Дунё янгиликлари

Кўняда ҳамма нарса Мавлоно Румийни эслатади...

Туркия Республикаси бўйлаб хорижий журналистлар учун ташкил этилган Пресс-тур дастурининг 2-куни тартибида дастлабки манзил сифатида Кўня шаҳридаги “Панорама” музейи кўрсатилган эди.

Дастлабки мақолада эслаганимиз – Кўня шаҳри, деганда ушбу шаҳар ҳақида бирозгина тасаввурга эга бўлган кишининг хаёлига келадиган илк фикр Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратларининг шу ерда яшаб, вафот этгани ҳақидаги факт ОАВ учун тайёрланган саёҳат объектларининг биринчисидаёқ ўз исботини топгандек бўлди. Зеро, “Панорама” мажмуаси ўз номидан келиб чиқадиган бўлсак, кўҳна кентнинг бутун тарихини қамраб олган, шаҳар ҳақида ҳар томонлама, кенг тасаввур берадиган музей бўлиши керак эди. Бинобарин, бинони айланиб чиққач, амин бўлдикки, музей экспонатларининг аксарияти бевосита ёхуд билвосита Мавлоно номи, дарвешлар ҳаёти, яшаш тарзи, сўфийлик анъаналари билан боғлиқ экан. 

Умуман, нафақат бу музейда, балки бутун Кўняда асосий маданий, меъморий ёдгорликлар, тарихий иншоотларни-ку қўя туринг, ҳар бир харсанг, кекса дарахт ва ҳатто, тоғ чўққиларигача Румийни эслатади. Шаҳарни ҳар томондан ўраб турган қирликлар, Тавр тоғ тизмасининг энг баланд икки нуқтаси – гўёки, қадим қалъани икки томондан муҳофаза қилиб турадиган, худди қуйиб қуйгандек бир-бирига ўхшаш, баландлиги ҳам бир хил 1600 метрга тенг эгизак чўққи ҳам дарвешлар бош кийимига нисбат берилиб, “Такке”, яъни “қалпоқ”, деб аталган. Ҳайратланарли жойи шундаки, баландликларга шунчаки ном берилмаган, аксинча, чўққилар кўринишидан айнан дарвешлар доимий кийиб юрадиган қалпоқни эслатиб юборади.

Мавзуга қайтамиз: “Панорама музейининг биринчи қавати тўлиқ Мавлоно Жалолиддин Румйнинг ҳаёти, фаолияти, умр йўли тасвирланган картиналар учун ажратилган. Озарбайжонлик истеъдодли рассом Теймур Ризаев мўйқаламига мансуб расмлар файласуф алломанинг 5-6 ёшлигидан бошлаб, то умрининг охиригача бўлган даврни бадиий ифода услубида қамраб олган. Ёшгина Жалолиддиннинг оиласи билан Балхдан йўлга чиқиб, Бағдод ва Макка-ю, Мадина орқали Кўняга етиб келгунча рўй берган саргузаштлар, тарихий шахслар билан кечган суҳбатлар, хусусан, устози Шамсиддин Табризий билан илк учрашуви ва тарихий манбаларда келтирилган бошқа қизиқарли воқеа-ҳодисалар томошабинларга қимматли маълумотлар беради.

Бошқа бир бўлимда мижозлар эътиборига ўша давр руҳини берувчи бино-иншоотлар, карвонсаройлар, бозор, ҳунармандлик устахоналари, сўфийлик тариқати вакилларининг асосий ҳунари бўлмиш жундан мато ҳосил қилиш ва кийим-кечак тикиш ва тўқиш, турли буюмлар ясаш билан боғлиқ, одамларнинг мўмиёдан ясалган ҳайкаллари, масалан, мавлононинг шогирдлари билан суҳбати, муносабати, таълим бериш, илм олиш, зикр қилиш жараёни ва бошқа ҳаракатлар акс этган тасвирлар ҳавола этилади.

“Ирфон маданияти” ёки қисқача қилиб ИРФА, деб номланган тадқиқот ва маданият маркази чет эллик журналистларга шу куни таништириладиган навбатдаги манзил бўлди. Бу ерда ҳам кўҳна Кўня тарихига алоқадор анъана, урф-одат ва маросимлар ўргатиладиган, хусусан, само рақсини ижро этувчилар, уларга жўр бўлиб турувчи мусиқачи, бастакор ижодкорлар тайёрланадиган мактаб, тўгараклар, ҳунармандлик бўлимлари, дўконлар жойлашган.

Бир сўз билан айтганда, 2017 йил фойдаланишга топширилган, ёнма-ён барпо этилган “Панорама” музейи ва ИРФА тадқиқот ва маданият маркази доим маҳаллий ва хорижий сайёҳлар билан гавжум.

Тан олиш керак, коронавирус эпидемияси Туркия, жумладан Кўня шаҳри туристик салоҳиятига сезиларли салбий таъсир ўтказди. Бинобарин, пандемия юмшаши билан мамлакат ва маҳаллий ҳукумат вакиллари сайёҳлар учун барча зарур шароитларни муҳайё этган, хавфсизлик чораларини тўлиқ кўрган ҳолда мижозларга хизмат кўрсата бошладилар.

Кўня бўйлаб сафаримиз давом этмоқда.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ,

ЎзА махсус мухбири.

Туркиянинг Кўня шаҳридан тайёрланди.

Read 1915 times

Янгиликлар

Top