muslim.uz
Мазҳаблар – Қуръон ва суннат маҳсулидир
Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида шариатга боғлиқ барча масалаларнинг ечимини у зотнинг ўзлари баён қилар эдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин одамлар билмаган нарсаларини асосан саҳобалардан сўрар эдилар. Гохида учраб турадиган қийин масалаларни ечиш учун энг билимдон сахобалар йиғилиб маслахат қилишар ва фатво беришарди. Кейинчалик сахобалар яшаш учун турли юртларга кўчиб кетдилар. Одамлар ўзлари сухбатига етишган олим сахобаларнинг фатволарига амал қилишарди. Ўша даврнинг марказий шахарлари – Мадинада Абдуллоҳ ибн Умар, Куфа шаҳрида Абдуллоҳ ибн Масъуд, Маккада Абдуллоҳ ибн Аббос, Мисрда Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анхумларнинг фатволарига амал қилинвади. Айнан мана шу даврларда сахобалар мазхаби шаклланганини кўриш мумкин. Шундан кейин бу зотларнинг шогирдлари уларнинг ишларини давом эттиришди. Фатволарнинг асосий қисмида ўз имомларига эргашадилар ва уларнинг мазхабларини қўллаб-қувватлайдилар. Замонлар ўтиши билан йигирмага яқин мазхаблар ичидан фақат буюк тўрттаси қолди. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, хозирда кўп такрорланаётган “Динда мазҳабларга эргашиш йўқ”, “Саҳобалар даврида мазҳаблар бўлмаган” каби пуч даъволарга мутлақо илмий асос мавжуд эмас. Сахобалар даврида ҳам мужтахид саҳобалар мазхаби бор эди. Сахобалар мазҳаби асосида хозирга қадар етиб келган тўртта фиқхий мазхаблар сақланиб қолди. Мазҳабга эргашиш – қуръон ва суннатни қўйиб шахсга эргашиш эмас, балки айнан қуръон ва суннатга эргашиш саналади.
Чунки Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай мархамат қилади: “Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг” (Нахл сураси 43-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларига ўзлари билмаган масалаларнинг жавобини зикр ахли хисобланган уламолардан сўрашга буюрмоқда. Мусулмонлар ушбу илоҳий фармонга бўйсиниб, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидан бери муайяан бир мазҳабга тақлид қилиб келишмоқда. Аслида бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратларининг воқеъликдаги кўриниши эди.
Чунки ҳадиси шарифда У зот: “Бу илмни хар бир авлодлардан ишончли кишилар ташийдилар. Улар илмни жохилларнинг ботил талқинлари, йўлдан озганларнинг даъволари ва ғулувга кетганларнинг хатоларидан сақлайдилар”, деганлар.(Имом Байхақий, Мадхалда ривоят қилган).
Фиқҳий мазҳаблар хозирга қадар мусулмонлар бирдамлигини сақлашда асосий омил бўлиб келмоқда. Мухаддис олимлардан бири Абдулхақ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ тўрт мужтахид имомлар йўли хақида шундай деганлар: “Ислом динининг тўртта йўли – мазҳаби бор. Ким шу йўллардан бошқасини тутса, батаҳқиқ адашибди” деганлар. Ҳозирги кунга келиб, буюк мужтаҳид олимларни қўйиб, ўзларига эргашишга даъват қиладиган қўштирноқ ичидаги “мужтаҳидлар” кўп учрамоқда. Улар қуръони карим ва ҳадиси шарифларни ўзларининг нафсу хаволари билан изохлаб, салафи солихларимиз йўлида оғишмоқда. Ҳозирда бемазҳабликка чақираётган кишилар “Аллоҳ таоло мазҳабга эргашишга буюрмаган, балки зикр ахлидан сўрашга буюрган,” дея одамларни алдашга уринмоқда. Хўш, Мазҳаббошилари зикр ахли бўлмаса, унда ким экан? Ахир мужтаҳид имомларимизнинг илмига, тақвосига ва илмий омонатдорлигига бутун уммат тасаннолар айтган бўлса, уларнинг илмига эргашмасдан яна кимга эргашиш керак? Муайян мазҳабга тақлид қилган мусулмонлар хозирда хам, ҳозирги кунга қадар хам умматнинг мутлақ кўпчиллигини ташкил қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан бирида: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчиллик томонини лозим тутинг”, деганлар.( Имом ибн Можа ривоятларида).
Демак, мазҳабга эргашишлик катта жамоага эргашиш хисобланади. Ҳулоса қилиб айтганда, мазхабга эргашиш – шариат кўрсатмаларига эргашишдир! Уни инкор қилиш эса шаръий кўрсатмаларга ва бутун ислом уламоларига қарши чиқиш хисобланади. Аллоҳ таоло ўзининг хақ динидан адаштирмасин, мусулмонларнинг бирдамлигини таъминласин. Барчаларимизни уммат ичида ихтилоф чиқарувчи бўлишликдан ўзи асрасин.
