muslim.uz
“Қуръон мусобақаси – 2021” танлови ғолиблари билан танишинг (Фото-видеолавҳа)
Хабар берганимиздек, бугун, 14 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Декабрь – Қуръон қироати ва илмлари фан ойлиги” муносабат билан институт талабалари ўртасида “Қуръон мусобақаси – 2021” кўрик-танлови ўтказилди. Ушбу мусобақа Диний идоранинг muslim.uz портали орқали онлайн узатилди.
Тадбирни институт ректори Уйғун домла Ғафуров кириш сўзи билан очди. Сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Ҳайдаров иштирокчиларга мувафаққият тилади, Диний идора бўлим мудири Муҳаммад Айюбхон домла Ҳомидов мусобақа фаолиятига хайрли дуо қилиб берди.
Мусобақада қориларнинг иштирокини Таҳфизул Қуръон кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов, кафедраси ўқитувчилари Исломхон қори Убайдуллаев, Валихон қори Азимбоев, Аҳмадхон қори Рашидов, Абдулбосит қори Қобилов, Элёр қори Аҳмадқуловлар баҳолаб борди.
Тадбирни Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси Жаҳонгир қори Рўзиев олиб борди.
Мусобақа мураттаб ва мужаввид йўналишида бўлиб ўтди. Ҳакамлар ҳайъати қориларнинг ҳифз, савт, тараннум ва тажвид йўналишлари бўйича илм ва маҳоратларини баҳолаб бордилар.
Якуний натижага кўра ғолиблар қўйидагича бўлди:
Мураттаб қорилар йўналишида:
1-ўрин: Оятуллоҳ қори Абдуқодиров, 3-курс;
2-ўрин: Аҳмадилло қори Ғофуржонов, 4-курс;
3-ўрин: Сирожиддин қори Шодмонов, 4-курс.
Мужаввид қорилар йўналишида:
1-ўрин: Маҳмуджон қори Ашуров, 1-курс;
2-ўрин: Мадумаржон қори Маҳамаджонов, 1-курс;
3-ўрин: Фозилжон қори Акрамов, 3-курс.
Ғолибларга институт раҳбарияти томонидан махсус диплом ва қимматбаҳо китоблар тўплами топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Шайх Салоҳ Абулҳож ҳафизаҳуллоҳ: Фиқҳдаги тўрт мазҳаб ҳақида (инфографика)
Академияга биринчи проректор тайинланди
Бугун, 14 декабрь куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Академия раҳбарияти ва жамоаси, диний-маърифий соҳа вакиллари, илмий-тадқиқот марказлари ва таълим муассасалари раҳбар ҳамда ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Академия матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Жасур Нажмиддинов қатнашди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг 2021 йил 11 декабрдаги 214-К-сонли буйруғига мувофиқ, Махсудов Давронбек Рустамович Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Диний-маърифий фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича биринчи проректор лавозимига 2021 йил 11 декабрдан тайинланганлиги ўқиб эшиттирилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваровнинг Академия жамоаси ҳамда тайинлов соҳибига йўллаган табриги етказилди.
Маълумот учун, бугунги кунга қадар Давронбек Махсудов Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори лавозимида ишлаб келаётган эди. Ўзининг меҳнат фаолиятида кўплаб самарали натижаларга эришган Д.Махсудов 1999-2003-йилларда Тошкент ислом университети (Ўзбекистон халқаро ислом академияси)ни тамомлаган. Турли йилларда қатор давлат ва жамоат ташкилотларида самарали меҳнат қилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони ташкилий-кадрлар хизмати Миллатлараро муносабатлар масалалари ва дин ишлари бўйича сектори 2-тоифали иш юритувчиси, Тошкент ислом университети (Ўзбекистон халқаро ислом академияси) илмий котиби, Магистратура бўлими бошлиғи, кафедра мудири лавозимларида фаолият юритган.
Тадбирда сўзга чиққанлар Давронбек Махсудовни Диний-маърифий фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича биринчи проректор лавозимига тайинлангани билан табриклашди. Давронбек Махсудов мазкур лавозимга ўзининг юксак билим ва масъулияти билан ёндашиб, сидқидилдан бажаришига ишонч билдиришди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Муфтий ҳазрат Фаластин элчисини қабул қилдилар
Шу йил 14 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Фаластин элчиси Муҳаммад Абдуллоҳ Таршаҳоний жанобларини қабул қилдилар.
