Дунё янгиликлари

Саудиялик олим: Мирзиёев қарашлари Икки Муқаддас Масжид соҳибининг фикрлари билан уйғун

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқига Саудия Арабистонининг эксперт доиралари вакиллари орасида ҳам катта қизиқиш уйғотди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Саудия Арабистони Ахборот ва араб-рус тадқиқотлар маркази директори, профессор Мажид ат-Турки мавзуга доир фикр-мулоҳазаларни билдирди.
– Ушбу сессия бутун дунё мамлакатлари, халқларининг якка ва жамоавий саъй-ҳаракатларига катта таъсир ўтказаётган коронавирус пандемияси туфайли ўзгача форматда ўтмоқда. Шу маънода Президент Шавкат Мирзиёевнинг коронавирус ҳақида “Бу офат бутун инсониятнинг заиф жиҳатларини яққол кўрсатди” деган ибораси нақадар тўғри эканлиги кўриниб турибди. Ушбу фикр дунё мамлакатлари раҳбарлари диққатини жалб этишга қаратилган бўлиб, “мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик” биргаликда амалга оширилиши зарурлигини кўрсатди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг салоҳиятини ошириш борасида Ўзбекистон раҳбари пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш ҳақидаги ўринли таклифини киритди.
Ўзбекистоннинг ички вазияти ҳақида тўхталар экан, жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида янги Ўзбекистон шаклланаётганини, ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинганини, ёшларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор, Ўзбекистонда Ёшлар парламенти ва Ёшлар ишлари агентлиги тузилганлигига алоҳида урғу берди.
Халқаро миқёсда Президентнинг минтақа давлатлари ўртасида яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муҳитини яратилгани, мунтазам ўтказилаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ҳамда шу орқали қўшни давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми салкам беш баробарга ўсганлиги, минтақанинг маданий ва маънавий меросини ҳисобга олган ҳолда, 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзусида халқаро форум ўтказишга чақириқлари алоҳида диққатга сазовор.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев нутқидаги муҳим жиҳатларидан яна бири - Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида қараладиган Афғонистон ҳамда ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатиш ва минтақадаги иқтисодий интеграция жараёнларига Афғонистонни кенг жалб этиш мақсадида халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини сафарбар этиш ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш йўлга қўйилгани бўлди.
Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқи экология, бутунжахон ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳам ўз ичига олиб, бу билан мамлакатнинг ички манфаатлари халқаро ҳамжамият манфаатларига тўлиқ мослигини яққол исботлади.
Бу борада мен ушбу фикрлар Икки Муқаддас Масжид ходими Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг қарашлари, хусусан минтақавий ва халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатлар, жаҳонда халқаро адолат, тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бу борада Саудия Арабистони томонидан ажратилган 500 миллион доллари миқдоридаги беғараз ёрдам ҳақидаги фикрларга яқинлигини таъкидламоқчиман.
Ўзбекистон давлат раҳбарининг қарашлари Икки Муқаддас Масжид соҳибининг фикрлари билан уйғунлиги бизни қувонтиради.
Аллоҳ икки дўст мамлакатни ўз ҳифзу-ҳимоясида асрасин, мамлакатларимиз ривожи ва барқарорлигини зиёда қилсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1808 times

Янгиликлар

Top