Жаҳонгирхон Аброров манбалар асосида
2022 йилда туризм учун дунёдаги энг арзон шаҳар – Тошкент
Буюк Британиянинг етакчи «The Telegraph» газетаси сайтида журналист Эмма Физерстоуннинг “2022 йилда шаҳар таътили учун энг арзон шаҳарлар” сарлавҳали мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мақолада муаллиф Британиянинг Economist Intelligence Unit таҳлилий ресурсининг дунёнинг энг қиммат ва арзон шаҳарлари ҳақидаги тадқиқотига таяниб, 2022 йилда минимал харажат эвазига муқобил дам олиш масканлари ҳақида ўз фикрини келтирган.
Муаллифнинг рўйхатида биринчи ўринда Тошкент шаҳри жойлашган. Эмма Физерстоун саёҳатчиларни “Ўзбекистонда об-ҳаво энг қулай бўлган баҳор ёки кузда икки минг йиллик тарихга эга Марказий Осиё марказига” саёҳат қилишга ундайди.
Журналист Буюк британиялик саёҳатчилар учун мавжуд қулайликлар, жумладан, Лондон ва Тошкент ўртасидаги тўғридан-тўғри рейслар, шунингдек, Британия фуқаролари учун 30 кунгача визасиз саёҳат қилиш “сайёҳларни ўзбек маданий бойликларини кўриш учун” сафарга чорлаши мумкинлигига эътибор қаратган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ал Азкор: Азон ва иқоматни эшитганда айтиладиган зикрлар (24-аудио)
Тинчлик – улуғ иноят (аудио)
Саудия Арабистони Тадқиқот марказлари вакиллари билан учрашув ўтказилди
Мамлакатимизнинг Ар-Риёддаги элчихонаси Саудия Арабистонининг Тадқиқотлар ва маърифатни ривожлантириш маркази билан биргаликда Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган давра суҳбатини ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда элчихона ходимлари, Тошкент давлат шарқшунослик университети араб тили кафедраси мудири Шорустам Шомусаров, Саудия Арабистонининг Тадқиқотлар ва маърифатни ривожлантириш маркази директори Яҳё бин Жунаид, Подшоҳ Файсал номидаги тадқиқотлар ва исломшунослик маркази вакиллари ва илмий таълим муассасаларининг тадқиқотчилари иштирок этди.
Элчи Улуғбек Мақсудов сўнгги йилларда икки давлат ўртасида барча соҳаларда, жумладан, иқтисодиёт, инвестиция, маданият ва туризм йўналишларида ўзаро алоқалар ривожланиб, мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.
Саудиялик компаниялар томонидан амалга оширилаётган тўғридан-тўғри инвестиция лойиҳаларини икки мамлакат учун бирдек хизмат қилишини билдирди.
Шунингдек, саудиялик иштирокчиларга Ўзбекистонда таълим соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун яратилаётган имкониятлар юзасидан маълумотлар тақдим этилди.
Шорустам Шомусаров Тошкент давлат шарқшунослик университетининг кўплаб давлатлар университетлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганлиги, хориж университетларининг мамлакатимизда ўз филиалларини очаётганлигини айтиб ўтди.
Ўзбекистонда талабаларнинг араб тилини ўрганишга бўлган қизиқишини инобатга олиб, университетда араб давлатлари тарихи, ташқи сиёсати ва араб тили бўйича факультет фаолият олиб боришини маълум қилди. Университетнинг араб давлатлари олий билим юртлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, ўзаро илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш ҳамда Ўзбекистонда етакчи хорижий университетларнинг филиалларини очишга интилиши алоҳида таъкидланди.
Яҳё бин Жунаид охирги беш йилда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни катта қизиқиш ва диққат билан кузатиб бораётганлиги, мазкур саъй-ҳаракатлар дунё мамлакатлари томонидан ижобий баҳоланаётганини мамнуният билан таъкидлади.
Шунингдек, марказ тадқиқотчилари Ўзбекистондан буюк мутафаккир шахслар етишиб чиққани, диёримиз бой маданий-маърифий меърос эга эканини алоҳида таъкидлади. Саудиялик сайёҳларнинг мамлакатимизга бориш истаги ортиб бораётганига эътибор қаратилди.
Ҳозирги кунда икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри йўлга қўйилган авиақатновларни юқори баҳолаб, ушбу саъй-ҳаракатлар ўзаро алоқарни ривожлантиришга хизмат қилаётгани билдирилди.
Подшоҳ Файсал номидаги тадқиқотлар ва исломшунослик маркази тадқиқотчиси Авад ал-Бади Ўзбекистонда таълим сифатини баҳолаш жараёнида замонавий АКТдан фойдаланиш, инсон омили таъсирини камайтириш ва жараёнларни соддалаштириш чоралари кўрилаётгани, шаффофлик ва очиқликни таъминлаш мақсадида таълим муассасаларини лицензиялаш, хорижий давлатларда берилган дипломларни тан олиш, педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш, таълим муассасалари аттестацияси ва аккредитация жараёнларини тўлиқ электронлаштириш йўлидаги ислоҳотларни кузатиб бораётганини таъкидлади.
Суҳбатдош Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Тошкент давлат шарқшунослик университетида Саудия Арабистони ҳақида маърузалар ва тақдимотлар ўтказишга тайёрлигини билдирди.
Тадбирда Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий илмий-тадқиқотлар маркази ва Саудия Арабистони Тадқиқотлар ва маърифатни ривожлантириш маркази ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш таклифи илгари сурилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати