muslim.uz
Устоз ёди
Жоме масжидимизнинг муаззини, хушовоз ҳофизи Қуръон – Нурулллоҳ қори домламизнинг акалари – Наманган шаҳар, “Шодибек” жоме масжиди имом ноиби, олим ва ҳофизи Қуръон – Аҳмадали домла Убайдуллаев вафот этгани муносабати билан таъзия учун қутлуғ хонадонларига бориб, марҳумнинг яқинларига таъзия изҳор этдик ва Қуръон тиловати ортидан дуолар қилдик.
Собиқ муаззинимиз, марҳумнинг катта укалари Юнусжон қори домламиз кўзларида ёш билан қуйидагиларни сўзлаб берди:
"Қори акам билан жаноза намозига кетаётган эдик. Акам менга "Жанозага кеч қолмайлик, Юнусжон!" дедилар ва бироз вақт ўтар-ўтмас тоблари қочиб қолди. Шу боис уларни тўғри уйга олиб келдим. Акам менга қараб: "Юнусжон, қўлимдан тут!" дедилар. Уларнинг қўлларини тутишим билан: "Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳу”, дея шаҳодат ила омонатларини топширдилар...
Амалдаги муаззинимиз, марҳумнинг кичик укалари Нуруллоҳ қори домламиз қуйидаги ҳолатни сўзлаб берди: "Дафндан кейин бир киши олдимизга келди ва таъзия изҳор этиб, шундай сўзларни айтди: "Ухлаб ётган эдим, тушимда бир қанча мўътабар олимлар даврасида ўтирган эканман. Шунда кимдир менга: "Жаннат аҳлининг жанозасига бормайсанми?" деди. Уйқудан туриб сўраб билсам, қори домламиз вафот топган эканлар. Автоуловимни икки километр масофа нарига амаллаб жойлаб, жанозага етиб келдим. Аслида мен уларни деярли унчалар яхши танимайман, йўлим тушганида ортларида атиги беш маротаба жума намозини ўқиганман. Шу сўзни Сизларга айтмасдан кета олмадим"...
Сўзлари давомида муфтийимиз Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратимиз ҳам алоҳида телефон орқали таъзия изҳор этиб, хайрли дуолар қилганларини мамнуният ила билдирдилар.
Аллоҳ таоло барчамизга хайрли ва гўзал хотима насиб этсин, олим ва ҳофизи Қуръон – Аҳмадали домламизни Аллоҳ таоло Ўз раҳматига мушарраф этсин!
Нурали МАВЛАНОВ,
"Абу Бакр Сиддиқ" жоме масжиди имом-хатиби
Таниқли уламоларнинг пойтахт масжидларига бугунги ташриф режаси
Бугун, 16 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги бир гуруҳ таниқли имом-хатиблар пойтахтимиз масжидларига ташриф буюриб, пешин ва хуфтон намозларини жамоат билан бирга адо этгандан сўнг мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбат қилиб беришади.
Қуйида уламолар пешин ва хуфтон намозларига борадиган масжидлар рўйхати билан танишишингиз мумкин:
Олмазор туманидаги “Аҳмаджон қори” масжидига пешинга, Юнусобод туманидаги “Ҳасанбой” масжидига хуфтонга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов;
Шайхонтоҳур туманидаги “Сузук ота” масжидига пешинга, Олмазор туманидаги “Мевазор” масжидига хуфтонга Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов;
Олмазор туманидаги “Сирож Солиҳ” масжидига пешинга, Олмазор туманидаги “Тўхтабой” жомесига хуфтонга Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи Муҳаммадайюб домла Ҳомидов;
Шайхонтоҳур туманидаги “Фотимаи Заҳро” масжидига хуфтонга Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи Алижон қори Ҳайдаров;
Олмазор туманидаги “Ҳазрати имом” масжидига пешинга, Юнусобод туманидаги “Минор” масжидига хуфтонга Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи ўринбосари Аброр домла Мухтор Алий;
Чилонзор туманидаги “Новза” масжидига пешинга, тумандаги “Собитхон ҳожи” масжидига хуфтонга Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов;
Шайхонтоҳур туманидаги “Оқ тунукали” масжидига пешинга, тумандаги “Яҳё” масжидига хуфтонга Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби Собир домла Рустамов;
Шайхонтоҳур туманидаги “Султон ҳожи” масжидига пешинга, тумандаги “Оқлон” жомесига хуфтонга Олмазор тумани бош имом-хатиби Абдуллоҳ домла Юлдошев;
Чилонзор туманидаги “Дўмбиробод” масжидига пешинга, Шайхонтоҳур туманидаги “Коҳ ота Бузрук” жомесига Учтепа тумани “Маҳкам ота” масжиди Муҳаммадбобур Йўлдошев;
Шайхонтоҳур туманидаги “Баланд” масжидига пешинга, тумандаги “Фирдавс” жомесига хуфтонга Чилонзор туманидаги “Новза” масжиди имом-хатиби Жалолиддин домла Ҳамрақулов;
Чилонзор туманидаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжидига хуфтонга Олмазор тумани “Сирож Солиҳ” масжиди имом-хатиби Ҳасан домла Қодиров;
Чилонзор туманидаги “Чоштепа” масжидига, тумандаги “Қатортол” жомесига хуфтонга Яккасарой туманидаги “Ракат” масжиди имом-хатиби Роббимқул домла Муҳаммадиев;
Миробод туманидаги “Қўйлиқ ота” масжидига пешинга, тумандаги “Валихужа ўғли Норхужа” жомесига хуфтонга Шайхонтоҳур тумани “Доруссалом” масжиди имом-хатиби Муҳаммадраҳим домла Абдуқодиров;
Учтепа туманидаги “Абу Ҳурайра” масжидига пешинга, тумандаги “Бешқайрағоч” жомесига Тошкент шаҳридаги "Камолиддин Ориф ал-Бухорий" масжиди имом-хатиби Закариё домла Ҳафизуллаев.
Аллоҳ таоло уламоларимизнинг суҳбатини манфаатли ва давомли қилсин!
Бағрикенглик – тинчлик ва тараққиёт асоси
Бирор қавм кишиларини ёқтирмаслик, сизларни адолатсизлик қилишга ундамасин! Одил бўлингиз! Зеро у адолат (тақво)га яқинроқдир... (Моида, 8.)
Бағрикенглик – турли миллат ва дин вакилларининг бир заминда ўзаро иноқ ва ҳомкор бўлиб яшашларини англатувчи тушунча. 16 диний конфессия, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир осмон остида, бир заминда, бир ҳаводан нафас олиб, ҳамжиҳат бўлиб, бир мақсад сари ҳаракат қилиши бағрикенглик, тотувлик, ҳамкорлик каби тушунчаларнинг юртимиздаги ифодасидар.
Дини, миллати, ирқи, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар дунёдаги инсонларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари тенгдир. Ислом дини таълимотидан келиб чиқиб аждодлар шундай йўл тутганлар ва бизларга ҳам шундай ўргатганлар. Мана масалан, Самарқанд шаҳрида Дониёр пайғамбар номи билан аталадиган мақбара ислом, христиан ва яҳудийлик дини вакиллари томонидан бирдек эъзозланади. Шу биргина мисолнинг ўзи олийжаноблик, эзгулик ва том маънодаги бағрикенглик асосини ташкил этади. Ўзгаларнинг дили, дини, эътиқоди, ибодат масканларига ҳам ҳурмат билан муносабатда бўлишда динимиз таълимоти, Мотуридий, Самарқандий, Насафий, Яссавий каби бобокалонларимиз угитларига асосланиб келганмиз.
Ислом таълимоти нуқтаи назаридан бағрикенглик мезонларини қуйидагича ифодалаш мумкин:
- хушмоамалалик – қўпол сўзламаслик, одамларни яхши ёмонга ажратмаслик (Наҳл, 125);
- мажбурламаслик – ўз қараш ва эътиқодига бошқаларни ҳам бўйсундиришга уринмаслик (Бақара, 256);
- беозорлик – ҳеч бир диннинг ибодат масканларига зиён етказмаслик (Ҳаж,40);
- адолатлилик, холислик – дини, миллати, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар ҳаммани бир кўзда кўриш (Моида, 8.);
- мулоқот ва ҳамкорлик – турли миллат ва турли дин вакиллари билан ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатиш(Ҳужурот, 13).
Дарҳақиқат, инсоният бир ота-онадан тарқалган. Унинг тили, ирқи, миллатининг хилма-хиллиги Буюк Зотнинг қудратидандир. “Унинг белгиларидан (яна бири) – осмонлар ва Ерни яратиши ва сизларнинг тилларингиз ва рангларингизнинг хилма-хиллигидир. Албатта, бунда барча олимлар учун аломатлар бордир” (Рум, 22).
Шунингдек, бою камбағал, мансабдору фуқаро, кучлию кучсиз, олиму оми ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг адолат ва тенглик асосида бўлиши, содда қилиб айтганда Яратган наздида ҳамманинг тенг эканлиги ҳадиси шарифда қуйидагича ифодаланади: “Эй, инсонлар! Парвардигорингиз ягонадир! Агар тақволи (пок ва холис) бўлмаса, арабнинг ажам (араб бўлмаган миллат)дан, ажамнинг арабдан, оқ танлининг қора танлидан, қора танлининг оқ танлидан устун жойи йўқ. Худонинг наздида энг улуғ одам – тақводор (холис) одам”. Яъни, бир одамга ташқи кўнириши, гап-сўзи, юриш-туришига қараб бошқа бир одам баҳо бера олмайди. Аллоҳ таоло эса одамнинг қалбига қарайди.
Қуръони каримда “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ учун тўғриликда собит турувчи, одиллик билан гувоҳлик берувчи бўлингизлар. Бирор қавм кишиларини ёқтирмаслик, сизларни адолатсизлик қилишга ундамасин! Одил бўлингиз! Зеро у адолат (тақво)га яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ ишларингиздан хабардордир” (Моида, 8.) дея адолат ва холисликка;.
“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳаво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишларингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик...” (Ҳужурот, 13) дея дини, тили, миллатидан қатъи назар бутун башариятни мулоқот ва ҳамкорликка чорлаган.
Бағрикенглик бўлмган жойда унинг ўрнини тоқатсизлик эгаллайди.
Миллатлар, динлар ўзаро кураш ва низоларга эмас, балки ўзаро ҳамкорлик ва мулоқотга таянса умуминсон манфаатлари учун хизмат қилади. Акс ҳолда бағрикенглик ўрнини тоқатсизлик эгаллаб, бугун дунёда рўй бераётган калтабинликлар келиб чиқаверади.
Сўнгги 5 йилликни кўз олдимизга келтирадиган бўлсак, дунёнинг ҳамма бурчакларида тоқатсизлик ортидан қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар, жумладан болалар, аёллар, қариялар инсоний табиат қабул қилолмайдиган даражадаги қийноқ ва азобларга дучор бўлди, уларнинг қанчалари ҳаётдан кўз юмди. Мактаб, шифохоналар каби жамоат масканлари, ҳатто диний ибодат қилиш жойлари (масжид, черков, храм ва ҳ.з.) йўқ қилинди.
Ватанимиз, соф динимиз, қадриятларимиз, анъаналаримиз – дахлсиз омонатимиз. Буларнинг барчасини гўзал ва соф шаклда келгуси авлодгача етказиб бериш энг шарафли бурчимиздир. Бу йўлда бағрикенглик асосий воситамиз бўлиб хизмат қилади.
М.Насриев,
Тошкент ислом институти
“Ижтимоий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси
Шафоат нима ва у неча тур бўлади? Ал-мийсоқ нима дегани? (16-дарс)
Ўзбекистонда «Бағрикенглик ҳафталиги» ўтказилмоқда
Жорий йил 15-21 ноябрь кунлари Ўзбекистонда 16 ноябрь - Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган «Бағрикенглик ҳафталиги» ўтказилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига мувофиқ, 1997 йилдан буён бутун дунёда ҳар йили 16 ноябрь «Халқаро бағрикенглик куни» сифатида нишонланиб келинади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 15 ноябрдаги «Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида юртимизда ҳар йили 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган «Бағрикенглик ҳафталиги» ташкил этилади.
«Бағрикенглик ҳафталиги»ни ўтказишдан мақсад жамиятимизда дўстлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантиришдан иборат.
Ҳафталик доирасида «Ўзбекистон-бағрикенг диёр» шиори остида туркум маданий-марифий тадбирлар, жумладан, «Дўстликни тараннум этган юрт» ҳужжатли фильми тақдимоти, «Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови» халқаро илмий-амалий конференцияси, «Китобхонлик бизни бирлаштиради» китоблар кўргазмаси, «Дўстлик жамиятлари: кеча ва бугун» фотокўргазмаси, «Биз бир мамлакатда яшаётган ягона халқмиз» мавзусида илмий-амалий ва маърифий анжуманлар, бошқа тадбирлар ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Мазкур тадбирлар Ташқи ишлар, Адлия, Маданият, Халқ таълими вазирликлари, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ташкил этилади.
«Бағрикенглик ҳафталиги» доирасида ташкил этиладиган тадбирлар аҳоли, айниқса ёш авлодни республикамизда яшаб турган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантиришга, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати