muslim.uz
Нью-Йорк шаҳри мэри мусулмонлар учун ифторлик маросими уюштирди
Америка Қўшма Штатларининиг Нью-Йорк шаҳри мэри Билл Де Блазио мусулмонлар учун муқаддас саналган Рамазон ойи муносабати билан ўтган кеча 29 май куни ўз қароргоҳи боғида мусулмонлар жамоасига атаб тантанали ифтор маросимини уюштирди.
Нью-Йорк шаҳри мэри Билл Де Блазио ҳар йили Рамазон ойида мусулмон жамоаси учун ташкил қилинадиган мазкур тадбирни Нью-Йорк шаҳри аҳолиси ҳаётида муҳим аҳамият га эга эканини таъкидлаб, у Нью-Йорк шаҳрида истиқомат қилаётган мусулмонлар жамоасига шаҳрида турли соҳаларда олиб борилаётган тараққиётга ўз ҳиссаларини қўшаётгани учун ташаккурини изҳор этди.
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
БМТ Бош котиби Мали мусулмонлари билан бирга рўза тутмоқда
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Малига сафар қилиб, маҳаллий ҳокимият ва фуқаролик жамияти билан учрашди ҳамда хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди.
"Аzon" нашрининг маълум қилишича, Бош котиб Мали халқи ва маҳаллий етакчилар тинчлик учун курашишга тайёр эканини айтган. “Улар тинчлик ва хавфсизликка интилмоқда, – деди Гутерриш. – Улар жамоалар ва этник ёки диний гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар чиқишини исташмаяпти”.
2013 йилда Мали шимолидаги айирмачилар исёни ва унинг ортидан юз берган давлат тўнтаришидан кейин бу ерга БМТ тинчликпарвар кучлари жўнатилган. БМТ миссияси тинчлик келишувининг бажарилишини кузатмоқда ва аҳолини ҳимоя қилмоқда.
Антониу Гутерриш Малига сафари асносида Мопти шаҳридаги масжиднинг имоми билан учрашди. “Мен бу ерга Мали халқи билан бирдам эканимни кўрсатиш учун келдим”, – деди у.
Бош котиб ҳар йили Рамазон ойида бирор мусулмон мамлакатга боради ва маҳаллий аҳоли билан рўза тутади. Шу орқали мусулмонларга нисбатан ҳурматини кўрсатади.
ЎМИ Матбуот хизмати
“Мусулмоннинг 35 одоби” китоби нашрдан чиқди
Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази ходимлари томонидан “Маърифат зиёси” туркумида машҳур ҳанафий олим Абдулфаттоҳ Абу Ғудданинг “Мусулмоннинг 35 одоби” (Ислом одобидан) номли китоби нашр этилди. Мазкур рисоладан ислом дини кўрсатмаларига асосланган гўзал одоб-ахлоқ, таълим-тарбия, инсонийлик фазилатларини бойитишга хизмат қилувчи ҳамда инсон руҳиятини камолотга етказувчи гўзал намуналар ўрин олган.
Шунингдек, китобда жамиятнинг энг муҳим бўлаги ҳисобланмиш оила, унинг мустаҳкамлигини таъминловчи омиллар, ёшларни одобли, ҳаёли қилиб тарбиялаш, фарзандлар маънавиятига тажовуз қилиши мумкин бўлган “оммавий маданият” кўринишлари ҳамда уларнинг салбий таъсирларидан сақланиш йўллари баён қилинган. Бундан ташқари, миллатимизга хос бўлган қўшничилик, меҳмондорчилик, таъзия, тўй-ҳашам, касални зиёрат қилиш, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, бир сўз билан айтганда аждодларимизнинг бой мерослари асосида шаклланган гўзал одоблар батафсил ёритилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Туркияда ўтказилган Халқаро Қуръони карим мусобақасида вакилларимиз иштироки
Маънавий юксалиш йўлидан дадил қадамлар билан одимлаб бораётган жонажон юртимизда муқаддас динимизга алоҳида эътибор берила бошланди. Жумладан, ислом билим юртлари фаолияти тубдан яхшиланди. Бунинг замирида ислом динини асл ҳолатида ўрганишга бўлган эҳтиёжни қондириш, диёримиз алломаларининг динимизга доир бўлган бой маънавий меъросини тадқиқ этиб, уларни халқимизга содда ва равон услубда етказиш, замон талаблари даражасидаги малакали диний мутахассисларни тайёрлаш мақсад қилиб қўйилган.
