Дунё янгиликлари

Малайзия билан зиёрат туризми бўйича ҳамкорлик кўчаяди

Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Малайзия туризм, санъат ва маданият вазирлиги ҳузуридаги Ислом туризми маркази (Islamic Tourism Centre - ITC) Бош директори Моҳмед Разип Ҳожи Хасан билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Мулоқот чоғида сайёҳлик соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий мероси, минтақаларининг зиёрат туризми учун ноёб ва улкан салоҳияти ҳақида маълумот берилди.

Моҳмед Разип Ҳожи Ҳасаннинг айтишича, Ўзбекистон малайзиялик сайёҳлар учун жозибадор манзил сифатида кўп давлатлардан устунликка эга. Шу боис дунёдаги пандемия билан боғлиқ вазиятни ҳисобга олган ҳолда мамлакатимизнинг сайёҳлик жозибадорлигини Малайзия жамоатчилиги орасида тарғиб қилиш чора-тадбирларини кўришини таъкидлади.

Учрашув якунида ИТМ ва Давлат туризм қўмитаси ўртасида англашув меморандуми имзолаш ва Бухоро вилоятида туризмни ривожлантириш департменти вакиллари ўртасида видеоанжуман ўтказиш юзасидан бир қанча келишувларга эришилди.

Шунингдек, мамлакатимизда туризм соҳа вакиллари учун “зиёрат туризми”, “muslim friendly” ва “halal tourism” стандартларини ривожлантириш масалалари бўйича бир қатор вебинар ва гидлар малакасини ошириш учун малай тили курсларини ташкил этиш режалаштирилган.

Маълумот учун, Ислом туризми маркази (ИТМ) Малайзияда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича асосий мувофиқлаштирувчи идора сифатида фаолият юритади. Уни тегишли вазирлик, идора ва олий ўқув юртлари вакиллари, туризм ва меҳмондўстлик соҳаси бўйича етакчи мутахассисларни ўз ичига олган директорлар Кенгаши амалга оширади.

ИТМ тадқиқот олиб боради, Малайзияда саноатни барқарор ривожлантириш учун туризм сиёсати бўйича таклифларни расмийлаштиради, мусулмон бозорига қаратилган туристик пакет ва йўналишни тайёрлаш бўйича семинарлар ташкил этади ва туроператорлар билан бирга мусулмон туристларнинг эҳтиёжларини қондириш учун алоҳида маҳсулотлар яратади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2162 times

Янгиликлар

Top