Дунё янгиликлари

Янги Зеландияда масжидлардаги терактлар видеосини тарқатган шахс 21 ойга қамалди

Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳри округ суди шаҳардаги масжидларда содир этилган отишмалар ҳақидаги материалларни тарқатишда айбланган 44 ёшли Филип Арпсни 21 ойлик қамоқ жазосига маҳкум қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

Суд жараёни вақтида Арпс масжидларга ҳужум видеосини тарқатишдаги айбини ҳамда бу видеоларга «ҳалок бўлганлар сонини кўрсатувчи ҳисоблагич ва нишонга олгич тасвирларини қўшиб қўйганини» тан олган. Судья айбланувчига нисбатан ҳукм чиқараётиб, Арпс терактнинг кейинги куни ҳужум видеоёзувини тарқатиб «ўта шафқатсизлик» намойиш қилгани ва буни «мусулмонларга нафрат» негизида амалга оширганини таъкидлаб ўтган. Судья реал қамоқ жазосининг шартлиси билан алмаштирилиши ҳақидаги илтимосни дарҳол рад этиб, бу ҳолатда ушбу қонунбузарлик яна такрорланиши мумкинлиги хавфи юқорилигини айтган.

Полиция маълумотларига кўра, Крайстчерчда яшовчи Арпс 2019 йил 15 март куни Брентон Таррант томонидан амалга оширилган теракт видеоёзуви билан ижтимоий тармоқларда бўлишган. Кейинги кун у ушбу материалларга «қурбонлар сонини кўрсатувчи ҳисоблагич ва нишонга олгич тасвирларини қўшиб», уларни яна тарқатган.

Масжидларга ҳужум видеоси 15 март куни номақбул топилиб, уни тарқатиш тақиқланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2015 times

Янгиликлар

Top