Яратган парвардигорга беадад шукрлар бўлсинки, жамиятимизда рўй берган ижобий ўзгаришлар мамлакатимиз мусулмонлари ҳаётида ҳам улкан бурилишларга сабаб бўлмоқда. Республикамиз халқаро майдонда ўз ўрнини топишга интилмоқда. Ҳар йили турли мамлакатларда ўтказиладиган Халқаро Қуръони карим мусобақаларида диёримиздан етишиб чиқаётган иқтидорли қориларимиз ҳам қатнашиб, юртимиз шаънини юксак даражаларга кўтариб келмоқда.
Мисол учун, улар Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Иордания Ҳошимийлар давлати, Миср Араб Республикаси, Қувайт, Малайзия, Эрон Ислом Республикаси, Туркия, Россия сингари бир неча давлатларда қатнашиб, юртимиз шаънини юксакларга кўтариб қайтмоқдалар.
Шу йилнинг 20-30 май кунлари Туркия давлатининг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган VI Халқаро Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтди.
Мусобақа қуйидаги икки йўналишда ўтказилди:
1. Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиш.
2. Қуръони каримни тажвид қоидалари билан тиловат қилиб бериш.
Юртимиздан “Имом ал-Бухорий” номли Тошкент ислом институти ходими Хидирбоев Хусан мусобақанинг мужаввид йўналишида ва “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти 4-курс талабаси Абдужалилов Сирожиддин ҳифз йўналишида иштирок этдилар.
Мазкур мусобақада дунёдаги 72 давлатдан 126 та етук Қуръон ҳофизлари ва хушовоз соҳиблари қатнашди. Ҳифз йўналишида Сурия, Туркия ва Фаластин, мужаввид йўналишида эса Туркия, Марокаш ва Ироқлик қорилар юқори ўринларни эгаллаб, мусобақа совриндорлари бўлишди.
Вакилларимизга иштироки тўғрисидаги ташаккурнома ёрлиғи тақдим этилди.
Иштирокчи қорилар учун мусобақа ташкилий ҳайъати томонидан Туркиянинг Истанбул шаҳридаги диққатга сазовор бўлган жойларга зиёрат уюштирилди.
ЎМИ ходими И.Аҳмедов
Тошкент шаҳридаги 31 Май кунидаги Хатмоналар
Бугун, 31 май куни Муборак Рамазон ойи - мағфират даҳасининг, 15-кунидир. Тошкент шаҳридаги бир неча жоме масжидларда бу кеча Қуръони Карим хатмонаси яъни, Каломуллоҳнинг сўнгги суралари ўқилиб, чин ихлос ила дуолар қилинади.
Бугун 31 май санасида Тошкент шаҳридаги қуйидаги масжидларда Қуръони Карим хатмонаси якунига етади:
1. “Шайх Зайниддин” жоме масжиди. (Шайхонтоҳур тумани, Маннон Уйғур кўчаси-378 уй. Тел.: +998 71 243 25 22)
Қорилар: Аминов Мухаммадлоик Абдувохидович, Халимов Насрулло Холматович
2. “Оқ тунукали” жоме масжиди. (Манзил: Шайхонтоҳур тумани, Ҳувайдо маҳалласи, Зафаробод кўчаси 43-уй, Тел.: +998 93 379-80-17)
Қорилар: Мамасидиқов Камолидин Комилжон ўғли, Супиев Абдурахмон Аюбхон ўғли, Ҳайдаралиев Иброҳимжон Обабакирович
3. “Сирож солиҳ” жоме масжиди. (Олмазор тумани, «Умид» маҳалласи, Юнусова кўчаси 21а-уй. Телефон: +998 71 228 86 41.)
4. “Иброҳим ота” жоме масжиди. (Олмазор тумани, Иброҳим Ота кўчаси 20-уй.)
Хатми Қуръондан кейинги дуолар мустажобдир. Рамазоннинг энг баракотли онларини қўлдан бой берманг азизлар.
ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати