Дунё янгиликлари

Македонияда ислом

Жойлашуви. Жанубий Европада, Болқон ярим оролининг марказий қисмида жойлашган давлат. Жанубда – Греция, шарқда – Болгария, шимолда – Сербия ва Черногория, ғарбда – Албания билан чегарадош.

Тарихи. Македония эрамиздан аввалги V-II асрларда Болқон ярим оролида вужудга келди. Филипп II Македония ерларини бирлаштирди. Унинг ўғли Александр кўп ерларни босиб олиб, улкан ҳокимиятга асос солди. VII асрда Македония ҳудудига славянлар келиб ўрнашди. XIV асрга келиб бу ўлка Усмонлилар империяси таркибида бўлди. XX асрга қадар македонияликлар тинч-омон яшашди, мамлакатда илм-фан, маданият гуллаб яшнади. Буни барпо этилган ўнлаб мактаб-мадрасалар, шифохона, кутубхоналар, кўркам ва муҳташам масжидлар ҳам исботлайди. Биринчи жаҳон урушидан сўнг Усмонлилар салтанати парчаланиб кетгач, Македония Сербия, Греция ва Болгария томонидан бўлиб олинди.    

1945 йилда Социалистик Югославия таркибига кирган Македония Республикаси Иттифоқи ташкил топди. 1991 йилда Македония мустақил давлат деб эълон қилинди. Мамлакат 1993 йилдан БМТ аъзоси. 1991 йил 4 декабрда Ўзбекистон Республикаси суверенитетини тан олди.

Иқтисоди. Македония иқтисоди суст ривожланган аграр-индустриал давлатдир. Мамлакатда кўмир, қўрғошин, рух, темир ва никел рудалари қазиб олинади ва қайта ишланади. Машинасозликда саноат ускуналари, электр асбоблар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Кимё-фармацевтика, ёғочга ишлов бериш анча ривожланган. Асосий қишлоқ хўжалик экинлари — буғдой, маккажўхори, мева ва сабзавотлар. Чорвачилик тоғ-яйлов қўйчилигига ихтисослашган.

Таълим ва маданият. Мамлакатда 7-15 ёшдаги болалар учун 8 йиллик мажбурий бошланғич таълим жорий этилган. Шунингдек, гимназия ва касб-ҳунар мактаблари ҳам фаолият юритади. Скопьеда 1949 йилда ташкил қилинган йирик ўқув юрти, педагогика академияси, Македония фан ва санъат академияси, миллий тарих институти, Охрид шаҳрида гидробиология институти, Струмица шаҳрида пахта институти, бундан ташқари, турли йўналишлардаги 20 га яқин илмий тадқиқот марказлари бор. Пойтахтда Давлат кутубхонаси, археология, тарих, этнология музейлари, расмлар галереяси жойлашган.

Дини. Македония кўп миллатли давлатдир. Аҳолининг 67 фоизини македонлар, қолган қисмини албанлар, турклар, серблар ва славянлар ташкил этади. Диндорларнинг 59 фоизи православ, 35 фоизи мусулмон, 4 фоизи католик, 1 фоизи протестант.

Македонияда Ислом дини Усмонлилар ҳукмронлик қилган йиллари пайдо бўла бошлади. Айнан шу йиллар мамлакатда илк масжид ва мадрасалар барпо этилди. Мусулмонларнинг аксарияти ҳанафийлик мазҳабига эътиқод қилади. Мамлакат муслмонларининг диний-эътиқодий ишларига Македония Ислом бирлиги кенгаши раҳбарлик қилади.

Македонияда 1000 га яқин жоме масжидлари мусулмонлар хизматида. Уларнинг аксарияти XV ва XVI асрларда барпо этилган. Скопье шаҳридаги “Мустафо Пошшо” ва “Султон Мурод” жоме масжидлари, Битоладаги “Исҳоқ”, Тетоводаги “Шарен” ва “Саат” жомелари, Штип шаҳридаги “Кадн” ва “Хон” масжидлари, Охриддаги “Али Пошшо” каби жоме масжидлар Македониядаги энг қадимий ва йирик масжидлар ҳисобланади.

Мамлакатда исломий илмларни ўқитиш бўйича ўзига хос тизим жорий этилган. Болқон ярим оролидаги энг қадимий диний таълим даргоҳларидан бири “Исобек” мадрасаси ўн бешинчи асрдан бери фаолият юритиб келмоқда. Мадраса ўрта-махсус таълим муассасаси мақомида бўлиб, ўз даврида ҳатто олий ўқув юрти даражасигача кўтарилган. Ўқув даргоҳи ҳузурида кутубхона ва масжид ҳам бор. Ушбу масжид 1475 йилда барпо қилинган. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг ушбу мадраса 1979 йилга қадар ўз фаолиятини тўхтатди. 1984 йилдан бошлаб мадраса яна талабаларни қабул қила бошлади.

2000 йил мамлакатдаги Ислом жамияти ташаббуси билан Скопье шаҳрида олий диний таълим муассасаси очилди. Ушбу даргоҳ нафақат мадраса талабаларига, балки кўплаб хориж мамлакатлари талабалари учун ҳам Ислом илмлари бўйича олий маълумотга эга бўлиш имкониятини берди. 

Мамлакатдаги энг қадимий ва жозибадор “Мустафо Пошшо” жоме масжиди пойтахт Скопье шаҳрида жойлашган. У 1492 йил Султон Салим I нинг вазири Мустафо Пошшо ташаббуси билан барпо этилган. Масжид яқинида Мустафо Пошшонинг қабри бор. Жоме 1968 йил давлат муҳофазасига олинган.

Битола шаҳридаги 1558 йил қурилган “Ени” масжиди (Янги масжид) ҳашаматли безаклари билан алоҳида ажралиб туради. У тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб, 40 метр узунликдаги минораси бор. Македония Ислом ҳамкорлик ташкилотининг аъзоси ҳисобланади.

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1876 times

Янгиликлар

Top