Дунё янгиликлари

БААдаги фестивалда Ўзбекистон ҳам иштирок этмоқда

2009 йилдан буён Бирлашган Араб Амирликларида ўтказиб келинаётган, мамлакат асосчиси Шайх Зайид номидаги Абу Даби маданий мерослар фестивалида илк бор тақдим этиладиган Ўзбекистон павильони энг катта композиция бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда "Тuron24" маълум қилди.

Фестивал доирасидаги Ўзбекистон павильони улкан Регистон майдони шаклида қурилиб, ён атрофидаги ҳужраларда ҳунармандчилик, нақш ўймакорлиги, гиламдўзлик, сўзана тикиш санъати каби ўзбек миллий маданий мерослари экспозициялари ва амалий санъат яралишини намойиш қилувчи миниатюра асарлари ўрин эгаллайди. Ўзбек миллий маданий павильони марказида эса катта қозонда 10 минг кишилик ош пиширилиши кўзда тутилган. Фестивал меҳмонлари ўзбек миллий рақслари лазги,тановар ва муножот, мақом ва бахшилар куйлари, доирачи ва дуторчилар санъатидан баҳраманд бўлишлари мумкин. Миллий ҳунармандлар ва ошпазлар томонидан мастер класслар ташкил этилиб, ўзбек миллий либослари кўргазмаси бўлиб ўтади. Шунингдек, фестивал давомида ташриф буюрувчилар ва нуфузли меҳмонлар учун “Ўзбегим” ва “Мақом” китоб албомларининг расмий тақдимот маросими ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.

Маълумот учун, жорий йилнинг 2 декабрида бошланган Абу Даби фестивали амирликларни бирлаштирган Шайх Зайид номи билан аталади. Ҳар йили БААнинг асос солинган куни арафасида бўлиб ўтадиган фестивалдан кўзланган мақсад – турли миллат маданий меросларини бир бирига ва дунёга танитиш учун кўприк сифатида хизмат қилишдир. Нуфузли миллий маданий ва замонавий санъат фестивалига ўтган йили қарийб ярим миллион одам ташриф буюрган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2391 times

Янгиликлар

Top