muslim.uz
Бошимиз кўкка етди
Муҳтарам юртбошимизнинг вилоятимизга ташрифи биз диний соҳа ходимлари учун ҳам қувонарли воқеа бўлди. Айниқса, бизнинг Шаҳрихон туманини намунали туманга айлантириш фикри туман аҳлини бениҳоя хурсанд қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг туманимиз масжидларида бўлиб масжид ходимлари ва қавмларини муборак рамазон ойи билан табриклаб, маслаҳатлар бериб ва уларнинг ҳаққига дуолар қилиши ҳаммани бирдек қувонтирди.
Шу фурсатдан фойдаланиб муҳтарам юртбошимиз ва муфтий ҳазратлари бошлиқ диний идора ходимларига масжидимиз жамоати номидан миннатдорчилик билдирамиз. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳу.
Олимжон КАРИМОВ,
“Муҳаммад Розиқбой” жоме масжиди имом-хатиби
Каъбанинг хитоби "Аллоҳу акбар"
Усмон ибн Абу ал-Асо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Омина онамизнинг кўзлари ёриб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келган тунда менинг онам ўша ерда бўлган экан. Ўша муборак воқеани онам тасвирлашга сўз топа олмасдан бундай дер эди: “Бутун хона нурга тўлиб кетди, қарасам, юлдузлар шу қадар яқин келган эдики, улар бошимга тушиб кетмаса деб чўчиб кетдим. Омина Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) туққан вақтида ундан бир нур чиқиб, хонани ва бутун уйни ёритиб юборди. Мен бундай чароғон нурни умрим бино бўлиб кўрмаган эдим”
Ал-Хатиб ал-Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳ ровийлар халқасидан келтириб хабар қиладики, “Омина онамиз: “Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) туққанимда бошим узра ёғду таратиб турган каттакон оппоқ булут пайдо бўлганини кўрдим”, деган эканлар”.
“Пайғамбарлар тарихи” китобида баён қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилганидан кейин осмонга олиб чиқишдан олдин у зотга хизмат қилишга буюрилган учта фаришта тушиб келган. Улардан бирининг қўлида сув идиши бўлиб идишдан мушки анбарнинг ҳиди келиб турар эди. Иккинчисининг қўлида тўрт тарафига тўртта жавоҳир билан безак берилган олтин тоғора бор эди. Фаришта бу тоғора дунёнинг тимсоли эканини айтиб, Аллоҳ таолонинг севган қулидан дунёнинг истаган тарафини танлаши мумкинлигини билдирган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини тоғоранинг ўртасига қўйганлар. Шунда хотифдан у хайрли ва баракотли жой – Каъбани танлади, деган овоз келган. Яна шунингдек, Аллоҳ таоло Каъбани у зот ва у зотнинг умматлари учун қибла қилгани ҳам айтилади.
Учинчи фаришта қўлида ипакдан қилинган жуда ҳам чиройли оппоқ матони қатланган ҳолда тутиб турган эди. Ризвон фариштаси қатланган матони очиб, унинг ичидан нубувват муҳрини олди ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг қопқоқлари орасига босди. Бундан олдин икки фаришта чақалоқни тоғорага солиб сув идишдан бошига етти марта сув қўйиб чўмилтирган эди.
Ўша тунда Каъба шу қадар қаттиқ силтандики, унинг деворларидаги бутлар жойидан отилиб, ҳар тарафга сочилиб кетди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бобоси Абдулмуталлиб ўша вақтда Каъбани айланиб юрган эди. Каъбанинг қандай силкинганини ўз кўзи билан кўрди. Яна у Каъбанинг ерга сажда қилганини ва икки марта “Аллоҳу акбар”, деб нидо қилганини эшитди. Шундан кейин Аллоҳнинг Уйи “Муҳаммад пайғамбар туғилди”, дея суюнчи олди. Абдулмуталлиб осмондан бугун тунда Омина Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни туғди деган овознинг келганини ҳам эшитди.
Овозда Омина исми тилга олинганини эшитган Абдумуталлиб келинидан хавотир олди ва ундан хабар олиш учун уйига чопқилаб борди.
Абдулмуталлиб келинининг уйига оппоқ булут соя солиб турганини кўрди ва туш кўрмаяпманми, дея ўзини чимчилаб кўрди. Кейин кўзларини артди ва ўзига ўзи: “Мен ухлаганим йўқ-ку!” деб далда берди. Аммо келини Оминанинг уйига келдими, адашиб бошқа жойга бориб қолдими – шундан шубҳа қилиб қолди. “Омина”, деб чақирган эди келини эшик очиб қаради.
