Дунё янгиликлари

Дунё бўйича мусулмонлар тутаётган рўза вақтининг фарқларини биласизми?

Айни муборак Рамазон ойида дунёнинг барча минтақаларидаги мўмин-мусулмонлар Исломнинг беш фарзидан бири – рўза амалини адо этмоқда.

Эрта тонгдан кун ботгунга қадар давом этадиган рўзадорлик вақти дунёнинг турли жойларида бир-биридан фарқ қилади. Айниқса, шимолий қутбга яқин мамлакатларда ёз кунлари узоқ давом этгани учун бу ерларда саҳраликдан ифторликка бўлган муддат ҳам узоқроқ бўлади.

Шу кунларда дунё бўйича рўза вақтлари 21 соатдан 11 соатгача бўлган оралиқни ташкил этмоқда. Жумладан, Исландияда бу вақт 20 соату 17 дақиқани (яъни соат 02:27 дан 22:44 гача), Финляндия ва Гренландияда 19 соат 25 ва 19 соат 21 дақиқа бўлмоқда.

Бу йил Рамазон ойида рўзадорлик вақти энг қисқа бўлган мамлакат Чили бўлиб, ушбу давлат мусулмонлари ҳозирги кунда 10 соат 33 дақиқа давомида рўза тутишмоқда. Бу вақтни Исландия билан солиштирганда 10 соат 44 дақиқага қисқа, деганидир.

Шунингдек, рўза тутиш вақти 12 соатдан кам бўлган давлатларни ҳам санаб ўтамиз. Мисол учун, Янги Зелландия (11 соат 35 дақиқа) ва Жанубий Африка Республикаси (11 соат 47 дақиқа), Бразилия ва Австралия мусулмонлари эса мос равишда 11 соат 59 дақиқадан рўза тутишмоқда.

Бундан ташқари, Бирлашган Араб Амирликларида мусулмонлар саҳарликдан то ифторликкача бўлган вақт 14 соат 52 дақиқа бўлмоқда.

Ўзбекистонда эса рўзадорлик вақти 16 соат беш дақиқани ташкил этмоқда. Дунё мамлакатлари билан солиштирганда Юртимиз мусулмонлари деярли ўртача вақт давомида рўзла амалини адо этмоқда.
Аллоҳ таоло Ўзи мукофотини берадиган рўза амалини ихлос билан мукаммал адо этишни барча мўмин-мусулмонларга насиб қилсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1928 times

Янгиликлар

Top