muslim.uz
Малайзия мутахассислари Ўзбекистонда ҳалол сертификат бериш марказини ташкил этмоқчи
Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Малайзия Менежмент ва фан университети (Management and Science University of Malaysia – MSU) асосчиси ва Президенти Моҳд Шукри билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё"ахборот агентлиги.
2001 йилда ташкил этилган MSU таълим менежменти, туризм, маркетинг, бизнес бошқаруви каби турли соҳа ва мутахассисликлар бўйича олий таълим берувчи етакчи Малайзия хусусий университетларидан биридир. Университет туризм ва меҳмондўстлик соҳасида Малайзия университетлари орасида 1-ўринда туради.
Бундан ташқари, MSU турли касалликларга чалинган беморларни даволаш учун "MSU Medical Centre" ўз кўп тармоқли тиббиёт маркази бор. Университетда қўлқоп маҳсулотлари ишлаб чиқариш, дори-дармон ва озиқ-овқат қўшимчаларини ишлаб чиқариш ва қадоқлаш, шунингдек, ҳалол саноатни тадқиқ этиш ва малакасини ошириш бўйича ихтисослаштирилган марказ фаолият кўрсатмоқда.
Музокаралар чоғида MSUнинг Ўзбекистонда ҳалол сертификат бериш маркази ва/ёки лабораториясини яратиш ниятлари ҳақида ҳам хабар берилди. Малайзия томонининг сўзларига кўра, бу ўзбекистонлик озиқ-овқат маҳсулотлари экспортчилари учун мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Жануби-Шарқий Осиё давлатларига етказиб бериш ҳажмини ошириш учун ноёб имконият очади.
Учрашув якунлари бўйича MSU раҳбариятининг Ўзбекистонга яна бир ташрифини ташкил этиш бўйича юқорида қайд этилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича амалий ишларни бошлаш тартиби ва шартларини ўрганиш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бош қомусимиз – бахтимиз кафолати
Инсоният яралгандан бери муайян қонунларга, қоидаларга амал қилиб келади. Башарият тарихида қандай муваффақиятларга, натижаларга эришилган бўлса, шубҳасиз, бу борада қонунларнинг, тартиб-қоидаларнинг алоҳида ўрни бор. Шу маънода мамлакатимизда ҳам барча соҳаларда қўлга киритилаётган улкан натижаларга Бош Қомусимиз ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.
Ҳар бир миллатнинг, давлатнинг тараққиёти бевосита амалдаги қонунлар билан белгиланади. Қонун устувор юртда адолат ҳукм суриб, виждон эркинлиги, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик таъминланади. Пировардида эса ўша юртда тинчлик-осойишталик, хотиржамлик барқарор бўлади.
Бугун мамлакатимизда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари икки карра бахтиёрдир. Чунончи, Парвардигорнинг инояти ила Ватанимиз истиқлолга эришганига чорак асрдан зиёдроқ вақт бўлди. Халқимиз ўзига, ўзлигига қайтиб, порлоқ келажак сари имон-эътиқод, ишонч ва умид билан одимламоқда. Бу, албатта, Конституциямизда белгилаб қўйилган ҳаётбахш нормаларда инсон манфаатлари устувор эканлигининг амалдаги инъикосидир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-соддасида: «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар», деб белгилаб қўйилган.
Бу қоида Аллоҳ таолонинг: «Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» (Ҳужурот сураси, 13-оят), оятига каримасига ҳамоҳангдир.
Аллоҳ таоло инсониятни шундай яратди. Аслида, У зот барчамизни бир миллат қилса ҳам бўлар эди. Лекин Буюк Раббимиз ҳар хил миллат қилди. Нима учун? Бир-биримизни таниб, ўзаро гўзал муомала қилиш учун турли миллат қилиб қўйди. Чунки оятда: “Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир”, дейилган. Шу боис биз бир-биримиз билан аҳил, иноқ бўлиб яшашимиз шарт.
