Дунё янгиликлари

Тожикистон: Қурбон ҳайитида камтарона дастурхон ёзиш ҳақидаги огоҳлантиришни рад этадиганларга жарима солинади

Тожикистон расмийлари Қурбон ҳайити байрамида аҳоли уйларида дастурхонлар тузалишини текшириш юзасидан огоҳлантирди. Ким аямасдан дастурхон ёзган бўлса, 5 минг сомоний (500 доллардан кўпроқ) жаримага тортилади.

ЎзА хабарига кўра, бугун Душанбедаги озиқ-овқат бозорларига яқинлашиб бўлмайди, расмийларнинг ҳайитда “камтар дастурхон” борасида рейдлар ўтказиш ҳақидаги огоҳлантиришига қарамай, маҳсулотлар нархи оддий кунлардагидан кўра қимматроқ.

“Меҳргон” бозорида муҳбирлар суҳбатлашган пойтахтлик Исломиддин Ражабов ҳар йили ҳайитларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи қимматлашиб кетишига ўрганиб қолганини айтади.

“Ҳатто камтарин дастурхон учун Қурбон ҳайитида 300-400 сомоний сарфлашга тўғри келади. Тўкин дастурхон 1000 сомоний ва ундан каттароққа тушади. Ўйлайманки, сотувчиларни назорат қилиш керак – улар одамларнинг байрам арафасида ҳар қандай нархда маҳсулот сотиб олишидан фойдаланиб қолади”, – дейди Исломиддин.

Айни пайтда, дин, миллий қадриятлар, тантаналар ва урф-одатларни тартибга солиш қўмитаси матбуот котиби Афшин Муқимнинг хабар беришича, Қурбон ҳайити байрами куни қўмита ходимлари мамлакатнинг айрим ҳудудларида рейдлар ўтказиб, аҳоли уйларида дастурхон ёзилишини текширади. Камтарона дастурхон ёзиш ҳақидаги огоҳлантиришни рад этадиганларга жарима солинади.

Қўмита вакиллари оддий байрамона дастурхон ёзишни, экзотик мевалар ўрнига маҳаллийларини қўйиш, дастурхонни уй бекалари пиширган ширинликлар билан безашни тавсия этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2444 times

Янгиликлар

Top