muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 2 май куни Наманган вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил июлда вилоятга ташрифи чоғида вилоятдаги туман ва шаҳарларда бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, янги корхоналар ташкил этиш, иш ўринлари яратиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш юзасидан вазифаларни белгилаб берган эди. Мазкур топшириқлар изчил амалга оширилиши натижасида саноат ва тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми ошди. Замонавий уй-жойлар, инфратузилма объектлари бунёд этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу ишларнинг сифати, ислоҳотларнинг бориши билан танишади, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича янги лойиҳаларни белгилаб беради.

ЎМИ Матбуот хизмати

Сенегалдаги Қуръон ёдлатиш ва шариат илмлари институти Ғарбий Африкадаги ўз соҳасидаги энг катта институт саналади. Ҳозирда унинг талабалари ўқишни тамомлаш учун баъзи бир қийинчиликларга дуч келишмоқда. Бу ҳақда "azon.uz" нашри маълумот берди.

Институтга 1939 йилда сенегаллик хайриясевар Аҳмад Соғир Лавҳ томонидан асос солинган. У буни устози Шайх Аҳмад Кабир Имбойни васиятини амалга ошириш учун қилган. Ҳозирда мазкур ўқув даргоҳида 4 минг 189 нафар ўғил-қиз талаба таҳсил олади.

Институт пойтахт Дакардан 220 км узоқликдаги Куки минтақасида жойлашган. Институт ҳудудида Қуръони каримни ёдлатиш мактаби, талабалар турар жойи, масжид, саломатлик маркази, кутубхона ва меҳмонхона бор.

Бепул таълим

Куки институтида бепул таълим бериш йўлга қўйилган. 3 200 нафар ўғил-қиз талабалар ётоқхонада турадилар. Яна мингга яқин талабалар уйларидан қатнайди. Институтда бир қанча давлатлардан келган талабалар таълим олишади. Мавритания, Гана, Буркина Фасо, Мали ва Гвинея Биссаодан келган талабалар кўпчиликни ташкил қилади.

Институтда дастлабки уч йилда Қуръонни ёдлаганларидан кейин бошланғич, ўрта ва санавий босқичларида ўқишни давом эттиришга рухсат берилади.

Институтни битирган талабалар Саудия, Миср, Туркия, Судан каби давлатлардаги таълим даргоҳларига турли мутахассисликлар бўйича ўқишга борадилар.

Институт эҳтиёжлари

Куки мадрасаси мудири шайх Мухтор Аҳмад Лавҳнинг сўзларига кўра, мазкур даргоҳ Ғарбий Африкадаги Қуръони каримни ёдлатадиган энг катта институт саналади. Бу ернинг кўпчилик талабаларини етимлар ва фақирлар ташкил қилади. Шу сабабдан ҳам институт Туркия ва бошқа Исломий давлатлар кўмагига суянади.

Шунингдек, институт молияси олдинги битирувчилар кўмагидан ташқари, садақалар ва закот молларидан ҳам ёрдам олади.

Шайхнинг сўзларига кўра, Сенегал ҳукумати институтга етарлича ёрдам кўрсатмайди. Берилган маблағ фақатгина баъзи ўқитувчилар маошларини тўлашга етади.

Марказдаги саломатлик маркази ҳам дори-дармон етишмовчилигидан қийналади.

Шайхнинг айтишича, институтнинг электрга бўлган эҳтиёжини қондириш учун ҳар ойда 3 000 АҚШ доллари сарфланади. Умумий харажатлар эса ҳар ойда 80 000 АҚШ долларидан ошади.

Ғарбнинг кўмаги рад этилади

Дакар Исломий институти бош котиби Аҳмад Соғир бобоси асос солган институт фаолияти давом этиши учун имконият борича уринилаётганини айтган. У Ислом оламини, хусусан, Туркияни институтга ёрдам қўлини чўзишга чақирган.

Аҳмад Сағир бу ҳақда “Ғарб олами бизга ёрдам беришга уринади, лекин биз буни хоҳламаймиз. Чунки ғарбнинг бу ҳаракати ортида насронийликни ёйишдек ғаразли мақсад ётади”, дейди.

У 1929 йилда Усмонийлар давлати тугатилиши билан мамлакатга келаётган ёрдам узилиб қолганини, аммо бугунда Туркия аждодлари ишини давом эттиришга уринаётганини айтган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумонинг Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳумога қўшни бўлган ери бор эди. Уларнинг ерларида деҳқончилик қиладиган, ерга ишлов берадиган қуллар меҳнат қиларди.

Бир куни Муовия розияллоҳу анҳунинг қуллари Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ерига кириб, ундан бир парча ерни тортиб олишди. Буни кўрган Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумо Муовия розияллоҳу анҳуга қуйидаги мазмунда мактуб ёзди:

“Эй Муовия, сенинг қулларинг менинг еримни тортиб олишди. Уларга бу ишдан тийилишни амр эт. Акс ҳолда иккимизнинг ўртамизда келишмовчилик чиқади”.

