Дунё янгиликлари

Саудия Арабистони Подшоҳлиги авиапарвозларни вақтинча тўхтатди

Жорий йилнинг 20 декабрь куни Саудия Арабистони Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш ҳамда Ҳаж ва умра вазирликлари ОАВ орқали расмий баёнот бериб, унда Буюк Британияда коронавируснинг янги мутацияси (SARS-CoV-2)нинг мамлакатда тарқалишини олдини олиш чора-тадбирлари юзасидан аҳолига тиббий гигиеник маслаҳатлар берди.

Шунингдек, Саудия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тавсияси асосида аҳоли соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда қироллик ҳудудида SARS-CoV-2нинг тарқалишининг олдини олиш мақсадида қуйидаги қатъий чора-тадбирлар белгиланди:

2020 йил 21 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 12:00дан бошлаб, ҳозирча 1 ҳафта муддатга (2021 йил 5 январга қадар чўзиш эҳтимоли билан) халқаро авиақатнов тўлиқ тўхтатилиб, қуруқликда қўшни давлатлар билан чегаралар, Қизил денгиз ҳамда Форс кўрфазидаги портлар орқали кириш-чиқиш пунктлари ёпилиши белгиланди.

2020 йил 21 декабрь кунидан бошлаб, Саудия Арабистонига кириш визаларини расмийлаштириш ва четдан зиёратчиларни қабул қилиш вақтинча тўхтатилади.

Хорижда юрган ва қиролликка қайтаётган ҳар бир Саудия Арабистони фуқароси 14 кун муддатга стационар карантинга олиниб, қатъий тиббий кузатувга олинади.

Жойларда сўнгги 3 ой ичида Саудия Арабистонига кирган фуқаролар, чет элликлар ва резидентлар антитаналарга диагностика қилинади.

Шунингдек, жойларда банкетлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўйилмайди, айниқса аҳоли гавжум бўладиган ҳудудларда карантин қоидаларига риоя этилиши устидан назорат кучайтирилади, одамлар оммавий бўладиган объектлар (масжидлар, савдо мажмуалари, бозорлар ва ҳ.к.)да ижтимоий масофани сақлаш ва фуқароларни тиббий ниқобда бўлишларини таъминлаш талаб этилади.

Саудия Соғлиқни сақлаш вазирлиги айни вақтда Европа Иттифоқининг айрим давлатлари билан янги SARS-CoV-2 штаммнинг тарқалишини ўрганиш чора-тадбирларини кўраётганлиги маълум қилди.

Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати

Read 1692 times

Янгиликлар

Top