Дунё янгиликлари

«Kurier» нашри: "Беғубор табиат ва меҳмондўст одамлар билан Буюк Ипак йўли романтикасидан баҳра олинг"

Австриянинг «Kurier» нашри "Ўзбекистон саёҳат қилиш учун қўриқланадиган табиатга эга энг яқин экзотик йўналишдир" мақоласини чоп этди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.

Ўтган йилнинг май ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган Австрия нашри туризм ва ҳаёт санъати департаменти директори Аксель Халбхубернинг мақоласида мамлакатимизнинг бутунлай янги сайёҳлик қиёфаси, мамлакат тарихий меросининг қадр-қиммати, Буюк Ипак йўлини ривожлантириш учун республика шаҳарларининг кўп асрлик аҳамияти, шунингдек, Осиё қитъасида маданият, савдо, билим ва халқаро муносабатлар ҳақида сўз боради.

Нашр ўқувчилар эътиборини республика туризм индустриясининг кўп қирралилигига қаратади. "Агар сиз барча асосий сайёҳлик маршрутларини зиёрат қилиб бўлганман деб ҳисобласангиз, унда сиз Ўзбекистонга боришингиз керак: беғубор табиат ва жуда меҳмондўст одамлар билан Буюк Ипак йўлининг романтикаси", - дейди Аксель Халбхубер.

Ўзбекистоннинг барча асосий сайёҳлик масканларига ташриф буюрган мақола муаллифи Қорақалпоғистоннинг туристик салоҳиятига алоҳида урғу беради. "Бу алоҳида ҳикоя - Қорақалпоғистоннинг ғурури баланд кишилари ҳақидаги ҳикоя. Мана, дунёдаги энг ақл бовар қилмас қабристонлардан бири - Мўйноқдаги кемалар қабристони. Ушбу ҳодисани кўришда кўплаб саёҳатчилар ўз тасаввурлари чегараларига эришадилар. Қорақалпоғистонда сиз ниҳоятда самимий инсонлар ва рус авангард санъатининг энг йирик коллекцияси - Нукус шаҳридаги Савицкий санъат музейини кашф этасиз", - таъкидлайди муаллиф.

Нашр республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва урбанизация натижаларини очиб берар экан, "Тошкент нафақат жойлашуви, балки ёш аҳоли ва турмуш даражасининг жадал ўсиши туфайли Марказий Осиёнинг иқтисодий марказига айланиш арафасида турибди. Шаҳар шу қадар суръатда янгиланмоқдаки, тез орада совет даврида қурилган бинолар антиквариатга айланиб қолади".

Шунингдек, муаллиф ўқувчиларга "Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги Ўзбекистон 2016 йилдан буён бутун дунёга очилиш йўлидан бораётганлиги"дан хабар беради. Ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш алоҳида таъкидланади. Ислом цивилизацияси дурдоналарига тенглаштирилган шаҳар ва диққатга сазовор жойлар санаб ўтилган.

Хива шаҳрининг асл ҳолида сақланиб қолган ноёб мақбаралари, миноралари ва мадрасалари ҳам халқаро, ҳам маҳаллий сайёҳларни ўзига жалб этиш марказига айланмоқда, дейилади мақолада.

Нашрнинг барча ўқувчиларини Ўзбекистонга туристик саёҳат қилишга чорлаган Аксель Халбхубер хорижий сайёҳлар орасида катта шуҳрат қозонаётган республиканинг чанғи курортларини ҳам қайд этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1825 times

Янгиликлар

Top