muslim.uz
Cамарқандда ўтган “Ҳадиси шариф билимдони" танлови ғолиблари эълон қилинди
Жорий йилнинг 2 май куни Самарқанд вилоятида “Ҳадиси шариф билимдони” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақа Қуръон тиловати билан бошланди. Уни Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов табрик сўзи билан очиб бериб, бугунги кунда юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган улкан ишлар ҳақида, жумладан, Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ўтказилган “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018” тадбирларининг жуда чиройли тартибда ва адолат билан ўтганлигини таъкидлаб ўтди.
"Бугун ўтказилаётган “Ҳадиси шариф билимдони” мусобақаси ҳам мана шундай эзгу ишлар давоми бўлиб, юртимизда илк бора ташкил этилгани барчамиз учун қувонарли ҳол", деди вилоят бош имом хатиби.
Мусобақа умумий 100 баллик тизимда баҳолаб борилди.
1. Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ёритиб бериш – 20 балл
2. Берилган ҳадисни шарҳлаб бериш (ҳадиси шарифни ифодали ўқиб, таржима қилиш ва ундан олинадиган фойдаларни баён қилиш) – 30 балл
3. Ҳадиси шарифни араб тилидаги матнини саҳобийнинг исми билан ёддан айтиб бериш – 50 балл.
Мусобақа натижаларига кўра:
1-ўрин: Азизбек Эгамбердиев - Пастдарғом тумани "Боғонали" жоме масжиди имом-хатиби ва Ҳадис илми мактаби тингловчиси;
2-ўрин: Акмал Маҳмудов - Ҳадис илми мактаби тингловчиси;
3-ўрин: Донёр Боҳодиров - Ҳадис илми мактаби тингловчиси.
Ғолибларга шаҳодатнома ва эсдалик совғалари топширилди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Диний-маърифий соҳани такомиллаштириш йўлида
Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов Наманган шаҳридаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюриб, ўқув юрти фаолияти, таълим-тарбия жараёни ва олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, устоз-мураббийлар ва талаба-ёшлар билан самимий мулоқот ўтказилди.
Мулоқотда муфтий ҳазратлари муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида жуда катта ислоҳотлар, улкан ўзгаришлар ва хайрли ишлар бўлаётганини алоҳида таъкидлаб, шу йил 16 апрель куни давлатимиз Раҳбарининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий Фармони барча мўмин-мусулмонлар кўнглини тоғдек кўтаргани, айниқса, имом-домлалар, мударрислар ва илмий тадқиқотчиларга берилган имкониятлар жуда ҳам манзур бўлганини батафсил сўзлаб бердилар.
Муфтий ҳазратлари мазкур Фармон ёшларнинг илм-маърифатга бўлган иштиёқларини қондириш, уларнинг илмий изланишлар олиб бориш йўлидаги орзу-умидларини рўёбга чиқаришда жуда ҳам катта қадам эканини изоҳладилар. Айниқса, Фармон асосида Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ташкил этилиши илмий-тадқиқот ишларини тизимли давом эттиришга муносиб шароит эканини баён қилдилар.
Учрашувда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов ва Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов мамлакатимизда дин соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб, ушбу Фармоннинг мазмун-моҳияти тўғрисида ҳам муҳим маълумотларни айтиб ўтишди.
Сўзга чиққан нотиқлар мана шундай муҳайё қилинаётган шарт-шароитлар ва қулайликларга жавобан талаба-ёшлар илм-маърифат эгаллаш йўлида тинимсиз ғайрат қилишлари, жидду-жаҳд кўрсатишлари ва барчамиз орзу қилгандек, Имом Бухорий, Имом Термизий каби алломаларга муносиб авлод бўлишларини таъкидлашди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Сийрат фанидан 31-онлайн дарс. Мавзу: Мадинада Исломнинг ёйилиши
Бир ой ипак қурти боққанга бир йил ойлик тўланади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи давомида Норин тумани ҳокимиятида вилоят фаоллари, ҳокимлар, секторлар раҳбарлари ва бошқа мутасаддилар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда "KUN.UZ" нашри хабар берди.
Хабарда айтилишича, видеоселекторда давлат раҳбари аҳолини иш билан таъминлаш масаласининг долзарб эканлигига тўхталиб, Наманганда пиллачилик, балиқчилик ва бошқа қатор соҳаларни ривожлантиришга эътибор қаратиш лозимлиги уқтириб ўтган.
Жумладан, пилла билан ишловчи алоҳида янги тизим яратилиши, бир ой ипак қурти боққанга бир йил иш ҳаққи тўланиши айтилган. Ушбу тизим орқали бир миллион нафар одамни ипак саноати ва ипак қурти боқишга жалб қилинади.
Президент, шунингдек, Наманган вилоятида "Hyundai" автомобиллари ишлаб чиқарувчи завод ишга туширилишини айтиб ўтган.
“Наманганда минтақадаги энг катта автомобиль заводи қурилади. Олдиндан айтишим мумкин бу – Hyundai бўлади. Андижонликларга мақтанмай туринглар!”, - дея ҳазил қилган Шавкат Мирзиёев.
ЎМИ Матбуот хизмати
UNHCRнинг Закот жамғармаси тузилди
Абу Дабида жойлашган идораси орқали ночорлар ва қочоқларга кўмак кўрасатувчи Табаҳ фонди ва UNHCR ташкилоти ҳамкорлигида Закот жамғармаси фаолияти йўлга қўйилди. Бу ҳақда “khaleejtimes.com” нашри хабар берди. Закот платформаси zakat.unhcr.org тармоғида иш олиб бориши айтиб ўтилган.
Закот платформасидан келиб тушган маблағлар Иордания ва Ливандаги қочоқларга кўмак кўрсатмоқда. Ушбу жамғарма фаолияти Бангладешдаги Роҳинжа қочоқларига кўмак кўрсатиш бўйича катта миқдордаги инсонпарварлик ёрдамини тайёрламоқда. Закот фондига 2017 йилдаги жами 2,6 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ келиб тушган ва ушбу маблағларга Иорданиядаги 14 минг оилага кўмак кўрсатилган.
Маълумот учун, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги қошида шариат аҳкомлари асосида ташкил этилган Закот ташаббуси Ислом оламининг кўзга кўринган уламоларининг фатвоси асосида фаолият юритади.
ЎМИ Матбуот хизмати