Абдулмуталлиб димоғига урилган мушку анбарнинг муаттар ҳидидан маст бўлди. У Оминадан нимадир юз бердими деб сўради. Омина онамиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилганини айтиб суюнчи олдилар. У чақалоқни кўрмоқчи бўлиб ичкарига отилган эди йўлини қилич яланғочлаган одам тўсди ва фаришталарнинг зиёрати тугамагунича бирорта одамни ичкарига қўйиш мумкин эмаслигини айтди.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
Тутқунликка сабабчи бўлганмиди?..
1986 йил америкалик Григорий Бреадер ўқишини битириб Кенияга боради. Кенияда ўрмонни айланиб юриб бир фил боласининг инграганини эшитади. Диққат қилиб қараса, филчанинг оёғига қуриган ёғоч шохчаси қадалиб қолган экан. Кичик ёшидан бошлаб Африка ҳайвонлари билан қизиқиб келгани боис филга қандай яқинлашиш мумкинлигини билар эди. У ана шу билимини синаб кўриш вақти келганини тахмин этди. Филчанинг оёғини силаб туриб чопқичасини чиқарди ва кичик жарроҳлик амалиёти ўтказиб ҳайвон боласининг оёғига санчилиб турган қуруқ шохчани олиб ташлади. Азобдан қутулган фил боласи унинг тарафида айланиб ўйнаб миннатдорчилик изҳор қилди ва унинг юзига термулиб боқди. Григорий бу боқишнинг инсон ўғли ила ҳайвон зоти қура биладиган энг юксак савиядаги боғлиқлик эканини сўзлар эди. Бу гўзал ва ҳаяжонли ондан сўнг фил боласи ундан узоқлашиб кетди. Григорий ана шу лаҳзани ҳеч қачон унутмади.
Орадан йигирма йил ўтиб ўғли билан Сан-Франциско ҳайвонот боғига борган Григорий бир филнинг у қаерга борса ортидан қараб қолаётганини, орқасидан юриб қолаётганини кўради. Ёдига йигирма йил бурунги воқеа тушади. Одамларнинг ҳайратли боқишлари остида фил ўраб қўйилган тўсиқларнинг орасидан ўтиб филнинг ёнига боради.
Фил унинг келишига қараб туради. Григорий яқинлашиб хартумини силай бошлайди. Шунда фил уни хартуми билан кўтариб олиб деворга уриб ўлдиради.
У – Григорий оёғидан чўпни олиб ташлаган ўша филча эди.
Интернетдан олинди,
Робия ЖЎРАҚУЛОВА таржима қилди.
Вақф мол-мулки ва унинг тасарруфоти ҳақида билмоқчимисиз?
Вақф давлат ёки айрим шахслар томонидан диний эҳтиёж ёки хайрия ишлари учун ажратилган мол-мулк ҳисобланади. Масалан, уй-жой, масжид, мадраса, шифохона, мактаб, кўприк ва бошқа шу кабилар вақф мулки бўлиши мумкин. Манбаларда мадраса, масжид, мактаб,шифохоналар вақф мол-мулклари сифатида ажратилгани ҳақида маълумотлар келтирилган. Ўз мулкини вақфга топширган шахс мазкур мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини йўқотади. Лекин унинг ўзи ёки оила аъзолари ёхуд учинчи бир шахс вақф мулкидан вақфномада қайд этилган мақсадларда фойдаланилаётганини аниқлаш учун вақф мулкини бошқариш ҳуқуқини сақлаб қолиши ҳам мумкин. Ўз мулкини вақф мулки сифатида топширган шахснинг фарзандлари ёки бошқа авлодлари мазкур вақф мулкидан келадиган даромадлардан нафақа олиб туришлари ҳам жоиз бўлади.
“Вақф” арабча сўз бўлиб, “тутиб туриш”, “тўхтатиш” маъноларини англатади. Вақф – нарсани Аллоҳ мулки ҳисобида сақлашдир. Яъни, вақф қилинган нарса вақф қилувчининг мулкидан чиқади ва Аллоҳ мулкига айланади. Вақф қилинган нарсадан келадиган фойда вақф қилувчи уни вақф этишда тайинлаган жиҳатга сарф қилинади ва савоби вақф қилувчига абадий бўлади. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос бўлмайди.
Вақф кўчмас мулк – бинолар, боғлар ва шу кабилар ҳамда кўчар мулк – фойдаланилгандан сўнг асли қолувчи ашёлар, масалан, ишлаб чиқариш дастгоҳлари кабиларни ўз ичига олади. Вақф ишлари Исломда мустаҳаб амаллардан саналади. Фойдаланилгандан сўнг асли қолмайдиган нарсалар – пул маблағи ёки таомлар вақф бўлмайди. Улар садақа ҳисобланади.
