўлароқ бу ой Исломда “Сафарул хайр” (Сафар яхшилик) деб номланди. Жоҳилият аҳлининг сафар ойида иш бошлаб бўлмайди, деган хурофотига зид ўлароқ Исломда кўпгина ишлар айнан сафар ойида бошланди. Масжиди Набавийнинг қурилиши биринчи ҳижрий сананинг айнан сафар ойида бўлди. Жоҳилият аҳлининг сафар ойида сафарга чиқиб бўлмайди, деган эътиқодига зид ўлароқ мусулмонлар худди бошқа ойлардаги каби бемалол сафарларга чиқдилар. Пайғамбар алайҳиссалом сафар ойида сафарга чиқиб Хайбарни фатҳ қилдилар. Жоҳилият аҳлининг сафар ойида никоҳланиб бўлмайди, деган сафсатасига қарши ўлароқ мусулмонлар бу ойда никоҳларини ўтказдилар. Манбаларда Имом Зуҳрийнинг ривоятлари асосида келтирилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айнан сафар ойида ўз қизлари Фотимаи Заҳрони Али розияллоҳу анҳуга никоҳлаб бердилар. Ўшанда ҳижратнинг иккинчи йили эди. Сафар ойидан шумланишни йиғиштирайлик. Билмаганларга ҳам бу ой тўғрисида ўзимиз билган исломий ҳақиқатни етказайлик.
Алҳосил, халқимиз ичида ҳанузгача бидъат-хурофот ва ирим-сиримга берилиб, сафар ойида қилинадиган хайрли ишларни бошқа ойларга кўчирадиган, бошқаларнинг фикрини чалғитиб соф Ислом таълимотидан йироқлаштириб қўяётган айрим кимсалар юқорида айтилган гаплардан ўзларига тегишли хулоса чиқариб олсалар, айни муддао бўлур эди
Халқимизда “Хайрли амаллар кечиктирилмайди”, деган ҳикматли ибора бежиз айтилмаган.
Ҳақ таоло ҳаммамизни Ўзининг ҳидоят йўлидан боришимизни, турли бидъат ва хурофотлардан эҳтиёт бўлишимизни, Ўзи рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимизни насиб айласин!
М.ТЎРАҚУЛОВ,
Олтинкўл тумани бош имом-хатиби