muslim.uz

muslim.uz

Қуръони карим мусобақасидан сўнг юртимизда Ҳадиси шариф мусобақаси ўтказилиши ҳақида хабар берган эдик. Ана шу кутилган онлар яқинлашмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорлигида ўтказилаётган «Ҳадиси шариф билимдони» республика танловининг Тошкент шаҳар босқичи 4-5 Май кунлари бўлиб ўтади.

4 Май куни аёллар ўртасида ўтказилса, 5 Май куни эркаклар ўртасида бўлиб ўтади. Мусобақалар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Саройи (Мўлжал: Ўзбекистон миллий университети) да соат 9-00 да бошланади.

(Мусобақага кириш бепул ва алоҳида таклифнома талаб қилинмайди.)

Ҳикмати Расул анжуманига марҳабо азизлар. Қаердаки муборак ҳадислар айтилса, ўргатилса, ҳудди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлаётгандек бўладилар!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги

Яланг текислик. Қарасангиз, дунёнинг нариги тарафи кўринади. Бу – маҳшар майдони. Ҳамма халқ, яратиқ тўпланган. Даҳшатли кун. Бу куннинг муқаррарлигининг хабарини бериб Аллоҳ таоло бундай дейди: “У кунда (эй, инсон!) Ёлғиз Раббинг (ҳузурида) қарор топишгина бор” (Қиёмат сураси. 12-оят).

Ҳамма тиз чўкиб, Аллоҳга ёлвориб узрлар айтмоқда. Ахир бу ҳолатнинг неча минг йиллар бурун хабари берилган эди: “Гарчи (у) узрларини (ўртага) ташласа ҳам(Қиёмат сураси, 15-оят). Бироқ ким бу оятларга қулоқ солди-ю, ким ёлғонга чиқарди. 

Мен ҳам тиз чўкиб турибман. Бутун вужудим кучли қўрқувда. Буни тасвирлаш жуда мушкул. Қўрқувнинг зўридан бутун аъзои баданим қалтирайди. Кўзларимдан ёш сел каби оқмоқда. Фақат Уни зикр қилардим, мен бу куннинг келишидан хабардор эдим. Шундай бўлса-да, қўрқувимнинг на чеки бор, на чегараси. Илоҳий амрни ҳамма кутарди. Баногоҳ танамдаги аъзолар бўлак-бўлак жонли мавжудотдек туйила бошлади. Чунки ҳар бир аъзомнинг Улуғ кун қўрқувидан алоҳида-алоҳида титраётганини аниқ ҳис қилдим.

Ёнимдаги одам бу куннинг келишига шубҳа қилган ва Қуръон амрларини бажармаган, дунёнинг ҳою ҳавасларига берилган бир банда эди. У тўхтовсиз бир сўзни такрорларди: “Менга яна умр бер, ҳаммасини бошдан бошлашимга изн берсанг барча амрларингга итоат этаман”, дейди ва зор-зор йиғлайди. Ўша чоқ шундай хитоб эшитилди: “Кўряпсанми, у дунёдалигида шайтоннинг йўлида юрган баднафс киши эди, унинг ҳеч қайси узри қабул бўлмайди”. Мен бир лаҳза ёнимдагига кўз қиримни ташлашга ботинолдим, холос. Аммо юзини кўрар даражада ўгирила олмадим. Аммо аввалгидан-да кучлироқ қўрқувда қолдим.

Бу парда мендан кўтарилди. Манзаралар йўқолди, аммо мени ҳали ҳам қўрқув тарк этмади.

Қарасам, пешиннинг вақти кирибди. Секин ўрнимдан турдим. Юзимни шашқатор кўз ёшларим юварди. Қалтирай-қалтирай жойнамозга келдим, ҳатто тилим ҳам айланмаяпти, шунда оламларга раҳмат қилиб юборилган буюк зотнинг: “Агар шу йўлдан юрсанг, оиланг ҳам юришга ҳаракат қилса, қиёматда сени ва оилангни ўз шафоатимга оламан”, деганларини эшитдим. Бу муборак сўзлардан сўнг танамдаги қалтироқ ҳам, қўрқув ҳам мени тарк этди.  Руҳиятимни аллақандай хотиржамлик чўлғаб олди. Ва яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Даъват қилиш масаласида мен мисоли улкан дарахт бўлсам, сен заррасан”. Бу сўзларнинг мазмун моҳиятига тўлиқ тушунмаган бўлсам-да, қалбим бошқача ҳузурни туйди. Кўзимни очсам, бари бир хуш туш экан.

Биздан кўп нарса талаб қилинмайди: яхшилик, хушфеъллик, меҳр-оқибат ҳамда итоат. Унга чин дилдан итоат қилсак, барча ишларимиз осон бўлиб қолади.

 

Нилуфар Қўчқорова

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 25-январдаги “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 1 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллигида вилоятда фаолият кўрсатаётган имом-хатиблар учун ОИТС иллатига қарши курашишга қаратилган махсус дарс ташкил қилинди.

Унда Андижон вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази мутахассислари Тиббиёт фанлари номзоди, доцент М.Алимов ва вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бўлими мудири К.Маматов иштирок этди.

Дарсда ОИТСга қарши курашиш маркази мутахассислари ОИТС инфекцияси ва унинг келиб чиқиши, юқиш эҳтимоллари бор ҳолатлар, аҳолининг тиббий маданиятини оширишда имом-хатибларнинг ўрни тўғрисида атрофлича маълумотлар бердилар.

 

ЎМИ Андижон вилояти вакиллиги

ходими Искандарбек Зокиров

Фото: Президент матбуот хизмати

Туркия Республикаси президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг 2018 йил 30 апрель – 1 май кунлари Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи давомида "Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида" Битим имзоланди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Ушбу битим Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикасидаги фуқаролари бўлган меҳнат-мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳамда Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги фуқаролари бўлган меҳнат-мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларни тартибга солади.

Ушбу Шартноманинг бажарилишига масъул: Ўзбекистон Республикасидан – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги; Туркия Республикасидан – Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги.

Ушбу Битимга мувофиқ меҳнат-мигрантларини қабул қилувчи давлатнинг ҳудудида иш берувчилар билан тузилган шартномалар асосида қабул қилувчи давлат қонунларига мувофиқ ишлаши мумкин.

Шунингдек, томонлар ўз мамлакатларидаги миграция оқимларини тартибга солишда ёрдам беришади ва ўз мамлакатларида ноқонуний меҳнат миграциясини тўхтатиш учун ҳамкорлик қилишади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

“9-май Хотира ва Қадрлаш куни” муносабати билан Самарқанд шаҳри имом хатиблари қатор хайрия тадбирларини ташкил этдилар.

 Байрам муносабати билан иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фронти хизматчилари, меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинди.

 Совға-саломлар ила нуронийларнинг дилларини хушнуд этилди. Умрни қадрлаш, тинчликни авайлаб-асраш тўғрисидаги насиҳатларига қулоқ тутиб, дуоларига ноил бўлинди.

Таъкидлаш лозимки, ҳадиси шарифда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичигимизга раҳм қилмаган ва каттамизнинг ҳаққини билмаган кимса биздан эмасдир”, дедилар” (Абу Довуд ва Термизий ривояти), деганлар.

 

 

 

 

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги

Top