Динимизда қуйидаги оят ва ҳадислар вақфнинг шаръий жорий қилинганига далолат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз!” (Бақара, 267).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Абу Толҳа розияллоҳу анҳу Мадина шаҳрида ансорийлар ичида мол-мулки энг кўп киши эди. Мол-мулки ичида “Байруҳо” боғи энг маҳбуби эди. Бу боғ масжиднинг тўғрисида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам боғга кириб, ундаги ширин сувдан ичар эдилар. Ўша кунларда “Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз”, деган мазмундаги ояти карима нозил бўлганда, Абу Толҳа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таоло: «Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз» деб баён қилди. Мол-мулким ичида мен учун энг маҳбуби “Байруҳо”дир. Уни Аллоҳ учун садақа қилдим, Аллоҳнинг ҳузуридаги яхшилиги ва савобидан умидворман. Эй Аллоҳнинг Расули, Сиз уни ўзингиз хоҳлаган жойга ишлатинг”, деди. Шунда У зот: “Яхши, бу фойда берувчи мол, бу фойда берувчи мол. Бу боғ ҳақида нима деяётганингни тушундим. Мен уни қариндошларингга ишлатсанг дейман”, дедилар. Абу Толҳа розияллоҳу анҳу: “Ҳудди шундай қиламан, эй Аллоҳнинг Расули”, деди. Кейин уни Абу Толҳа розияллоҳу анҳу қариндошлари ва амакисининг ўғилларига тақсимлаб берди.
Амр ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган вақтларида дирҳам ҳам, динор ҳам, қул ҳам, чўри ҳам, қўй ҳам қолдирмадилар. Фақат оқ хачири, силоҳлари ва садақа қилган ерлари қолди”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин қолган нарса бор-йўғи урушда ишлатадиган силоҳ ва битта хачир бўлган. Фатҳ қилинган ерлардан кўплар қатори теккан улушларини садақа, вақф қилиб қўйган эдилар.
Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Қачонки одам боласи ўлса, амали кесилади. Магар уч нарсадан: садақаи жориядан, манфаатли илмдан ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди”, дедилар.
Маълумки, мусулмон киши соф ният билан қилган ҳар бир яхши амали учун савоб олишга мушарраф бўлади. Киромул котибин фаришталар унинг номаи аъмолига зарра миқдорича яхшилиги бўлса ҳам, ўшанга яраша савобини ёзиб туради. Агар бемор бўлиб, узр ила одатдаги яхшилик амалини қила олмай қолса ҳам фаришталар унга худди ўша амални қилгандек савоб ёзади. Вақти соати келиб инсон вафот этса, яхши амалларини тамоман қилаолмай қолади. Бундан кейин қилишдан ҳам умид узилади. Энди ундан ҳаётлигидаги амаллари – қиладиган ибодат ва яхшиликларига ёзиладиган савоблар ҳам кесилади. Намоз ўқиганда, рўза тутганда, тиловат, зикр қилганда ва бошқа яхши амалларидан ёзиладиган савоблар тўхтайди. Чунки энди у вафот этди. Ибодат қилишдан, амали солиҳ қилишдан тўхтади. Шунинг учун ҳар бир мўмин банда тирик чоғида солиҳ амални кўп қилиб қолишга уринмоғи лозим. Шу билан бирга, мўмин кишига тириклик чоғида охиратни ўйлаб, вафотидан кейин ҳам савоби бориб турадиган амалларни қилиб олиш имкони берилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур ҳадисларида одам боласи вафотидан сўнг амали кесилишини айтиш билан бирга, ундан кейин ҳам савоби етиб турадиган амаллар учта эканини таъкидламоқдалар. Улардан бири “Садақаи жория” деганда, мусулмонларга доимий равишда фойда бериб турадиган хайрли ишлар кўзда тутилади. Масалан, кўпчилик фойдаланиши учун қурилган кўприк, қудуқ ёки ариқ қазиб сув келтириш, доимий манфаат бериб турадиган бошқа вақфлар шулар жумласидандир. Бу нарсалардан мўмин-мусулмонлар фойда олиб турсалар, ўша ишларни қилган одамга унинг вафотидан кейин ҳам савоби етиб туради.
Мусулмонлар бу тоифа ишларни қадимдан ихлос билан қилиб келишган. Ислом оламининг турли жойларида кўплаб вақфлар ташкил қилганлар. Бева-бечораларга,толиби илмларга, мусофирларга, ҳожиларга, қарияларга, ҳатто эгасиз, адашиб қолган ҳайвонларга аталган вақфлар ҳам бўлган. Ўша вақфлар орқали мазкур тоифалар доимий равишда манфаат олиб турган. Табиийки, улардан ҳосил бўлган савоблар эгаларига уларнинг вафотидан кейин ҳам бориб турган. Агар садақаи жориялари қиёматгача мусулмонларга фойда бериб турса, уларга қиёматгача савоб қўшилиб тураверади.