Мамлакатимизда фақат Ислом динига эътиқод қилувчилар эмас, айни пайтда бошқа дин вакилларига ҳам алоҳида эъзоз, эҳтиром кўрсатилади. Зотан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бошқа дин вакилларини ҳурмат қилганлар.
Жумладан, Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Макка фатҳи куни Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг олдиларига ўз оталарини кўтариб олиб келдилар. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кекса одамни (овора қилмай) ўзимиз уйига бориб кўрган бўлар эдик”, деб марҳамат қилдилар.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу эса бир уйнинг олдидан ўтиб кетаётиб, кекса кўр киши тиланчилик қилиб турган экан. Оҳиста унинг қўлидан туртиб, сўрадилар:
– Қайси диндансан?
– Аҳли китобман, – деди.
– Тиланчиликка нима мажбур қилди?
– Жизъя, муҳтожлик ва ёшим.
Умар розияллоҳу анҳу унинг қўлидан тутиб, уйига олиб кетди ва баъзи нарсалар берди. Сўнг хазинабонни чақириб, унга деди: “Манави инсонга ҳамда шу кабиларга эътибор қил. Худо ҳаққи, буларга инсоф қилмабмиз. Ёшлигида (жизьясини) олибмиз-ку, қарилигида хорлаб қўйибмиз”, деб, уни ва у кабиларни солиқдан озод қилдилар.
Мухтасар айтганда, Конституциямизнинг қатор моддаларида дин ва виждон эркинлиги белгилаб берилган. Унда халқимиз менталитетига мос ишонч-эътиқод, адолату инсоф, диёнат, меҳру оқибат, ор-номус, иффат ва ҳаё каби эзгу фазилатлар ўз аксини топган. Бундан ташқари, асосий қомусимизда юртимизда яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, ҳуқуқ ва бурчлари қонун асосида белгилаб қўйилган. Бу эса бир юртда яшаётган турли миллат вакилларининг аҳил-иноқ яшашига замин яратади.
Жасурбек домла РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби
2023 йилда Самарқанд Бутунжаҳон туризм пойтахтига айланади
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеяси 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.
Қайд этилишича, Испаниянинг Мадрид шаҳрида ўтаётган UNWTO’нинг 24 сессияси доирасидаги овоз бериш жараёни натижаларига кўра, мамлакатимиз Португалияни ортда қолдирган.
Бутунжаҳон туризм ташкилоти ва унга аъзо давлатлар билан ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, хорижий ташкилотлар билан алоқаларини янада кенгайтириш, маданий ва туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида 30 ноябрь-2 декабрь кунлари мамлакатимиз делегацияси Испания қироллигига амалий ташриф билан борди.
Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Испания қироллигидаги элчихонаси вакилларидан иборат мамлакатимиз делегацияси анжуман доирасида Ўзбекистон номзодини қўллаб-қувватлади.
– Тарихда биринчи марта БМТ оиласи таркибига кирувчи ташкилотларнинг Бош ассамблеяси Ўзбекистонда бўлиб ўтади. Буларнинг бари Президентимизнинг олиб бораётган сиёсатлари, жумладан, туризм соҳасини ривожлантириш, мамлакатимизнинг жаҳон саҳнидаги нуфузини ошириш йўлидаги саъй ҳаракатлари натижасидир, – деди Азиз Абдуҳакимов. – Таъкидлаш лозимки, UNWTO 25-Бош ассамблеясининг қадимий Самарқандда ўтказилиши бу ерга мингдан ортиқ хорижлик меҳмонларнинг ташриф буюриши ҳамда бу орқали маҳаллий аҳоли ва ҳунармандларнинг даромад кўришига олиб келади. Бундан ташқари, мазкур тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши жаҳон оммавий ахборот воситаларининг ҳам эътиборини тортиши аниқ, бу эса мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда юртимизга янада кўпроқ сайёҳларни жалб этиш йўлида хизмат қилади.
Бугунги кунда Самарқанднинг туристик салоҳиятини янада юксалтириш ҳамда уни дунё сайёҳлик марказларидан бирига айлантириш борасида кўплаб ислоҳотлар қилинмоқда. У ерда ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда янги замонавий аэропорт ва туризм объектлари бунёд этилмоқда.
