muslim.uz
Ҳарбийлар Ҳалаб аҳолисига ифторлик ташкил қилишди
Суриянинг Ҳалаб шаҳрида муборак Рамазон ойи шарафига ифторлик дастурхони ёзилди. Бу ҳақда Islam.ru сайти хабар тарқатди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, барча хоҳловчиларни Ҳалабнинг Маашар туманидаги Сайд Раис масжидига таклиф қилинган ва хайрия ифторлиги Рамазон охирига қадар давом этади.
Ифтор таомлари урушдан азият чеккан одамларнинг хонадонларига ҳам етказиб берилаётгани маълум қилинган.
ЎМИ Матбуот хизмати
“Умра-2018” Рамазон мавсуми бошланди
Бугун, 31 май куни “Умра-2018” рамазон мавсуми доирасида ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Умра ибодатини адо этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар.
Рамазон ойида 1500 нафар фуқароларимиз “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг замонавий самолётларида жорий йилнинг 7 июнига қадар Саудия Арабистонига олиб борилади.
Зиёратчиларимиз Макка ва Мадина шаҳарларида барча зарур шароитларга эга меҳмонхоналарда истиқомат қиладилар ҳамда уларга тажрибали ишчи гуруҳи, малакали шифокорлар ҳамда моҳир ошпазларимиз хизмат кўрсатишлари режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
Кореядаги Қуръон мусобақасида ўзбекистонлик қори ғолиб бўлди
Жанубий Корея Республикасида халқаро Қуръон мусобақаси ўтказилиб, ушбу мусобақада дунёнинг турли мамлакатларидан 70 га яқин қорилар иштирок этди. Бу ҳақда "azon" нашри хабар берди.
Мусобақа фақат тиловат йўналишида, уч босқичда ўтказилган. Дастлабки босқичда иштирокчилар ўзлари истаган жойдан тиловат қилиб беришган.
Шунга қарамасдан кейинги босқичга фақатгина 20 нафар иштирокчи ўта олган. Иккинчи босқичда иштирокчилар ҳакамлар сўраган жойдан Қуръонга қараб тиловат қилиб беришди.
Шундан сўнг ҳакамлар қўйган баллар ҳисобланиб, ғолиблар аниқланган.
Иштирокчилар орасида Ўзбекистонлик Абдураҳимов Абдурашид Қори Абдулҳаким ўғли биринчи ўринни эгаллагани маълум қилинди. Юқори натижани қўлга киритганларга диплом ва эсдалик совғалари топширилган.
Тижорат ва тирикчилик мақсадида Кореяга борган қори Қуръон мусобақасининг дарагини эшитиб, унда иштирок этди ва халқаро мусобақа ғолибига айланди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Фоторепортаж: "Ҳазрати Имом"да хатми Қуръон
Гуллар шаҳри Наманганда Рамазоннинг ҳақиқий шукуҳи
Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинким, муборак ойи тинчлик, меҳр-оқибат, ҳиммат ва саховат каби анъаналаримиз тобора мустаҳкам қарор топаётган бир шароитда, кўтаринки руҳ билан ўтмоқда.
Муборак Рамазон ойи ўзининг хайру баракаси, саховати, мўл-кўл эҳсонларини шукуҳ билан юртимиз узра тараннум этмоқда. Бу ой юртимиз аҳлига сурур ва фарахлар бахш этмоқда.
Наманган вилоятидаги барча масжидларда таровиҳ ва хатми Қуръонлар ўтказилмоқда. Намозхонлар масжидларда қориларнинг Қуръон ўқиб беришларини ихлос билан эшитмоқдалар. Қайси бир масжидга назар солсангиз муборак Рамазон ойи шукуҳи давом этмоқда. Таровиҳ намозларида қатнашаётган кексалар билан суҳбат қилсангиз кўзларида миннатдорчилик ёши балқиганини кўриб Яратганга шукроналар келтирасиз.
Ана шундай неъматлар ичида энг улуғларидан бири тинчлик ва осойишталик неъматидир. Тинчлик ва хотиржамлик бўлган юртда ривожланиш, тараққиёт бўлади. Ибодатлар тинч ва осойишталик билан адо этилади. Эл-юртимиз узра бахту-саодат тараннум этади.
Аллоҳ таоло Наманган аҳлига яна бир неъмат инъом этди. Боиси 30 май куни Наманган шаҳридаги “Мулла Бозор Охунд” жоме масжидига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ташриф буюрдилар. Бу ташриф масжидга ўзгача тароват бахш этди, масжид аҳлининг боши кўкларга етди.
Муфтий ҳазратлари таровиҳ намозидан сўнг муборак Рамазон ойининг фазилатлари ва охирги йилларда диний соҳада эришилаётган ютуқлар, истиқлол шукронаси мавзуларида маъруза қилиб, Рамазон ойи юртимиз учун барокатли ва хайрли, она Ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз эса фаровон бўлишини сўраб дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати