Дунё янгиликлари

Аллоҳшукр Пошозода: Мен таълим олган Тошкент ва Бухоро шаҳарлари ҳаётимда алоҳида ўринга эга

Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Аллоҳшукр Пошозода Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

— Бисмиллаҳир – роҳманир роҳим!
Улуғ Аллоҳга шукрлар бўлсинки, Ўзбекистон халқининг тақдирига тарих бўйлаб буюк давлатчилик тафаккурига эга йўлбошчилар насиб этган, – деди Кавказ мусулмонлари идораси раиси. – Кейинги йиллар давомида Ўзбекистон халқи ва давлатининг ҳаётида ижобий йўналишдаги мисли кўрилмаган ишлар рўй бергани инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.

Бутун дунё Ўзбекистоннинг сиёсий жараёнлардаги фаоллигига, халқ ва давлат бирлигининг мустаҳкамланишига, мамлакат эришаётган салмоқли иқтисодий ютуқларга гувоҳ бўлмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги ислоҳотлар натижаси ўлароқ, республика юксак чўққиларга кўтарилаётгани ҳолда Марказий Осиёдаги етакчилик ўрнини мустаҳкамламоқда.

Мен диний арбоб сифатида Ўзбекистоннинг сиёсий-иқтисодий муваффақиятлари билан бир қаторда ижтимоий соҳада, хусусан, диний-маънавий қадриятларни асраб-авайлаш бўйича Аллоҳга хуш келадиган ишлар ва глобал аҳамиятдаги лойиҳалар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлашни истар эдим.

Ўзбекистон Ислом оламининг машҳур маънавий марказларидан биридир. Исломнинг илмий жиҳатдан тадқиқи, мусулмон меросининг тарғиби йўналишида мамлакат бутун дунё миқёсида муҳим ўрин тутади. Бунда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг хизмати том маънода тарихий аҳамият касб этмоқда. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, давлатингиз раҳбари томонидан ижтимоий соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё, умуман ислом оламининг номига шараф келтирувчи, умумбашарий аҳамиятга эга бўлган миссиядир.

Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даври ғоясининг амалга оширилиши ўз халқининг миллий-маънавий қадриятларига юксак эҳтиром кўрсатган олий давлат арбобининг иқтидорида бўлган муҳим фаолиятдир.

Қисқа муддат ичида Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро тадқиқот марказлари ва бошқа илм масканларининг яратилиши ўзбек халқининг саводхонлигини янада оширишга, унинг бой маънавий мероси чет элларда чуқурроқ ўрганилиши ва эътироф этилишига қаратилган давлат сиёсатининг эътиборга молик натижалари ҳисобланади.

Шунингдек, Ўзбекистонда Ибн Сино, Беруний, Мирзо Улуғбек, Хоразмий, Бухорий, Термизий, Мотуридий, Алишер Навоий ва бошқа дунё миқёсида маълум ва машҳур тарихий сиймолар меросига чексиз ҳурмат ҳукмрон.

Ўзбекистон раҳбариятининг диний бағрикенглик таъминланиши бўйича ташаббуслари, ҳеч шубҳасиз, бутун дунёда тинчлик ва осойишталик, динлараро мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мамлакатларимиз етакчилари Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёевнинг ўзаро яқин муносабатлари, уларнинг маъанавий-аҳлоқий ҳамда диний қадриятларни асраб-авайлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари дўст озар ва ўзбек халқларининг умумий манфаатларига хизмат қилмоқда.

Озарбайжон ва Кавказ халқларининг тақдири Бухоро, Самарқанд ва Тошкент билан чамбарчас боғлиқ. Ушбу тарихий шаҳарлар минтақамизда илм, диний ва маданий алоқаларнинг шаклланишига тарихан муҳим таъсир кўрсатган. Мен таълим олган Тошкент, Бухоро шаҳарлари ҳаётимда алоҳида ўринга эга. Мен Ўзбекистонни ўз Ватаним деб билганман. Юртингизга муҳаббатим чексиз. Шунинг учун ўзбек халқи қўлга киритган ютуқлардан беҳад севинаман.

Қодир Раббимиз Озарбайжон ва Ўзбекистон халқларининг тинчлиги, бирлиги ва фаровонлигини янада зиёда этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1490 times

Янгиликлар

Top