Дунё янгиликлари

Туркия ТИВ раҳбари Норвегиянинг “Ал-Нур” масжидига ташриф буюрди

Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлют Човушўғлу Норвегиянинг Барум шаҳридаги шу йилнинг 10 августида теракт содир этилган “Ал-Нур” масжидига ташриф буюрди.
Човушўғлу Ослога норвегиялик ҳамкасби Ине Эриксен Сёрейде таклифи билан ташриф буюрган.

Масжидга боришда туркиялик вазирига Покистоннинг Ослодаги элчиси Зоир Перваих Хон ва Норвегия ҳукумати мулозимлари ҳамроҳлик қилишди. Туркия ТИВ раҳбари масжидни кўздан кечирди ва унга бу ерда 10 август куни бўлиб ўтган ҳодиса тафсилотлари маълум қилинди.

«Биз террорчилик ҳужуми содир этилган «Ал-Нур» масжидига ташриб буюрдик. Норвегия ҳукуматига исломофобияга қарши соғлом фикр-мулоҳазалари учун миннатдорчилик билдираман. Исламофобия билан биргаликда курашиш зарур», - деб ёзмоқда Twitter'даги ўз саҳифасида Човушўғлу масжидга ташрифидан сўнг.
10 август куни 21 ёшли Филипп Манхаус масжидга бостириб кирган ва бир кишини яралаган эди. Полиция келгунга қадар уни 65 ёшли Муҳаммад Рафиқ ва 70 ёшли Муҳаммад Иқбол Рафиқ Явелар қуролсизлантиришди ва ушлаб туришган. Полиция ушбу ҳодисани терактга уриниш сифатида баҳоламоқда. Терговда Манхаус айбига иқрор бўлди. Қўлга олиш чоғида унинг ёнидан бир нечта ўқотар қурол топилган.

Маълум бўлишича, у масжидга ҳужум қилишидан икки соат олдин 17 ёшли ўгай синглисини ўлдирган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1923 times

Янгиликлар

Top