Муовия розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумонинг мактубини кўргач, уни ўғли Язидга узатди. Язид мактубни очиб ўқиди. Отаси ундан “Эй Язид, бу хатга нима дейсан?” деб сўради. Язид “Сиз унга боши унинг олдида, охири сизнинг олдингизда бўлган катта бир қўшин юборишингиз, қўшин унинг бошини сизга келтириши керак деб ўйлайман. Шунда сиз ундан қутуласиз” деди. Бу гапни эшитган Муовия ўғлига “Менда бундан яхши фикр бор” деди. Ўғли ҳайрон бўлиб “Нима экан, эй отажон?” деб сўради. Муовия “Менга қалам ва қоғоз келтиринг!” деб буюрди. Кейин Абдуллоҳга мактуб ёзди. Мактубда қуйидаги сатрлар бор эди:

“Биродаримнинг ўғли (Абдуллоҳ)нинг мактубини ўқидим. Аллоҳга қасамки, уни хафа қилган нарса мени ҳам хафа қилди. Дўстим! Сенинг розилигинг олдида дунё ва ундаги барча нарсалар арзимасдир. Мен ўзимга-ўзим бир мактуб ёздим. У мактубимга Аллоҳни ва мусулмонлардан бир жамоани гувоҳ қилдимки, ўша ерим, ундаги дарахтлар ва у ерда ишлайдиган барча қуллар сеникидир! Ерни ўз ерингга, қулларни ўз қулларингга қўшиб ол! Вассалом!”

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳунинг мактубини ўқиб кўргач, унга қуйидаги мазмунда жавоб мактуби юборди:

“Мўминлар амирининг мактубини олдим. Ўқиб, ўрганиб чиқдим. Аллоҳ таоло у кишини боқий қилсин! Аллоҳ таоло у кишининг юқори мақомга кўтарилишларига сабаб бўлган ушбу гўзал хулқлари (ҳалимлик)ни у кишидан кетказмасин! Вассалом”. 

Муовия розияллоҳу анҳу ушбу мактубни ўқигач, уни ўғли Язидга узатди. Язид хатни ўқиб, хурсанд бўлди, юзи ёришди. Шунда Муовия розияллоҳу анҳу ўғлига қараб “Эй ўғилчам! Агар сен яна мана шу касаллик (ғазаб) билан оғрисанг, уни мана бу каби дори (ҳалимлик) билан даволагин! Биз ҳалимликда фақат яхшилик кўрган қавмдирмиз!” деди.

 

 

Ҳоний Ҳожининг

“Солиҳлар ва солиҳалар ҳаётидан минг бир қисса” асаридан

Нозимжон ИМИНЖОНОВ

таржимаси

 

Cавол: Ислом тарихига доир китобларни ўқиганда “фитрат замони” ҳамда “фитрат аҳли” деган ибораларга дуч келиб, маъносини тушунолмадим. Илтимос, ана шулар ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб: “Фитрат” (ёки “фатрат”) сўзи луғатда бирор вақт оралиғи маъносида ишлатилади. Уламолар истилоҳида эса у икки пайғамбар келган пайт ўртасидаги даврни ифодалайди.

Бу сўз, хусусан, Исо (алайҳиссалом) ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллалоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбарлик даврлари оралиғидаги вақтга нисбатан қўлланади. Ана шу пайтларда яшаб ўтган инсонлар “фитрат аҳли” – узилиш даврида яшаганлар, деб номланади. Баъзи уламоларнинг фикрича, Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбар этиб юборилганларидан кейин дунёга келиб, кимсасиз ерларда, якка-ёлғиз ҳолда тоғларда яшаб, Ислом хабарини эшитмаганлар ҳам фитрат даврида яшаган инсонлар ҳукмидадирлар.

Бу ҳолатдаги инсон мотуридийлик ақидасига кўра, фақат ўзининг ва оламнинг Яратувчиси борлигини идрок қилиши керак. Имоннинг бошқа шартлари, ибодатлар ва Ислом ҳукмларини ақл билан топиб бўлмагани боис улардан масъул бўлмайди.

Ашъарийликка кўра эса, бундай одам Аллоҳ таолонинг борлигига имон келтирмаса ҳам нажот аҳлидан бўлаверади. Аммо кўпчилик уламолар мотуридийлик қарашларига қўшилганлар.

«Ҳидоят» журналидан

2018-йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб қувватлаш йили” муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ҳамда 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўрисида”ги қарор ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилоятида “Имом ал-Бухорий ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарларини ўрганамиз” танлови ташкил этилади.

Шу мақсадда туман, шаҳар умумтаълим мактабларининг 6-10 синф ўқувчилари ўртасида Имом ал-Бухорий ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижоди, унинг ўлмас асарларидан ибрат олиш мақсадида “Ҳадис-зиё манбайи” шиори остида 3 босқичли кўрик-танловнинг Навоий шаҳар босқичи ўтказилди. Танловда 11-ДИУМнинг жамоаси 1 ўрин, 6 , 12 ва 17 мактаб ўқувчилари жамоаси 2 ўринни, шунингдек 16 ва 18 мактаб жамоалари 3 ўринни қўлга киритди.

Ҳакамлар ҳайати раиси сифатида Навоий шаҳар бош имом хатиби Дилшод домла Эргашев иштирокчиларни баҳолади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top