Дунё янгиликлари

Исломни қабул қилган илк япон

Япониянинг ислом дунёси билан алоқалари фожеа билан бошланиб, унинг ортидан Усмонийлар империяси билан Япония ўртасидаги алоқаларнинг ривожланишига ва биринчи япон томонидан исломнинг қабул қилинишига олиб келди.

1887 йилда Япония қироллик оиласидан шаҳзода Коматсу Акихито Истанбулга расмий ташриф билан келди ва 2 йил ўтиб султон Абдулҳамид Японияга таклифнома билан Эртуғрул кемасини юборди. 1890 йилнинг июнида фрегат Японияга етиб келди ва қўмондон Усмон Пошшо султондан япон императорига хатни етказди. Делегация 3 ой давомида Японияда қолиб, ортга қайтиши керак эди, бироқ Йокогамани тарк этганидан бир кун ўтиб, бўрон туфайли фрегат ҳалокатга учради.

Бу фожеа японларни шу қадар ларзага солдики, улар 69 нафар омон қолганлар учун илк бор хайрия йиғиш ташаббуси билан чиқишди, унинг доирасида Япониянинг марказий газеталаридан бири Jiji Shinpo 4,2 млн.иендан кўпроқ маблағ тўплади. Омон қолганлар икки япон ҳарбий кемасида Истанбулга жўнатилган ва газета мухбири Шотаро Нода улар билан бирга бўлган. Ёш журналист Нода Истанбулга келди ва тўпланган пулларни Усмонийлар империясининг вакилига шахсан топширди.

Султон Абдулҳамид японларни Туркияда қолиш ва ҳарбийларини ўқитишга таклиф қилди ва давлатлар Ноданинг Усмонийлар империясида қолишига рози бўлди. Унга ҳарбий академия курсантларини ўқитиш учун имтиёз ва ваколатлар берилди ва Шотаронинг ўзи турк тили ва Ислом маданияти асосларини ўрганишга киришди, дея хабар бермоқда IslamNews Daily Sabah нашрига таяниб.

1891 йил 21 майида Нода исломни қабул қилиб, Абдулхалим номини олди. Самурай оиласида туғилган япониялик эркак ҳатто суннат амалиётини ўтказди. Шундай қилиб, Нода биринчи япон мусулмон сифатида тарихга кирди ва унинг портретлари Усмонлилар салтанати матбуотида босилди.

1892 йилда ватанини соғинган Нода Toкиога қайтди. Усмонийлар империясидан қайтгандан кейин султон Абдулҳамид билан ёзишмаларни давом эттирди. Японияга қайтгач, журналист 1904 йилнин 27 апрелида вафот этди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1382 times

Янгиликлар

Top