Дунё янгиликлари

Веббер Ндоро: ташкилотимиз Ўзбекистон аъзолигидан манфаатдор

Ўзбекистоннинг ЮНEСКОдаги доимий ваколатхонаси Моддий меросни сақлаш ва таъмирлаш масалаларини ўрганиш бўйича халқаро марказ (ICCROM) бош директори Веббер Ндоро билан онлайн мулоқот ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Веббер Ндоро Ўзбекистон 7 мингдан зиёд тарихий ва меъморий ёдгорликка эга мамлакат сифатида ICCROMга аъзо бўлишдан манфаатдор бўлишини таъкидлади. Хусусан, бой меросни халқаро стандартларга мувофиқ тарзда сақлаш бўйича тажриба алмашиш ва ўрганишда янги имкониятлар яратилади. Республиканинг ICCROMга қўшилиши, шунингдек, ёдгорликларни сақлаш ва тарғиб қилишда глобал ҳамда минтақавий жараёнларда тўлиқ иштирок этиш самарадорлигини ошириши таъкидланди. Бу эса мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсини юксалтиришга хизмат қилади.

ICCROM раҳбари Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йилда Хива шаҳрида «Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида» халқаро маданий форумини ўтказиш ташаббусини юқори баҳолади. Анжуман Марказий Осиё давлатларининг маданият, илм-фан ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссасини тақдим этиш ва ўрганиш учун яна бир қулай имконият бўлади. У халқаро тадбирни юқори даражада ўтказиш учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Веббер Ндоро Ўзбекистон раҳбариятининг таниқли халқаро экспертлар, жумладан, ICCROM мутахассисларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистондаги жаҳон мероси объектларини сақлаш ва таъмирлаш бўйича халқаро маслаҳат механизмини (ХММ) яратиш бўйича ташаббусини тўла қўллаб-қувватлади.

Маълумот учун, ICCROM – таълим, маълумот тарқатиш, тадқиқотлар олиб бориш, ҳамкорлик қилиш ва оммавий кампаниялар орқали дунё маданий меросини сақлаш ва таъмирлаш билан шуғулланадиган давлатлараро ташкилотдир. У ЮНEСКО Бош конференцияси ташаббуси билан 1959 йилда ташкил этилган, бош қароргоҳи Рим шаҳрида жойлашган ва 137 мамлакатни бирлаштирган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1312 times

Янгиликлар

Top