Учрашув аввалида муфтий ҳазратлари элчи жанобларига муфтий вазифасига сайланганлари муносабати ила йўллаган табрик учун миннатдорлик изҳор этдилар. Муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Фаластин ўртасидаги дўстлик ва кўп томонлама ҳамкорлик равнақ топаётгани, жумладан, диний соҳадаги алоқалар янада ривожланиб бораётгани, икки халқ ўртасида асрлар давомида шаклланган ришталар бугунги кунда ҳам янгича мазмун касб этаётгани ҳамда ўтмишда ота-боболаримиз Фаластин ерларига сафарлар қилганларини алоҳида қайд этдилар.
Муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, Қуддус шаҳрида жойлашган муқаддас макон – Масжиди Ақсо ёхуд Байтул Мақдис Маккадаги Масжидул Ҳаромдан кейин қурилган энг қадимги масжид экани, у мўмин-мусулмонлар учун азизу мукаррам экани, Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу масжидни уч муқаддас масжиддан бири сифатида таърифлаганларини келтирдилар.
Элчи Муҳаммад Абдуллоҳ Таршаҳоний жаноблари самимий қабул ва Фаластин ҳақидаги илиқ фикрлар учун ташаккур айтиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан Фаластиндаги Фатво ва Қозилар уйлари ҳамкорлигини ташкил этишни таклиф этди. У Ақсо масжиди фаластинликлар учун катта неъмат экани, унинг омонлиги учун мўмин-мусулмонлар дуо қилишларини изҳор қилди. Қуръони каримдаги “Исро” сурасида нафақат Ақсо масжиди, балки унинг атрофидаги Фаластин ерлари ҳам муқаддас эканига аниқ ишоралар борлигини билдирди.
Фаластиннинг Ўзбекистонга ўхшаш жиҳатлари жуда кўп экани, хусусан, диний бағрикенглик муҳитида бу ўхшашлик яққол намоён бўлиши, турли дин вакиллари қадим-қадимдан бирга яшаб келаётганларини элчи жаноблари мисол сифатида келтирди.
Мулоқотда икки давлатнинг фатво марказлари ҳамкорликлари яхши натижа бериши, сўнгги йилларда араб давлатлари элчихоналари, исломий ташкилотлар билан алоқалари мустаҳкамланаётгани, Ўзбекистон мўмин-мусулмонлари Фаластиндаги муаммолар тинчлик ва музокара йўли билан ечим топиши тарафдори экани ҳамда ушбу ҳудудлардаги кишиларга Ҳақ таолодан тинчлик-осойишталик сўрашлари тўғрисида сўз юритилди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Муслима аёл АҚШ шаҳри мэри бўлди
Америкалик муслима Дека Дҳалак шаҳар кенгашига сайланганидан уч йил ўтиб Мэн штатидаги тўртинчи йирик шаҳар мэри этиб сайланганди. "Бу жуда чиройли бўлди. Кўзларимда эса хурсандчилик ёшлари", – дейди аёл. Бу ҳақда Islam.ru хабар берди.
31 йил олдин ўз мамлакатидан кўчиб келган сомалилик аёл Дҳалак Жанубий Портленд шаҳрининг сайланган раҳбарлари рўйхатида расман биринчи ўринни эгаллади. Қувончли хабар Мэн штати мусулмон жамоаси томонидан Америка мусулмон жамоасининг фуқаролик фаоллиги ўсиб бораётганининг белгиси деб атади.
– Мамлакатнинг энг йирик мусулмон фуқаролик ҳуқуқлари ташкилоти бўлган Америка-ислом муносабатлари бўйича кенгаш Дҳалакнинг сайланишини " Америка мусулмон жамоасининг ўсиб бораётган фуқаролик фаоллигининг белгиси" деб юқори баҳолади", - деди ташкилот вакили Иброҳим Хупер. - "Mэр Дҳалак яхшироқ жамият қуришда тобора муҳим рол ўйнар экан, америкалик мусулмонларнинг янги авлодини илҳомлантиришга ёрдам беради, деган умиддамиз".
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати