muslim.uz
Беҳбудий: “Икки тил эмас, тўрт тил керак”
Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси томонидан Буюк британиялик таниқли профессор ва ўқитувчиларни мамлакатимиз олий таълим тизимига жалб қилиш бўйича фаолият доирасида Самарқанд давлат университети илмий ходимлари учун Оксфорд университети тадқиқотчиси, тарих фанидан маърузачи Томас Вельсфорднинг “Британия университетларида Ўзбекистон тарихини ўрганиш муаммолари ва истиқболлари” мавзусида онлайн-маърузаси ташкил этилди, деб хабар беради “Дунё” АА.
Тадбирда Самарқанд давлат университети раҳбарияти, профессор ва ўқитувчилари, тарих фанидан тадқиқотчилар, Самарқанддаги Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи вакиллари қатнашди.
Самарқанд давлат университети проректори Мухтор Носиров тадбирни очиб бериб, британиялик тадқиқотчига ўзбек университетлари билан доимий ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди.
Т.Вельсфорд ўз маърузасини ўзбек тилида олиб борди. Беҳбудийнинг ҳозирги кунда ҳам долзарб бўлган “Икки тил эмас, тўрт тил керак” деган ҳикматли сўзларидан иқтибос келтирди. 2021 йил 18 ноябрь куни давлат мустақиллигини асосий тимсолларидан бири бўлган Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кун нишонланиши ҳамда ушбу санага 30 йил тўлиши муносабати билан британиялик олим бутун Ўзбекистон халқини ушбу қутлуғ сана билан табриклади.
Британиялик эксперт ўз маърузасида 20 йилдан буён Марказий Осиё ва Ўзбекистон тарихи, жумладан 10 йилдан ортиқ муддат мобайнида Самарқанд тарихини ўрганаётганини маълум қилди. Унинг фикрига кўра, жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган бўлишига қарамасдан Марказий Осиё халқари тарихи Буюк Британия университетларида жуда кам ўрганилган ва ҳозирги вақтда ҳам кам сонли олимлар, асосан Окфсорд, Стаффордшир, Ливерпуль университетлари олимлари томонидан тақдиқотлар олиб борилмоқда.
Унинг таъкидлашича, кўп йиллар давомида Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги архив ҳужжатлари Ғарб давлатлари тадқиқотчилари учун ёпиқ бўлгани сабабли уларда акс эттирилган тарихий фактларни Европа давлатларидаги манбалар билан илмий жиҳатдан таққослаб, танқидий таҳлил қилиш имкони бўлмаган. Яқин йиллардан бошлаб, дунё тадқиқотчилари учун Ўзбекистонда ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида сақланаётган архив ҳужжатларини ўрганиш учун имконият берилди. Ҳамкорликда олиб борилган илмий изланишлар самараси ўлароқ, Марказий Осиё халқларига оид янги фактлар жаҳон илмий ҳамжамияти эътиборига тақдим этилмоқда.
Т.Вельсфорд Ўзбекистонлик тарихчи олимлар билан Самарқанд тарихи, жадидчилик ҳаракати ва унинг ёрқин намояндаларидан бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида ҳали ўрганилмаган, Ўзбекистон фондларида сақланаётган ўзбек, араб, форс, рус тилларидаги архив ҳужжатлари асосида ҳамкорликда илмий изланишлар олиб боришга қизиқиш билдирди.
Ҳамкорликнинг кейинги босқичи сифатида томонлар 16 ноябрь куни Самарқанд давлат университети тарихчилари иштирокида “Беҳбудий - Ўзбекистон давлатчилиги тарихида энг илғор ислоҳатчилардан бири: танқидий таҳлил” мавзусида илмий семинар ўтказишга келишиб олди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Динда саволим бор: Қаерга борсам, ким билан суҳбатлашсам, сизни одамларингиз бор, йўлингизни тўсиб турибди, дейишади
— Ёшим 30 дан ошди, бироқ ҳали турмушга чиқмадим. Қаерга борсам, ким билан суҳбатлашсам, сизни одамларингиз бор, йўлингизни тўсиб турибди, дейишади. Бундай ҳолларда динимизда қандай йўл тутилади?
— Одамлари бор, йўли тўсилган деган гаплар бидъат, хурофот бўлиб, шариатда асоси йўқдир. Бир кишининг оила қуриши ортга сурилиши Аллоҳ таолонинг қазои қадари билан бўлади. Инсон доим Аллоҳга дуо қилиб, яхши турмуш ўртоқни рўпара қилишини сўраб, ибодатларда бардавом бўлса ҳам истиғфорни кўп айтса, Аллоҳнинг изни билан иши ўнгидан келади. Зеро, ҳадиси шарифлардан бирида Аллоҳ таоло истиғфорни кўп айтган кишининг муаммоларини аритиб, мушкулларини осон қилиб, унга ўзи ўйламаган томондан ризқ бериши айтилган.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Таиландда Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган онлайн тақдимот ўтказилди
Мамлакатимизнинг Таиланддаги Бош консулхонаси ҳамда Ўзбекистон туризм ва спорт вазирлиги вакиллари томонидан Таиланд сайёҳлик агентликлари уюшмаси (Thai Travel Agents Association) билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган онлайн шаклдаги тақдимот маросими ўтказилди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.
Thai Travel Agents Association 1984 йилда ташкил этилган бўлиб, уюшма ASEAN мамлакатлари, жумладан Таиланд ҳудудидаги туроператорлар ва авиачипталар агентликларини бирлаштиради.
Видеомулоқот давомида Таиланднинг 40 дан ортиқ хорижий саёҳат пакетлари ва авиачипта сотишга ихтисослашган туроператорлари ва агентликлари вакиллари қатнашди.
Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ривожлантириш, янги сайёҳлик йўналишлари барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, “Uzbekistan. Safe travel guaranteed” тизими, гастрономик, қишки ва зиёрат туризми имкониятлари, ҳунармандчилик маҳсулотлари, сайёҳлар учун яратилган инфратузилма ҳақида маълумот тақдим этилди. Анжуман иштирокчилари пандемия даврида республикага кириш тартиби ва ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга жавоб олди.
Ўз навбатида, Таиланд туроператорлари томонидан Қироллик ҳудудида Ўзбекистон билан яқиндан танишишга қизиқиш катталиги ва сайёҳлар ташрифини пандемиядан олдинги даражага етказиш мақсадида ўзаро авиақатновларни имкон қадар қисқа фурсатда қайта тикланишига умид билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ислом бағрикенглик динидир (видео)
Наманганда 65 гектарлик «Янги Ўзбекистон боғи» барпо этилмоқда
“Янги Наманган” шаҳарчаси барпо этиладиган ҳудуддаги Янги Ўзбекистон боғини кўкаламзорлаштириш тадбири - дарахт кўчатлари экиш акцияси бўлиб ўтмоқда.
Бугун эрта тонгдан «Долзарб 40 кунлик» акцияси доирасида, Давлатобод туманида қурилиши бошланган «Янги Наманган» шаҳарчасига Наманган шаҳар, Давлатобод ва Янги Наманган тумани ҳокимлиги, вилоятдаги диний соха ходимлари ва барча ташкилотлар вакиллари жам бўлишди. Жараёнда Наманган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати