Аграда Ҳиндистоннинг хорижий мамлакатлар билан тарихий-маданий алоқалари, уларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига бағишланган онлайн-форум бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси маълумотига кўра, икки кун давом этган анжуманда Германия, Россия, БАА, Эрон, Тожикистон, Қирғизистон ва бошқа мамлакатларнинг олим ва тадқиқотчилари, дипломатик ваколатхоналари вакиллари маърузалари билан иштирок этди.
Мамлакатимиз элчиси Дилшод Ахатов онлайн-тадбирда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги тарихий-маданий алоқалар, уларнинг бугунги ҳолати ва мавжуд имкониятлар хусусида сўзлаб берди.
Қатнашчиларга Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган 2021 йилда Хива шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» халқаро анжуманини ўтказиш ташаббуси бўйича батафсил маълумот берилди. Марказий Осиё минтақасининг бой илмий-маданий меросини тадқиқ қилишга халқаро илмий-академик доираларнинг қизиқишини ошириш, қолаверса минтақа туризм салоҳиятини кенг тарғиб этишда мазкур халқаро форумнинг муҳим аҳамияти эътироф этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати