muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси ходимлари ЮНЕСКО жамоат ассоциацияси (UCA) ва мазкур ташкилотнинг расмий ҳамкори - Халқаро маданий дипломатия ассоциацияси (IACD) томонидан ташкил этилган «Маданиятлар ва анъаналар чорраҳасида» мавзусидаги онлайн давра суҳбатида иштирок этди, деб хабар қилаяпти «Дунё» АА мухбири.


Тадбирда давлатлар маданий мероси ва анъаналарига ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хилма-хиллик ва тинчликни тарғиб қилиш омили сифатида тўхталиб ўтилди. Мамлакатларнинг тарихий-маданий мероси ва салоҳияти, жумладан, халқ қўшиқлари, анъанавий рақслар, фольклор ва миллий гастрономия анънаналарини очиб берувчи аудио ва видеоматериаллар тақдим этилди.


Ўзбекистон вакиллари барқарор туризмни ривожлантириш контекстида мамлакатимизнинг тарихий ва маданий меросини муҳофаза қилиш, кенгайтириш ва оммалаштириш соҳасида ЮНЕСКО билан ҳамкорликнинг асосий йўналишларига алоҳида тўхталди. Иштирокчилар республиканинг миллий, минтақавий ва халқаро миқёсда туризмни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари билан таништирилди. Самарқанд шаҳри номзодини 2023 йилда уюштириладиган ЮНВТО Бош Ассамблеясининг 25-сессиясини ўтказиш жойи сифатида илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.


Ўзбекистон дастурининг маданий қисми 2010 йилда маданият ва санъатни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган, қароргоҳи Грецияда жойлашган «International Action Art» халқаро нодавлат ташкилотининг мамлакатимиздаги бўлинмаси билан ҳамкорликда тайёрланди.


Тадбирда Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларининг қадимий тарихи, кўп миллатли халқимизнинг маданий хусусиятлари ва анъаналари, миниатюра ва рақс санъати, ноёб гастрономия, шунингдек, Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти ҳақида батафсил ҳикоя қилувчи «World Wide Travel» сайёҳлик компанияси томонидан тайёрланган видеоролик намойиш этилди.


Ўзбекистон вакилларининг тақдимотлари иштирокчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Ташкилотчилар Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданий мероси, сайёҳлик ва гастрономик салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича қўшма ахборот-маърифий тадбирлар, жумладан, тақдимот ва стендларга жиддий қизиқиш билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Kun.uz “Ҳаётий ҳикоялар” рукнининг навбатдаги қаҳрамонлари – айрим сабаблар билан уруш ўчоғига бориб қолган ва давлатимиз томонидан ватанга қайтарилган оналардир. Улар Сурияга қай тариқа бориб қолишгани ва уруш даҳшатлари ҳақида сўзлаб беришди.

Биринчи ҳикоя

“Сурияда ўлим билан ҳаёт битта танада яшайди”

— Сурия ҳақида авваллари билмас эдик. Хўжайиним у пайтда Мисрда, биз эса Ўзбекистонда яшардик. 2012 йилда у бизни Мисрга чақирган. Фарзандларим отасиз ўсмасин, ўзим отасиз ўсдим, улар ота меҳрига зор бўлмасин, деб икки боламни олиб эримнинг орқасидан кетганман. У ерда 2 йил яшадик, болаларим мактаб ва боғчага боришарди. Мен кўпроқ уйда бўлардим.

Мисрда вазият оғирлашиб кетгач, Туркияга кетишга қарор қилдик. 2014 йилда Туркияда 10 кун туриб, у ердан Сурияда ўтиб кетдик.

Кўпроқ Топқо деган шаҳарчада яшадик. 2017 йилнинг март ойларида биз у ерни тарк этишга мажбур бўлдик. Чунки шаҳарда вазият оғир эди. Курдлар бостириб киргандан кейин яшаган манзилимизда туриш хавфли бўлиб қолган. Топқода, кейин Роққа деган жойда яшадик. У ерда ҳам оз муддат яшаб, яна манзилимизни ўзгартирганмиз.

Шаҳарма-шаҳар кўчиб юраверганмиз. Охири Боғузгача борганмиз. У ерда уйлар йўқ эди, одамлар хандақ (окоп) қазиб, ичида яшашарди: шуниси хавфсизроқ эди. Ўлим кўп, очарчилик ҳукмрон эди. Одамлар тириклай ёниб кетишар, аммо ҳеч ким ёрдам бера олмасди. Юрак ҳовучлаб яшардик, айниқса болаларим бу ҳолатларни кўриб қўрқишарди...

Боғуз ниҳоятда хавфли жойга айланди – бизнинг устимизда барча қуролларни синаб кўришарди. Кунларнинг бирида тунда ёнимиздаги ўқ-дори машинаси устига ракета келиб тушган. Ҳамма ёқ ёниб кул бўлди. Ҳаммаси худди кинолардагидек юз берди. Ракета зарбидан отилган учқунлар биз турган xандаққача етиб келди. Буларнинг ҳаммаси даҳшатли эди. Xандақдан отилиб чиқиб кетмасак, биз ҳам ёниб кетишимиз мумкин эди. Мен фарзандларимни олиб чиқиб кетдим.

Нарироқда уйғурларнинг тизза баравар ковланган xандағи бор экан. Xандақ эгаларидан бир кечага шу ерда тунаб қолиш учун рухсат олдик. Ўша xандақда тунни ўтказдик. Туни билан мижжа қоқмай чиқдик. Чунки ухлайдиган ҳолат эмасди. Аёлларнинг ёрдам сўраб чинқирган овозлари келарди атрофдан. Биз уларга ёрдам бериш тугул, ҳатто xaндақдан чиқа олмасдик. Қўлимиздан ҳеч нарса келмасди. Шифокорлар йўқ, дори-дармон ҳақида ўйламаса ҳам бўлади.

Бир чуқурликда 5 нафар ёш болаларнинг ёниб кетиши оқибатида скелетлари қолган, уларнинг ёнида эса онаси аъзолари бутун, фақат оёқ танадан узилиб кетган ҳолатда турaрди.

Мен ўзимни ўша онанинг ўрнида тасаввур қилиб кўриб даҳшатга тушдим. Унинг ҳам фарзандлари худди мендек 5 нафар эди. Ич-этим жимирлаб кетди... Сурияда мен кўрган энг даҳшатли воқеа шу эди. Худди қиёмат эди. Биз фарзандларимизни қанчалик ардоқлаймиз, ер-y кўкка ишонмаймиз. Лекин онанинг қўлидан ҳеч нарса келмаган. Фарзандларини ракетадан ҳимоя қила олмаган.

Қўрққанимдан очликни ҳам ҳис қилмас эдим. Ейдиган нарсанинг ўзи йўқ эди. Мазам қочиб, карахт бўлиб қолганман. Фарзандларим менсиз қолиб кетмасин, деб Яратганга илтижо қилиб чиқар эдим.

Сурияга борган илк пайтларда секин-аста озиқ-овқат танқислиги кузатила бошлади. Болаларимга нон бериб туриб: “Камроқдан енглар”, деб уқтирар эдим. Ун камайгач, тежаш учун болаларимга атала қилиб беришга ўтдим.
Йўл беркилганидан кейин шу атала ҳам йўқ бўлиб қолди. Шу сабабли кепак қовуриб беришга ўтдим. Фарзандларим қовурилган аталадан тановул қила туриб худди тансиқ таом еяётгандек ҳузурланишарди. Энг ёмони, ҳатто шу кепакдан бўлган таомни ҳам тўйиб ейишмасди.

Сурияда тошли тегирмон бўлар экан. Ўғлим уйдаги буғдойни тегирмонга олиб бориб майда қилиб келган. Катта фарзандларимга кепак қовуриб, кенжасини эса аяб, унга буғдой унидан нон берардим. Болаларимнинг “эртага ҳам кепак қовуриб берасизми?” деб зорланиб айтган гаплари ич-этимни кемирарди.

Самолётдан тушганимда ҳаёт борлигини ҳис қилдим. Сурияда ўлим билан ҳаёт битта танада яшайди. Аввал эътибор бермаган эканман. Боғуз шаҳрида ракета бўлаклари тушган хандақ ёнида ўрик дарахти бор экан. Дарахтнинг танаси иккига ажраган: бир шохи гуллаб турибди, иккинчи шохи эса ёниб кетган. Инсон баҳорда ўрик гуллаганини кўриб хурсанд бўлиб кайфияти кўтарилади. Мен ўша гуллаган ўрикни кўриб туриб ҳам ўзимда бирор бир ҳис туймадим. Гул тугган куртакни кўриб баҳор келганини билдим. Ўрик гулини кўриб қишдан соғ-омон чиққанимизга шукрлар айтдим...

Аёзли кунларда уйимиз йўқ, қиров тушмасин деб хандақдаги кўрпа-тўшакларимизнинг устини ўраб қўярдик. Эртаси куни эса ўша қировни қуритиш билан овора бўлардик.

Болаларимга сув олиб келиш учун хандақдан чиқаман десам, улар йиғлашарди. “Сув олиб келаман, деб бомба тагида қолиб кетманг, сув ҳам ичмаймиз, керак эмас”, дейишарди. “Сувсизликдан ўламизми?” деб ўқ ёғилиши сал тинган пайтда эҳтиёткорлик билан болаларимга сув олиб келардим.

Ватанимизга қайтарган юртбошимизга, “Меҳр-5” операциясида иштирок этганларга оиламиз номидан катта раҳмат айтаман. Тинчлигимизга кўз тегмасин...

 

Гулмира Тошниёзова
суҳбатлашди.

Бугун, 10 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари пойтахтдаги “Сирож Солиҳ” жомесига ташриф буюриб, пешин намозидан сўнг намозхонлар билан суҳбат қиладилар.

 “Сирож Солиҳ” жоме масжиди 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бугун, 10 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги бир гуруҳ таниқли имом-хатиблар пойтахтимиз масжидларига ташриф буюриб, пешин намозини жамоат билан бирга адо этгандан сўнг мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбат қилиб беришади.

Қуйида уламолар пешинга борадиган масжидлар рўйхати билан танишишингиз мумкин:

Учтепа туманидаги “Саид Ваққос ота” масжидига Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Раҳматиллоҳ домла Сайфуддинов;

Учтепа туманидаги “Абдулҳамид ҳожи ота” масжидига Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов;

Учтепа туманидаги “Бурхониддин Марғилоний” масжидига Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи Муҳаммадайюб домла Ҳомидов;

Учтепа туманидаги “Ҳазрати Али” масжидига Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи ўринбосари Аброр домла Мухтор Алий;

Шайхонтоҳур туманидаги “Эшон Бобохон” масжидига Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов;

Учтепа туманидаги “Муҳаммад Умар ўғли Зокир” масжидига Олмазор тумани бош имом-хатиби Абдуллоҳ домла Юлдошев;

Учтепа туманидаги “Абу Ҳурайра” масжидиги Шайхонтоҳур тумани “Доруссалом” масжиди имом-хатиби Муҳаммадраҳим домла Абдуқодиров;

Учтепа туманидаги “Абдуллоҳ ибн Масъуд” масжидига Чилонзор туманидаги “Новза” масжиди имом-хатиби Жалолиддин домла Ҳамрақулов;

Учтепа туманидаги “Файзуллахўжа ўғли Муродҳожи” масжидига Яккасарой туманидаги “Ракат” масжиди имом-хатиби Роббимқул домла Муҳаммадиев;

Учтепа туманидаги “Маҳкамбой ҳожи ота” масжидига Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби Собиржон домла Рустамов;

Шайхонтоҳур туманидаги “Султон ҳожи” масжидига Олмазор тумани “Сирож Солиҳ” масжиди имом-хатиби Ҳасан домла Қодиров;

Шайхонтоҳур туманидаги “Зангиота” масжидига Олмазор тумани “Ҳазрати Имом” масжиди имом-хатиби Ҳабибуллоҳ қори Абдураззақов;

Шайхонтоҳур туманидаги “Оқ тунукали” масжидига Юнусобод туманидаги “Мирза Юсуф” масжиди имом-хатиби Фозилжон домла Убайдуллаев;

Учтепа туманидаги “Абу Талҳа” масжидига Яшнобод тумани “Ислом ота” масжиди имом-хатиби Йўлдошали домла Каримов;

Аллоҳ таоло уламоларимизнинг суҳбатини манфаатли ва давомли қилсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Каттақўрғон тумани ва шаҳридаги сайёр учрашувда Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби Зафар домла Маҳмудов тумандаги “Боғот” маҳалласида яшовчи Фарида она Ибрагимова уйига ҳамда туманга Меҳр 2 операциясида олиб келинган болалар хонодонига ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олди, ширин сўз ва ҳадялар билан хурсандчилик улашиб, дуои хайрлар қилди.

***

Сайёр учрашув ва суҳбатлар доирасида вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Ёқубжон домла Мансуров Каттақўрғон шаҳридаги “Дўстлик”, “Алишер Навоий”, “Гўзалкент” маҳаллаларида яшовчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар билан суҳбатлашди. Сўнгра уларга ҳадялар улашди.

***

Вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров бошчилигида иқтидорли имом-хатибларнинг сайёр учрашуви Каттақўрғон туманидаги “Хўжа Абдураҳмон ота” масжидидан бошланди. Ташриф асносида имом-хатиблар пешин намозини ҳудуддаги масжидларда адо этиб, жамоатга суҳбат қилиб беришди.

***

Имом-хатиблар Каттақўрғон туманидаги 96-мактаб биносида ёшлар билан “Тинчлик ва барқарорлик – олий қадрият!”, “Сўкиниш – тарбиясизлик аломати” мавзуларда суҳбат қилиб берди.

Сайёр учрашув ва суҳбатлар давом этмоқда...

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top