Дунё янгиликлари

Рим марказий масжиди Италиядаги исломнинг рамзи

Италиядаги марказий жоме масжиди католик насроний дунёсида истиқомат қилувчи мусулмон жамоасининг ибодат масканидир. Ушбу масжид нафақат ўзининг қурилиш-архитектураси билан, балки ҳажми билан ҳам кишини ҳайратга солади.

Рим масжиди Европадаги энг йирик масжид ҳисобланади. Италия ҳудудига Ислом дини милодий 9 асрда кириб борган.

827 йилда Аббосийлар халифалиги Сицилия устидан назоратни қўлга киритади ва уларнинг бу ердаги ҳукмронлиги 11 асрга қадар давом этади. 965-1072 йилларда Сицилия амирлиги яшаган давр ҳисобланади. Норманлар даврида Лучерна шаҳрида кичик мусулмон жамоалари яшаган, насронийлар билан можаролар туфайли улар 1300 йилларда мамлакатдан кўчиб кетишга мажбур бўладилар.

Қарийб олти асрдан сўнг Италияда мусулмон иммигрантларнинг жамоалари пайдо бўла бошлайди. Улар асосан Сомали, Эритрея, Ливия сингари мамлакатлар фуқаролари бўлишди. Кейинроқ эса Албания, Бангладеш, Ҳиндистон, Миср, Марокаш ва Тунисдан мусулмонлар кўчиб кела бошладилар.

1966 йтлда Италия Ислом маданияти марказига асос солинади, бу эса мамлакатдаги мусулмон жамоаларининг фаолияти активлашганини билдиради.

Мусулмон жамоалари Рим шаҳрида масжид қуриш учун 1974 йилда ер оладилар, бироқ қурилиш ишлари 1984 йилда бошланади. 1995 йилда масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтади.

Масжид қурилишига қарши кўплаб уринишлар бўлганига қарамасдан, Рим папаси Иоанн Павел IIнинг ҳаракати туфайли барча можаролар якун топади.

Масжид минораси баландлиги билан боғлиқ можаролар эса минорани 43 метр баландликда қуришга сабаб бўлади.

Масжиднинг асосий залига 2500 намозхон сиғади. 20 метр диаметрли гумбаз, кутубхона масжид кўркига кўрк қўшади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2354 times

Янгиликлар

Top