Дунё янгиликлари

Аҳолидан ҳол сўралди

2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши муносабати билан барча соҳаларда бўлгани каби Самарқанд вилояти имом хатиблари ҳам аҳолидан ҳол сўраш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида муҳим ва самарали ишларни амалга оширмоқдалар. Имом домлаларимиз маҳалла раислари, маслаҳатчилар, маҳалла нозирлари билан ҳамкорликда маҳаллаларда хонадонларга кириб, аҳоли билан бевосита суҳбат ўтказмоқдалар.

17-18 апрель кунлари Республикадан ташриф буюрган ишчи гуруҳи ҳамда вилоят имом хатиблари жойларда истиқомат қилаётган кам таъминланганлар, ижтимоий кўмакка муҳтожлар, ёлғиз кексалар, беморлар, боқувчисини йўқотган оилаларга кириб, уларнинг яшаш тарзи билан яқиндан танишмоқдалар. Мавжуд муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида мутасадди ташкилотлар  ҳамкорлигида тизимли ишларни амалга оширмоқдалар. Жумладан:

Республика ишчи гуруҳи билан биргаликда Ургут тумани имом хатиблари 31та гуруҳга бўлинган ҳолда 700дан ошиқ хонадонга, Самарқанд шаҳри имом хатиблари 7та ишчи гуруҳга бўлинган ҳолда 170дан ортиқ хонадонга, Каттақўрғон шаҳри имом хатибларидан иборат 3 та ишчи гуруҳ томонидан 100га яқин хонадонга ташриф буюрилиб, хонадон аҳллари  билан суҳбатлар ўтказдилар. Уларнинг дардига шерик бўлиб, муаммоларини ҳал қилиш чоралари кўрилди ва албатта бу ишлар маҳаллий ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилди. Мулоқотлар давомида ижтимоий кўмакка муҳтожлар билан суҳбат ўтказишга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, уларга давлатимиз тарафидан берилаётган имтиёзлардан фойдаланиш бўйича таклифлар берилиб, имкониятлар яратишга ҳаракат қилинди.

Бундан ташқари, вилоят вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Н.Темирова “Аёллар маслаҳат марказлари” фаолиятини ўрганиш ва мавжуд шарт-шароитларини яхшилаш бўйича тузулган ишчи гуруҳи таркибида шу кунгача 150га яқин ижтимоий оғир аҳволдаги аёллар ва уларнинг оила аъзолари билан суҳбат ўтказди. Ушбу аёлларни жамият орасига олиб кириш, доимий иш билан таъминлаш борасида маҳаллий ҳамкор ташкилотлар билан мувофиқлашган ҳолда ишлар йўлга қўйилган.

Шунингдек, вилоят имом хатиблари махсус ишчи гуруҳлар таркибида жойларда аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларга амалий ёрдамлар кўрсатиш учун фуқароларнинг хонадонларига бориб суҳбат ўтказиб келмоқдалар.

Суҳбатлар асносида асосий эътибор мазкур фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этишга қаратилмоқда. 

ЎМИ Самарқанд вилояти вакили З.Эшонқулов

Read 4360 times

Янгиликлар

Top