Дунё янгиликлари

Қирғизистон масжидларида жамоат намозлари вақтинча тўхтатилди

Қирғизистонда COVID –19 каронавируси аниқланмади. Шундай бўлсада мамлакат бош вазири Муҳаммадкали Абилгазиев вирус тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида айрим чекловлар ўрнатилишини маълум қилди: “Инфекцияни олдини олишнинг иложи йўқ. Вирус қўшни давлатларда пайдо бўлган. Мамлакатда қаттиқ карантин чоралари жорий этилади. Мактаб ва университетларда дарслар бекор қилинади. Оммавий тадбирлар тақиқланади. Чет элликлар кириши учун чегаралар ёпилади”.

Шу муносабат билан Қирғизистон бош муфтийси Мақсат ҳожи Токтомушев мусулмонларга мурожаат билан чиқди. Унда жумладан бундай дейилади: “Ислом дини қийинчиликка эмас, енгилликка асосланган. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди” (Бақара, 185-оят). Бошқа ояти каримада: “...ўз қўлларинг билан ўзларингни ҳалокатга ташламанглар...” (Бақара сураси, 195-оят), дейилган.

Пайғамбаримиз (соллолоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилинган бир-неча ҳадисларда мусулмон киши ўзига ҳам, ўзгага ҳам зиён бермаслиги айтилган. Демак, инсон ўзи ва бошқаларга зиён бўлувчи нарсалардан узоқ бўлиши зарур экан. Шу боис дунёдаги мусулмон мамлакатлари диний фатволарини ҳисобга олиб, каронавируснинг одамлар говжум жойларда тарқалишининг олдини олиш учун Қирғизистон мусулмонлари идораси тегишли ечимларни қабул қилди”.

Ушбу фатвога кўра, эндиликда Қирғизистонда ҳолат барқарорлашгунча масжидларда жума намозлари ўқилмайди, балки унинг ўрнига пешин намозлари уйларда ўқилади. Масжидлар ёпилмайди, аммо намоз вақтларини билдириш учун масжидларда азон айтилиб туради. Масжидларда даъват ишлари вақтинча тўхтатилади. Жаноза намозлари марҳумнинг яқин қариндошлари иштирокида уйларда ўқилади.

“Бундай қийин вазиятларда Қирғизистон диний бошқармаси Яратган Аллоҳ таолога юзланиб, гуноҳларга кечирим сўраб, товба қилиб, дуо қилишга чақиради. Элимиз хавфсизлигини сақлаш учун Қирғизистон ҳукумати томонидан қабул қилинган чараларга амал қилиш ҳар бир кишининг бурчи, элимиз бошига келган қийинчиликдан фойдаланиб, кундалик озиқ-овқат ва бошқа турли нарсаларнинг нарх-наволарни атайлаб кўтариш орқали содир бўладиган катта гуноҳ ишларга йўл бермаслигимиз керак”, дейилади мурожаат якунида.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2288 times

Янгиликлар

Top