Дунё янгиликлари

Moody’s рейтинг агентлиги: Ислом молияси 2021 йилда ҳам ўсишда давом этади

Moody’s агентлигининг янги ҳисоботида таъкидланишича, ислом молия тизимининг ислом банкчилиги, сукук ва такофул йўналишлари, коронавирус билан боғлиқ пандемия туфайли келиб чиқаётган қийинчиликларга қарамай кўпчилик давлатлар ҳукуматлари томонидан юритилаётган рағбатлантирувчи сиёсат ҳамда ушбу маҳсулотларга бўлган кучли талаб ҳисобига муайян манфаатларга эга бўлади ва ўсиш суръатларини сақлаб қолади.

“Биз ислом молияси 2021 ва ундан кейинги йилларда ҳам анчадан бери давом этиб келаётган ўсиш суръатларини сақлаб қолган ҳолда, барқарор ривожланишига умид қиламиз. Ислом молия тизими, одатда, аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган мамлакатларда етарли даражада ривожланмаган бўлиб, бу вазият соҳанинг кенгайиши учун кенг имкониятлар яратади”, – дейди Moody’s агентлигининг вице президенти ва етакчи таҳлилчиси Ашраф Мадани.

Ислом молияси активлари ўсиш суръатлари ўртача бўлсада, лекин ҳукуматларнинг доимий кўмаги ва қўллаб қувватлашига таянган ҳолда, шунингдек банк мижозлари томонидан ислом молия маҳсулотларига бўлган барқарор талаблар ҳисобига анъанавий молия активларига нисбатан устунликни сақлаб қолади.

Сукук чиқарилиши (эмиссия) авваллари қайд этилмаган даражада ўсган 2020 йил ва умуман сўнгги беш йиллик ўсишдан сўнг бироз барқарорлашиши башорат қилинмоқда. 2020 да жами чиқарилган сукуклар ҳажми 15% га ошди ва 205 млрд. АҚШ долларига етди. Бу, асосан, пандемия ва нефт нархларининг тушиб кетиши оқибатида вужудга келган эҳтиёжларни қоплаш мақсадида ҳукуматлар томонидан амалга оширилган.

“Биз 2021 йилда сукук чиқарилиши (умумий) ҳажми 190-200 млрд. АҚШ доллари атрофида бўлишини тахмин қилмоқдамиз. Бу таҳмин Форс кўрфази араб мамлакатларидаги молиявий маблағларга бўлган эҳтиёжнинг юқорилиги билан боғлиқ, чунки нефт нархи ҳамон паст, бюджет тақчиллиги эса юқори даражада, шу билан бирга ҳукуматларнинг жами қарзлар таркибида сукук улушини оширишга бўлган сай-ҳаракатлари давом этмоқда”, дейилади ҳисоботда.

Корхона/ташкилотлар томонидан (корпоратив) сукук чиқариш чекланланган ҳолда қолиши мумкин, чунки сармоядорлар учун анъанавий бозорда бошқа турли таклифлар етарли. Лекин сукук чиқарилиши янги корхоналар томонидан давом этади.

Ислом жамғармалари ва ислом суғуртаси (такофул) соҳасида юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолади. Жаҳон ислом молия жамғармалари бошқарувидаги активлар ҳажми 2021 ва 2022 йилларда мос равишда 4 % ва 5% га ўсиши кутилмоқда.

“Шунингдек биз такофул бўйича мукофотларнинг келаси 2-3 йилда ўсишда давом этишини таҳмин қилмоқдамиз, чунки такофулга бўлган талаб, қулай рақамли форматга ўтилиши ва соҳани тартибга солиш тизимининг такомиллашуви каби омиллар мавжуд” , – дейди Ашраф Мадани.

Форс кўрфази араб мамлакатлари ва Малайзия асосий бозор иштирокчилари сифатида ислом молия соҳасининг ўсишида локомотив вазифасини ўтаб бермоқда. Кўрфаз мамлакатларининг ислом молия тизимидаги улуши охирги 10 йилда 32% дан (2009 йил) 45,7 % га (2020 йил сентябр) етди. Бунда Саудия Арабистонинг ҳиссаси катта бўлган бўлса-да, кўрфаздаги бошқа давлатларда ҳам шу каби ҳолат кузатилди.

Саудия Арабистони, Малайзия ва БАА жаҳон миқёсида ислом молияси учун энг йирик бозорлар бўлиб қолмоқда. Саудия Арабистони ислом молияси кўлами жиҳатдан етакчи мамлакат бўлиб, ислом молияси активлари 2019 йил декабрда 323 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган бўлса, 2020 йил сентябрига келиб 361 млрд. АҚШ долларига етди.

islommoliyasi.uz

Read 1636 times

Янгиликлар

Top