Дунё янгиликлари

Россиялик шифокорлар "Меҳр-саховат" кўкрак нишонларини олишди

Новосибирск вилоятидан уч нафар шифокорга "Меҳр-саховат" кўкрак нишонлари топширилди, деб хабар беради Новосибирск вилояти ҳукуматининг матбуот хизмати.
Sputnik маълумотларига кўра, тақдирлаш маросими Новосибирск шаҳрида бўлиб ўтди. Маросимда Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консули Юсуп Қобулжанов иштирок этди.
"Меҳр-саховат" кўкрак нишони Давлат Новосибирск вилоят клиник шифохонаси Бош шифокори Анатолий Юданов, Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги академик Е.Н.Мешалкин номидаги Миллий тадқиқот тиббиёт маркази директори Александр Чернявский ва тиббиёт фанлари доктори, профессор, Россияда хизмат кўрсатган шифокор, Новосибирск Травматология ва ортопедия илмий-тадқиқот институти мутахассиси Валерий Прохоренко тақдирланди.
Маълумот учун: "Меҳр-саховат" кўкрак нишони пандемия, табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлар, муҳтожларни қўллаб-қувватлаш ва хайрия фаолияти давомида кўрсатилган жасорат учун берилади. Кўкрак нишони Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таъсис этилди ва унинг номидан берилади.
Россиядан келган бир гуруҳ шифокорларнинг коронавирус инфекциясига қарши курашишга қаратилган миссияси ўтган йилнинг сентябрь ойида ўз ниҳоясига етди. Улар Вирусология илмий-тадқиқот институти, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институти, шунингдек, Зангиота туман юқумли касалликлар шифохонасида касбий фаолият олиб бордилар. Мингдан зиёд оғир бемор фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатилди.
Ой давомидаги ишлар шундай ташкил этилган эдики, делегация бир неча гуруҳларга бўлиниб, мамлакатнинг барча ҳудудларини бирданига қамраб олишга муваффақ бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1567 times

Янгиликлар

Top