Дунё янгиликлари

Матбуот хизмати: Ўзбекистон муфтийси умматнинг биринчи галдаги вазифаси нима эканини айтди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Парижда бўлиб ўтган XIV Халқаро мусулмон форумидаги чиқишида мусулмон умматининг биринчи навбатдаги вазифаси нима эканини айтди. Бу ҳақда Россия мусулмонлари кенгаши матбуот хизмати хабар бермоқда.
Муфтий ҳазратнинг фикрига кўра, ҳозирда мўмин-мусулмонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши, ўзаро мулоқотни таъминлаш каби глобаллашувнинг ижобий самаралари билан бирга, ёвуз кучлар томонидан ёшларни манфур мақсадларда ишлатиш учун ахборот кураши давом этмоқда.
Ўзбекистон муфтийси ўз чиқишида ёшлар тарбияси мусулмон умматининг биринчи галдаги вазифаси эканини таъкидлаган ҳолда, ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қилишга катта урғу берди.
Форум доирасида Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллиги нишонланиши муносабати билан Усмонхон Алимов ҳазратлари нақшбандия тариқати асосчиси ўз шогирдларига мерос сифатида қолдирган ва ўзи ҳам амал қилган муҳим тамойилларни ёдга солди. Нақшбандия тариқатининг “дил баёр, даст бакор” таълимоти “қалбинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин” деган маънони англатишини атрофлича изоҳлади. Бу мусулмон одамнинг жамиятнинг фаол аъзоси бўлиши билан бирга, қалби Аллоҳнинг ёдидан бир зум ҳам холи бўлмаслигини ушбу таълимотда ифода этилганини муфтий ҳазратлари алоҳида қайд этдилар, – дейилади Россия мусулмонлари кенгаши матбуот хизмати хабарида.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3006 times

Янгиликлар

Top