Дунё янгиликлари

Россиянинг Дарбанд шаҳридаги энг қўҳна масжид 2022 йилга келиб реставрация қилиб бўлинади

Доғистондаги Дарбанд шаҳрида саккизинчи асрда бунёд этилган Жума масжидининг реставрация ишларини 2022 йилда якунлаш режалаштирилган. У Россияда энг қадимги масжид ҳисобланади Айни пайтда реставраторлар томонидан ишнинг дастлабки босқичида аниқланган бир қатор хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда лойиҳа қўшимча ишланмоқда. Islam.ru хабарига кўра, бу ҳақда Дарбанд музей-қўриқхонаси директори Виктор Чесноков "ТАСС" агентлигига маълум қилди.
2019 йилда бошланган реставрация ишларига 300 миллион рублдан зиёд маблағ сарфлаш режалаштирилган.
"Ишлар 2022 йилда якунланишини режалаштириб турибмиз. Реставрация жараёнлари давом этмоқда, ишларни профессионал ёндошувга эга Татаристон компанияси олиб боряпти, ҳамма ишлар жуда эҳтиёткорлик билан бажариляпти", – деди директор.
"Цнру реставрация" компанияси раҳбари Юрий Егорушкиннинг қайд етишича, иш лойиҳа ҳужжатларини янада ривожлантиришни талаб қиладиган бинонинг бир қатор хусусиятларини очиб берган.
Жумладан, гумбазни мустаҳкамлаш ишлари давомида Доғистон ва Шимолий Кавказ учун хос бўлмаган ғайриоддий "сурия" ғишт териш усули аниқланди.
"Ушбу бўшлиқни ички тўлдириш учун бошқа ўлчамдаги ва бошқа хусусиятлардаги ғишт талаб қилинди, уни Туладаги заводлардан бирига буюртма беришга тўғри келди, бунга эса вақт кетди", - дейди Егорушкин.
Azon.uz маълумотларига кўра, Жума масжиди 733-733 йилларда барпо этилган бўлиб, ЮНЕСКОнинг маданий мерос рўйхатига киритилган. Масжид кучли зилзиладан сўнг 1368-1369 йилларда қайта тикланган. Совет даврида – 1938-1943 йилларда мазкур обидадан турма сифатида фойдаланилди. 1943 йилда масжид мусулмонларга қайтариб берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1510 times

Янгиликлар

Top