Яна бир ҳадиси шарифда Имом Бухорий ҳазратлари ривоят қилади: “Ҳазрати Умар: “Эй Аллоҳнинг Расули, менинг Ҳайбардаги улушимдан кўра яхшироқ нарсам йўқ. Нима қилишга буюрасиз?” деди. У зот: “Аслини ушлаб тургин-да, тушган фойдани садақа қилиб тур”, дедилар.
Вақф қилишдан хайрия ишларга бел боғлаб, Аллоҳнинг амрига буйсуниш, Ислом уммати бир-бирини қўллаб-қувватлаш, жамиятда тенглик, ўзаро биродарликни уйғотиш, киши жамият олдида ижтимоий-иқтисодий мақсадларини амалга ошириши, силаи раҳм ва ҳожатманд инсонлар эҳтиёжини таъминлаш кабилар асосий мақсад қилинган.
Инсонлар ўртасида бирдамликни мустаҳкамлашда вақфнинг ўрни жуда катта экани маълум. Вақф сабабли эҳтиёжманд кишилар, кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар ва бева-бечораларнинг моддий таъминоти яхшилади. Шунингдек, жамиятнинг илмий тараққиёти учун аҳли илмларнинг таъминоти кафолатланади. Вақф ёрдамида масжид ва мадрасалар каби омма учун манфаатли бўлган турли иншоотлар бино қилинади. Вақф сабабли инсон улкан ажр-савобни қўлга киритади, банда Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилгани учун бу амал мустаҳаб амали ҳисобланади.
Бугунги кунда вақф тушунчаси кенгайиб, барча хайрия ишлари билан шуғулланадиган ташкилотларни вақф фондлари деб юритилмоқда. 2018 йил 16 апрелда давлатимиз Раҳбарининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий фармони билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Унинг асосий вазифалари сирасига фуқароларнинг диний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳам киритилган. Шунингдек, масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тарихий-меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни сақлаш, таъмирлашда ҳам фонд маблағларидан фойдаланилади.
Диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини, хусусан имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни қўллаб-қувватлаш ҳамда диний-маърифий асарларни чоп этиш ва аҳолига етказишга кўмаклашади. Энг муҳими, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлайди.
Кўнгилларга хурсандчилик улашадиган мана шундай амалларни адо этиш орқали ўз маблағларини динимиз манбаларида белгиланган кишиларга етказишни истаган мўмин-мусулмонлар Вақф хайрия жамоат фондининг ҳисоб рақамига закот ва фитр садақаларини ўтказишлари мумкин.
Зеро, “Вақф” хайрия жамоат фондининг асосий мақсади ҳам хайрия маблағларини ўз ўрнида шаффофлик асосида тасарруф этишдир.
Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,
“Вақф” хайрия жамоат фонди бошқаруви раҳбари
Ҳақиқий зийнат!
Ердан ташқарида (орбитада) туриб қарасак, галактикамиз маркази мана шундай кўринади. Юлдузлардан ташкил топган ҳақиқий зийнат!
Юлдузлар ўзидаги ҳарорат даражасига қараб турли рангларда кўринади. Ҳаворанг юлдузлар энг юқори ҳароратга эга бўлган, қизил юлдузлар эса энг паст ҳароратга эга бўлган юлдузлардир. Ҳаббл (Hubble) космик телескопи ёрдамида олинган ушбу суратда галактикамизнинг кичик бир қисми ўз аксини топган бўлиб, унинг кенглиги 26000 ёруғлик йилига тенг. Маълумки, ёруғлик 1 сонияда 300 минг км масофани босиб ўтади. “Ёруғлик йили” дейилганда, мазкур ёруғликнинг 1 йил давомида босиб ўтган масофаси тушунилади. Буни километрларда ифода қилинса, жуда катта рақам бўлиб кетади.
Биз кўриб турган бу манзарани Қуръони Карим ажойиб услубда васф қилган:
وَلَقَدْ جَعَلْنَا فِي السَّمَاء بُرُوجاً وَزَيَّنَّاهَا لِلنَّاظِرِينَ
“Батаҳқиқ, Биз осмонларда буржлар қилиб қўйдик ва уни назар солувчилар учун зийнатлаб қўйдик”. (Осмон ҳамманинг кўз ўнгида турибди. Лекин ҳамма ҳам осмонни Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи буюк мўъжиза деб тушунавермайди. Аслида, у мўъжизадир. Хўш, шундай улкан, бепоён, чексиз осмонни ким яратган? Яратганда ҳам, юлдузлар юрадиган йўллар–буржлар билан ким яратган? Албатта, Аллоҳ яратган.) (Ҳижр сураси, 16-оят).
www.kaheel7.com сайтидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси