Дунё янгиликлари

Ҳиндистон (Бҳарат)

Ҳиндистон Республикаси – Жанубий Осиёдаги давлат. Ҳудуди шимолдан жанубга 3214 чақирим, ғарбдан шарққа 2933 чақиримга чўзилган. Шимолдан Ҳимолай тоғлари, ғарбда Арабистон денгизи, шарқда Бенгалия қўлтиғи билан ўралган. Ҳиндистон таркибига Арабистон денгизидаги Лаккадив ва Аминдив ороллари, Бенга­лия қўлтиғидаги Андаман ва Никобар ороллари ҳам киради.  Майдони 3,3 млн. км2. Аҳолиси 1,37 млрд. киши. Пойтахти – Деҳли шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 28 штат (state) ва 7 иттифоқ ҳудудга (territory) бўлинади.

Давлат тузуми

Ҳиндистон – федератив рес­публика. Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибига киради. Амалдаги конституцияси 1950 йил 26 январдан кучга кирган; кейинчалик ўзгартишлар киритилган. Давлат бошлиғи – президент (2017 йилдан Рам Натҳ Ковинд). Қонун чиқарувчи ҳокимиятни президент ва икки пала­та — Штатлар кенгаши (Ража сабха) ҳамда Халқ палатаси (Лог сабха)дан иборат парламент; ижроия ҳокимиятни президент ва бош вазир бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади.

Табиати

 Ҳиндистонда фойдали қазилмалардаи тошкўмир, темир рудаси, ти­тан, олтин, табиий газ, марганец, хромит, боксит, олмос, қимматбаҳо тошлар, мис, нефть, слюда, қўрғо-шин конлари бор. Иқлими, асосан, тропик иқлим, шимолда тропик мус-сонли иқлим. Асосий дарёлари: Ганг, ирмоғи Жамна, Ҳинд (юқори оқими), Брахма-путра (қуйи оқими), Нармада, Года­вари, Кришна. Дарёлари ёзда серсув (муссон ёмғирлари даврида тошади), суғоришда кенг фойдаланилади, айримларида кема қатнайди. Ҳиндистон ҳудудининг аксар қисми қизил тупроқли. Ўсимликлардан акация, бамбук, кокос ва хурмо пальмаси кенг тарқалган. Мамлакатнинг 25 фоизи ўрмон. Ҳимолай тоғларининг қуйи ён бағирларида терак, юқорида тик, сандал, ҳимолай кедри, қорақарағай, оққарағай ўсади. Ғарбий Гат тоғлари ён бағри, Ганг ва Брахмапутра дельталари, Шарқий Ҳимолай тоғ олди доим яшил ўрмонлардан иборат. Ҳиндистонда ўсимликларнинг 21 минг тури тарқалган. Унда Ер юзида мавжуд бўлган барча ўсимликнинг ярмидан кўпини учратиш мумкин.

Ҳайвонот дунёси хилма-хил. Сут эмизувчи ҳайвонларнинг 350 тури, қушларнинг 1600 дан зиёд тури бор. Ҳиндистон ҳудудида фил, маймун, каркидон, шер, қоплон, йўлбарс, мангуст ва бошқа ҳайвонлар яшайди, илоннинг деярли барча тури мавжуд. Мамлакатда 75та миллий боғ ва 420 дан ортиқ қўриқхона мавжуд. Йирик миллий боғлари: Казиранга, Манас, Дачиган, Дадва, «Гуллар водийси» (Уттар-Прадеш), Сариска ва бошқалар

Аҳолиси

 Ҳиндистон – дунёда энг кўпмиллатли мамлакатлардан бири. Ҳиндистонда турли тилларда сўзлашувчи бир неча юз миллат, элат ва қабила яшайди. Аҳолисининг 72 фоизини ҳинд-европа тилларининг ҳинд-орий тиллари гуруҳида сўзлашувчи халқлар – ҳиндустонийлар, маратҳлар, бенгаллар, бихарлар, гужаротлар, ориялар, ражастхонилар, панжобилар ташкил этади. Кашмири йлар дарий тил гуруҳига мансуб. Ҳиндистон жанубида, асосан, дравид тилларида, шимолий ва шимоли-шарқида тибет-бирма тилларида сўзлашувчи халқлар яшайди. Шаҳар аҳолиси 30 фоиз. Расмий тиллар – ҳинд ва инглиз тиллари. Аҳолининг кўпчилиги (83%) ҳиндуийлик динига эътиқод қилади; ислом (10%), христиан (2%), сикҳизм (2,5%) ва бошқа динларга эътиқод қилувчилар ҳам бор. Йирик шаҳарлари: Калькутта, Бомбай, Деҳли, Ченнай, Бангалор, Аҳмадобод, Ҳайдаробод, Пуна, Кан­пур, Нагпур, Жайпур, Лакҳнау.

Тарихи

Ҳиндистон ҳудудида одамлар тош давриданоқ яшаган. Милоддан аввалги уч минг йилликнинг иккинчи ярми – икки минг йилликнинг биринчи ярмида Ҳинд дарёси водийсида юксак даражада ривожланган шаҳар маданияти вужудга келган (қ. Хараппа маданияти). Милоддан аввалги  икки минг йилликнинг  иккинчи ярмида Ҳиндистонга шимоли-ғарбдан орийлар кириб келиб, аввал Панжоб, кейинчалик Ганг дарёси водийсида жойлашдилар. Милоддан аввалги VI асрда Шимолий Ҳиндистоннинг шарқий қисмида, Ганг ва Жамна дарёлари ҳавзаларида Магадҳа давлати бўлган. Милоддан аввалги VI-IV аcрларда иқгисодий тараққиёт қадимий ҳинд жамиятида турмуш шароитларини анча ўзгартирди. Қуллар ва ёлланма ишчилар меҳнатидан деҳқончилик, ҳунармандчилик ва кончилик ишларида фойдаланилди. Ижтимоий зиддиятларнинг кучайиши диний-сектантлик ҳаракатини пайдо қилди, оқибатда буддизм ва жайнизм динлари вужуд­га келди. Милоддан авввалги IV аср ўрталарида Нандалар сулоласи даврида қарийб бутун Ҳинд дарёсининг водийси Магадҳа давлати тасарруфида бўлган. Магадҳа давлати равнақ топган даврда Ҳинд дарёси ҳавзасининг бир қисмини Ахоманийлар босиб олди. Милоддан аввалги 327-325 йилларда Ҳиндистонга Искандар Мақдуний бостириб кирди. Магадҳа давлатининг босқинчилик урушлари Маурийлар империяси даврида ҳам давом этди. Подшо Ашока ҳукмронлигида қарийб бутун Ҳиндистон ва ҳозирги Афғонистоннинг бир қисми Маурийларга қарашли эди. Милодий биринчи асрда Ҳиндистон шимолининг катта қисми кушонлар қўл остига ўтди. Кушонлар дав­лати емирилгач, IV-а.да Ҳ. шим.да яна Магадҳа давлати равнақ топди. Кейин­чалик Гупталар сулоласи даврида Шимолий Ҳиндистоннинг талайгина қисми – шаркда Бенгалия қўлтиғидан ғарбда Панжоб ва Катхиявар яриморолигача бўлган ҳудуд Магадҳа давлати таркибига кир­ди. Худди шу даврда Деканда Вакатака, Паллавлар, Ванга каби давлатлар мавжуд бўлган. II-IV асрларда бу ерда қулдорлик тузуми емирила бошлаган.

VI-XII асрларда Ҳиндистонда бир неча давлат мав­жуд бўлган. VII асрнинг биринчи ярмида маҳаллий подшолардан бири Ҳарша Ҳиндистон шимолидаги бир неча давлатларни забт этиб, Ҳарша империясига асос солди. Бу империя 30 йил ҳукм сурди. VIII аср бошларида араблар Синдни босиб олдилар. XI аср бошларида Маҳмуд Ғазнавий Ҳиндистон шимолига бир неча марта ҳужум қилиб, Панжобнинг бир қисмини ўз давлати тар­кибига қўшиб олган. XII аср охири – XIII бошларида Ҳиндистон шимолини Ғурийлар дав­лати ҳукмдори Муҳаммад Ғурий забт этди. Унинг ўлимидан сўнг Ғурий ноибларидан бири Қутбиддин Ойбоқ Деҳли султонлигига асос солди.

XIV-XV асрларда ҳинд рожаларининг ҳокимияти сақланган Ражпутанадан ташқари Ҳиндистон шимолида мустақил Жаунпур, Бенгалия, Гужарот, Малваҳамда Деканнинг шимолида Бахмоний султонлиги пайдо бўлди. Афғонларнинг лўдийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида Ганг дарёси водийсининг талай қисми султонликка қўшиб олинди.

XV аср охирида Ҳиндистонга дастлабки европалик мустамлакачилар – португаллар кириб кедди ва XIV асрнинг  биринчи ярмида улар денгаз соҳилига жойлашиб олдилар. 1526 йилнинг апрелида Заҳириддин Муҳаммад Бобур Панипатдаги жангда Иброҳим Лўдийни енгиб, Деҳли султонлигини эгаллади ва Ҳиндистонда Бобурийлар давлатига асос солди (бу давлат 1858 йилгача мавжуд бўлди). XVII аср бош­ларида Ҳиндистонга Англия ва Голландиянинг Ост-Индия компаниялари суқилиб кир­ди ва португалларни Ҳиндистон билан олиб бораётган денгиз савдосидан маҳрум қилиб, мамлакатда қатор фактория (савдо-сотиқ пунктлари) оча бошлади. 1664 йил французларнинг Ост-Индия компанияси  ҳам ташкил этилди. Бобурийлар ўртасидаги ўзаро ички кураш инглиз ва французларнинг Ост-Индия компанияларига Ҳиндистонда ҳарбий экспансия уюштириш имконини берди. Ҳиндистонда устунликка эришиш учун бу икки компания ўртасида Жанубий Ҳиндистонда бўлиб ўтган жанглар (1756-63) натижасида Англиянинг Ост-Индия компанияси ғолиб чиқиб, Бенгалияни забт этди, Карнатик ва Ауд хонликларини ўз вассалларига ай-лантирди. 1803 йил Деҳли босиб олингач, бобурий подшолар инглизларнинг Ост-Индия компаниясига мутлақ қарам бўлиб қолди. 1833 йил Ост-Индия компанияси савдо ташкилоти сифатида тугатилиб, унга Ҳиндистонни мустамлакачилик асосида бошқариш вазифаси юклатидди. Ҳиндистон секин-аста Буюк Британияга қишлоқ хўжалик хом ашёси етказиб берадиган базага айланиб қолди. XIX аср ўрталарида мустамлакачиларга қарши халқ қўзғалонлари бўлиб ўтди. 1857-59 йилларда бўлиб ўтган машҳур сипоҳийлар қўзғалони Ҳиндистоннинг кейинги тараққиётига таъсир кўрсатди. 1858 йил Ост-Индия компани­яси тугатилиб, Ҳиндистонни бевосита Буюк Британия идора қила бошлади.

XIX асрнинг 80-йилларидан мамлакатда халқнинг норозилик намойишлари, митинглар, иш ташлашлар авж олди. 1885 йил қатор миллий ташкилотлар бирлашиб, Ҳиндистон миллий конгрессига (ҲМК)  уюшди. XX аср бошлари унда Б. Тилак бошчилигида сўл демократик оқим шаклланди. 1905-08 йилларда миллий озодлик ҳаракати янада авж олди. Айниқса, 1908 йилги Бомбай иш ташлаши муҳим аҳамиятга эга бўлди. Буюк Британия ҳукумати мил­лий озодлик ҳаракатини диний жамоа белгилари бўйича бўлиб ташлашга ҳаракат қилди ва 1906 йил Мусулмонлар лигаси партиясининг пайдо бўлишига кўмаклашди. Унга қарши ҳиндуларнинг Ҳинду махасабха (ҳиндуларнинг буюк иттифоқи) сиёсий ташкилоти тузидди. Биринчи жаҳон уруши даврида (1914-18) Ҳиндистон метрополия томонида урушда қатнашди. 1918 йилдан мустамлакачиликка қарши кураш янада авж олди. Бу даврда ҲМК раҳбарларидан бири бўлган Махатма Ганди мустамлакачиларга қарши курашнинг сатъяграха (куч ишлатмасдан қаршилик кўрсатиш) шаклини тарғиб қилди. Ганди таълимоти – гандизм ҲМК партиясининг расмий мафкурасига айланди. 1918-22 йилларда ишчилар ҳаракати кучайди. 1920 йил  Бутун Ҳиндистон касаба уюшмалари конгресси ташкил этилди. 1923-27 йилларда мил­лий озодлик ҳаракати вақгинча сусайди. 1927 йил ҲМКда антиимпериалистик курашни фаоллаштириш тарафдорларини бирлаштирган сўл қанот вужудга кедди. Унга Ж. Неру ва С.Ч.Бос раҳбарлик қилдилар. 1929-30 йиллардаги жаҳон иқгисодий бўҳрони антиимпери­алистик ҳаракатни янги босқичга кўтарди.

1930 йил ҲМК М.Ганди раҳ-барлигида яна бўйсунмаслик кам­паниясини бошлаб юборди. 1931 йил мартда ҲМК раҳбарлари мустамлакачи ҳукмрон доиралар билан музокара бошлади. Ҳар икки томон келиша олмагач, бўйсунмаслик кампанияси давом эттирилди. 1935 йил Англия парла­менти Ҳиндистонни бошқариш тўғрисида ҳужжат (қонун) қабул қилди. Бунга кўра, вилоятларнинг мухтор ҳуқуқлари бир оз кенгайтирилди, уларда маҳаллий ҳукумат тузилди, лекин ҳокимият илгаригидек инглиз мустамлакачилари қўлида қолаверди. Мамлакатда бу реакцион ҳужжатга қарши намойишлар бўлиб ўтди. 1936 йил ҲМК империалистик кучларга қарши ягона фронт тузиш вазифа-сини илгари сурди. Иккинчи жаҳон уруши (1939-45) даврида Ҳиндистон антифашистик коалиция томонида бўлди. Уруш сўнггида Ҳиндистон билан Англия империализми ўртасида иқгисодий ва сиёсий зиддиятлар кескин кучайди. 1946 йил бошида армия, флот ва авиацияда инглизларга қарши оммавий чиқишлар бўлиб ўтди. 1946 йилнинг 18-23 февралида Бомбайдаги ҳарбий денгизчилар қўзғалони инқилобий ҳаракатнинг юқори чўққиси бўлди.

Англия ҳукумати миллий ҳаракат раҳбарлари билан музокара бошлаб, 1946 йил баҳорда Ҳиндистонга доминион мақомини беришга қарор қилганлигини эълон қилди. 1946 йил августда Ж. Неру бошчилигида муваққат ҳукумат тузилди. Миллий озодлик ҳаракатининг авж олиб кетиши натижасида инглиз мустамлакачилари Ҳиндистондан чиқиб кетишга мажбур бўдди. 1947 йил 15 авггустда Ҳиндистон ҳудудида икки мустақил давлат – Ҳиндистон (асосан, ҳиндулардан иборат) ва Покистон (асосан, мусулмонлардан иборат) доминионлари вужудга келди. Ҳиндистоннинг биринчи бош вазири ҲМК етакчиси Ж.Неру бўлди. 1950 йил 26 январда Ҳиндистон суверен республика деб эълон қилинди. Мамла­катда аграр ислоҳотлар ўтказила бошланди. Саноатда давлат секторини яратиш ва уни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида заминдорлик ер эгалигини тугатиш йўллари белгиланди. 1964 йил майда Ж.Неру вафотидан сўнг ҲМК партиясининг аҳволи оғирлашди. 1965 йил кузда Ҳиндистон – Покистон можароси юз берди. 1966 йил Тош­кент учрашувида имзоланган Тошкент декларацияси икки мамлакат ўртасидаги низоларни ҳал қилинишига асос бўлди. 1966 йил январда Л.Б.Шастри вафотидан сўнг Ж.Нерунинг қизи – И.Ганди Ҳиндистон бош вазири бўлди. 1977 йил мартда парламентга ўтказилган сайловда Жаната парти (партияси) ғолиб чиқди. Бу ҲМКнинг кейинги 30 йил (1947-77) мобайнидаги биринчи йирик мағлубияти эди. Жаната парти етакчиси М.Десаи Ҳиндистон республикасининг тўртинчи бош вазири бўлди.

1977 йил мартдаги мағлубиятдан кейин ҲМК партияси инқироз даврини бошидан кечирди. Партиянинг бир қанча кўзга кўринган рахбарлари Жаната партига ўтиб кетди. 1978 йил январда собиқ Бош вазир И.Ган­ди ва  унинг  бир  қанча  тарафдорлари ҲМКдан чиқиб, янги партия – ҲМК(И)ни туздилар. 1980-89, 1991-96 йиллар ва 2004 йилдан ҲМК (И)] ҳокимият тепасида. Ҳиндистон – 1945 йилдан БМТ аъзоси. 1991 йил 26 декабрда Ўзбекистоннинг  суверенитетами тан олган ва 1992 йил 18 мартда дипломатия му-носабатлари ўрнатган.

Миллий байрамлари: 26 январь – Республика куни (1950) ва 15 август – Мустақиллик куни (1947).

(Давоми бор)

 

 

Read 3709 times

Янгиликлар

Top