Дунё янгиликлари

“Қуръони карим ва суннати набавия” бўйича мусобақа бўлиб ўтмоқда

Шу йилнинг 20-30 апрель кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа (аш-Шориқа) шаҳридаги “Қосимия” университети томонидан “Қуръони карим ва суннати набавия” муассасаси билан ҳамкорликда Қуръони карим ва суннати набавия мусобақаси ўтказилади.

Мусобақада Форс кўрфазида Ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар, Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги “Ал-Жавф” университети, Ўмон султонлигидаги  “Султон Қобус” университети ва Кувайт шаҳридаги “Ал-Кувайт” университети ҳамда БААдаги 24 та университет талабаларидан иборат 300 дан ортиқ қори йигит ва қория қизлар иштирок этмоқда.

Мусобақа қуйидаги 5 йўналишда ўтказилади:

  1. Қуръони каримнинг 30 порасини тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиш.
  2. Қуръони каримнинг 20 порасини тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиш.
  3. Қуръони каримнинг 10 порасини тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиш.
  4. Қуръони каримнинг 5 порасини тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиш.
  5. Суннати набавия йўналишида ҳадиси шарифларни ёддан айтиб бериш.

Ғолиблар пул мукофотлари билан тақдирланади. “Қосимия” университети ректори Доктор Рашшод Солим мусобақанинг дастлабки давраси университет талабалари иштирокида, сўнгра БААдаги университет талабалари, сўнгги давралари эса БАА билан Форс кўрфазидаги Ҳамкорлик кенгаши давлатларидаги олийгоҳ талабалари ўртасида бўлиб ўтишини таъкидлаб, мусобақани ўтказишдан талаба ёшларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни ёдлашда мусобақалашишга қизиқтириш ҳамда  “Қосимия” университети билан бошқа араб давлатларидаги университетлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муносабатларини орттириш мақсад қилинганини маълум қилди.

Халқаро алоқалар бўлими ходими

Илёсхон АҲМЕДОВ

тайёрлади

Read 5776 times

Янгиликлар

Top