Шулардан бири “Samarkand Touristic Centre” бўлиб, у эшкак эшиш канали қирғоғида 212 гектар майдонда қад кўтармоқда. Самарқандда қурилаётган “New Renaissance” конгресс-холли, меҳмонхона, ресторан ва бошқа иншоотлар ҳудуднинг сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш йўлида хизмат қилиши шубҳасиз.
Эслатиб ўтамиз, UNWTO Бош ассамблеяси икки йилда бир марта ўтказиладиган туристик форум ҳисобланади. Юқори даражадаги тадбир, яъни БМТ оиласига кирувчи ташкилотлар Бош ассамблеясининг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимиз учун биринчи тарихий ҳодиса, десак тўғри бўлади.
ЎзА
Ақидада адашмайлик! (видео)
Азизхўжа домла Иноятов
«Жўйбори Калон» аёл-қизлар ўрта-махсус ислом билим юрти директори
" Чор Бакр" жоме масжиди имом-хатиби
Америго Варотти: Ўзбекистон деганда, аввало, Самарқанднинг чиройи ва тароватини ҳис қиламиз
Италиянинг Пестум шаҳрида XXIII Ўрта ер денгизи археологик туризм бўйича халқаро кўргазмасида Ўзбекистон элчихонаси вакиллари иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Кўргазмага келган 10 мингдан ортиқ меҳмон Ўзбекистон, Австралия, Исроил, Иордания, Испания, Куба, Малайзия, Мексика, Словакия, Тунис, Туркия, Эквадор, Эстония ва бошқа мамлакатларнинг қарийб 100 та павильони ва стенди билан танишди. Тадбир доирасида 60 дан ортиқ анжуман ва учрашув ўтказилди.
Ўзбекистон дипломатия миссияси томонидан халқ амалий санъати намуналари экспозицияси ва мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги материаллар тақдимоти ўрин олган алоҳида стенд ташкил қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг бой маънавий ва маданий-тарихий мероси, ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси ва Репрезентатив рўйхатларига киритилган тарихий ва маданий ёдгорликлари, табиий-иқлим шароити ва диққатга сазовор масканлари ҳақида батафсил маълумот тақдим қилинди.
Ўзбекистон томонидан виза тартибини либераллаштириш, жумладан, 92 мамлакат фуқаролари учун визасиз режим жорий этилгани, сайёҳлик инфратузилмасини кенгайтириш, хусусан, экотуризм, этнотуризм, маданий, гастрономик, пляж, тоғ туризми каби янги сайёҳлик йўналишларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида ахборот маълумотномалари тарқатилди.
Бундан ташқари, кўргазма меҳмонлари Ўзбекистонда жорий этилган «Uzbekistan. Safe travel guaranteed» сайёҳлар учун хавфсиз шароитлар яратиш бўйича лойиҳа билан танишди.
Америго Варотти, Пезаро ва Урбино Савдо конфедерацияси бош директори:
– Биз Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан жуда манфаатдормиз. Мен Қозоғистон, Озарбайжон, Арманистон ва Қирғизистонда бўлганман. Ушбу мамлакатлардаги ҳамкорлар билан сайёҳлик ва савдо алоқаларимиз мавжуд. Ўзбекистон - жуда чиройли гўзал мамлакатдир. Биз Ўзбекистон деганда, биринчи навбатда, Самарқанднинг чиройи ва тароватини ҳис қиламиз.
Сантина Бруни, Салерно провинциясидаги «Vela Dream Agropoli» сайёҳлик компанияси раҳбари:
– Юртингизга ҳавас қиламан, ҳар гал туроператор сифатида сайёҳлик кўргазма ва ярмаркаларига борганимда, биринчи галда Ўзбекистон стендини кўришга ошиқаман.
Мамлакатингизга бориш орзуим бор. Бундан бир неча йил аввал «Римдаги халқаро аёллар клуби» кўргазмасида иштирок этаётиб, сизнинг ажойиб анъанавий ва гўзал матоларингиз билан танишган эдим.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати