Дунё янгиликлари

Тhe Washington Times: Ўзбекистондаги диний бағрикенглик дунё мамлакатлари учун намунадир

Америкадаги Тhe Washington Times газетасида «Ўзбекистон диний бағрикенглик қарор топган юрт» деб номланган мақола чоп этилди. Унда муаллиф Л.Тод Вуд юртдошларимизнинг бағрикенглиги ҳақида сўз юритади.



Муаллиф Ғарб оммавий ахборот воситалари дунёнинг турли нуқталаридаги диний адоват, айниқса, Мағрибдан Афғонистонгача бўлган ҳудудларда ҳукм сураётган беқарорлик ҳақида мақола ва материалларга тўлиб тошганини ёзади. Аммо, унинг фикрича, шундай жойлар ҳам борки, у ер аҳолиси асосан мусулмон бўлса-да, ўз бағрикенглиги ва замонавийлиги билан ажралиб туради, улар асрлар давомида христианлар, яҳудийлар билан бирга тинч-тотув яшаб келишмоқда.

Масалан, Марказий Осиёдаги Ўзбекистон кўҳна ва шонли тарихга эга. Бу мамлакатдаги кўркам масжидлар, мақбара ва мадрасалар сайёҳларнинг эътиборига тушиши аниқ. Аммо мамлакатнинг дунёвий давлат сифатида диний бағрикенглик ва гендер тенглигини таъминлагани диққатга сазовор. Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистон ҳали кўпчиликка таниш эмас.

Марказий Осиёнинг ушбу давлати Буюк Ипак йўлидаги савдо марказидан бетакрор сайёҳлик масканига айланган. Унинг бой тарихий мероси некбин ғарбликлар ташриф буюриши учун айни муддао ҳисобланади. «Исломнинг асил моҳиятини, уни араблар ёки радикаллар билан боғламасдан, чуқур тушуниш учун, албатта, сайёҳ сифатида ушбу заминга  бориш керак», — дейди муаллиф. Айнан Ўзбекистон Евроосиёнинг бой цивилизацияси, маданияти ва меъморчилиги бебаҳолигини англаб етишга ёрдам берадиган макондир.

Муаллиф қадимий Самарқанд шаҳридаги ҳазрати Дониёр мақбараси Ўзбекистонда қарор топган диний бағрикенгликнинг энг ёрқин намунаси эканлигини алоҳида эътироф этади. «Шундай бир неча юз чақирим нарида — Афғонистонда бўлаётган уруш бир неча ўн йиллардан бери одамларнинг тинкасини қуритаётган бўлса, Ўзбекистонда христианлар, яҳудийлар ва мусулмонлар ушбу муқаддас қадамжода биргаликда дуо ўқишади, зиёрат қилишади», — дея ҳайратланади муаллиф.

Маълумки, сайёҳлар диний экстремизм, радикализмдан, қолаверса, аёлларга нисбатан шафқатсиз муносабатдан хавфсирашади. Шу сабабли ҳам муаллиф Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда радикализмга барҳам берганига алоҳида урғу беради. «Аёлларга юксак даражада ҳурмат эътибор кўрсатилади. Бундай эътиборни минтақанинг бошқа ҳудудларида кўриш жуда мушкул. Ўзбекистон аёл сайёҳлар учун ҳам хавфсиз. Умуман, ушбу мамлакат ғарблик сайёҳлар учун дунёдаги хавфсиз макон эканлиги билан ном қозонган. Яқин Шарқда христианлар ва бошқа дин вакиллари бошидан кечираётган азоб-уқубатларни оладиган бўлсак, бу жуда ҳам қувонарли ҳолатдир», — деб ёзади муаллиф.

Мақолада юртимизнинг ранг-баранглиги, қулай инфратузилмаси ҳам эътироф этилган. У, айниқса, Тошкент метрополитенини алоҳида санъат ва меъморчилик асари сифатида кўрсатиб ўтган. «Чунки бу нафақат қулай транспорт воситаси, айни пайтда санъат ва меъморчилик намунаси ҳамдир. Бундан ташқари, авиақатновлар яхши йўлга қўйилган, Испанияда ишлаб чиқарилган тезюарар замонавий поездлар эса сайёҳлар жонига оро киради», — дея давом этади муаллиф.

Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданий ва меъморий меросидан ташқари яна бир муҳим омил ҳам борки, муаллиф фикрича, у учун жонни фидо қилса арзийди. Ўзбек миллий таомлари, айниқса, палов ҳар бир сайёҳнинг хотираси узоқ вақт сақланиб қолади. Айни чоғда янги тўғралган пиёз билан истеъмол қилинадиган шашликдан ҳар бир сайёҳ, албатта, татиб кўриш керак.

Сўнгги йилларда диний радикализм дунё жамоатчилигини ташвишга солаётган бўлса-да, ғарб мамлакатлари Ислом динининг ўтмишда дунё ҳамжамияти равнақига, айниқса, инновациялар ҳамда фан-таълим ривожланишига қўшган ҳиссасини яхши тушуниши жуда муҳимдир. «Сиз Ўзбекистонга ташриф буюрсангиз, Ибн Сино, Ал-Хоразмий сингари буюк алломалар ҳаётидан, фаолиятидан хабардор бўласиз», — дейди у.

Мақолада Ўзбекистонда туризм соҳаси изчил ислоҳ қилинаётгани, туристларга қўшимча қулайликлар яратилаётгани, виза олишда енгилликлар берилаётганини қайд этилган. Буларнинг барчаси мамлакатда сайёҳлар сони 20 фоизга ошишига имкон яратиб берганлигини ёзади.

Муаллиф бугун Хитой Пекиндан Европага қадар Ипак йўлини қайта тиклашга уринаётган бир пайтда, бошқалардан аввалроқ бу ноёб заминни ўзингиз учун кашф қилсангиз, нур устига нур бўлади, дея хулоса қилади.


Манба: www.daryo.uz  – https://daryo.uz/k/2017/05/24/washington-times-ozbekistondagi-diniy-bagrikenglik-dunyo-mamlakatlari-uchun-namunadir/

Read 4355 times

Янгиликлар

Top