Дунё янгиликлари

Санкт-Петербургда юртимиз туризм имконияти тақдим этилди

Ўзбекистон туризм ва спорт вазирлиги, Халқаро ислом академияси ва Ошпазлар ассоциацияси вакилларидан иборат мамлакатимиз делегацияси Санкт-Петербург шаҳрида бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Ўзбекистон Бош консулхонаси маълумотига кўра, мамлакатимиз сайёҳлик салоҳияти тақдимоти ва икки давлат туроператорларининг “В2В” шаклидаги учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирлар давомида иштирокчилар Ўзбекистон туризм саноатининг янги ютуқлари ва йўналишлари, хорижий сайёҳларни жалб қилиш имкониятлари билан яқиндан танишди.

Ўзбекистонда тарихий меъморий ёдгорликларни сақлаш ва замонавий меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантиришга катта аҳамият берилаётгани, виза режимини либераллаштириш, чет эл фуқароларини рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштириш, мамлакат туризм саноатининг ривожлантириш мақсадида имтиёз ва преференциялар бериш бўйича ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Санкт-Петербург шаҳарлари ўртасида туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Россиянинг шимолий пойтахтида фаолият юритаётган сайёҳлик компаниялари мамлакатнинг Шимоли-Ғарбий федерал округи аҳолиси учун Ўзбекистонга янги тур пакетларни йўлга қўйишни режалаштираётганини маълум қилди.

Ўзбекистон делегацияси муфтий, Санкт-Петербург ва Россиянинг Шимоли-Ғарбий минтақаси мусулмонлари диний идораси раиси шайх Равиль ҳазрат Панчеев билан ҳам учрашди.

– Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан зиёрат туризми, ислом қадамжоларини зиёрат қилиш йўналишидаги саъй-ҳаракатлар фаол ривожлантирилмоқда, – деди муфтий Р.Панчеев. – Шу маънода Ўзбекистон ўзининг тарихий ва муқаддас обидалари билан алоҳида мавқега эга. Мамлакатингизда Бухоро, Самарқанд ва бошқа кентлар каби инсонлар зиёрат қилишни истаган манзиллар жуда ҳам кўп”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1334 times

Янгиликлар

Top